Хорижий давлатларнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги элчилари гуруҳи Франция пойтахтидаги машҳур Лувр музейида давом этаётган «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» номли кўргазмага ташриф буюришди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Улар дунёнинг барча минтақасида жойлашган 30 дан ортиқ давлат, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Молдова, Россия, Беларусь, Германия, Буюк Британия, Португалия, Руминия, Венгрия, Афғонистон, Туркия, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Оман, Ҳиндистон, Камбоджа, Филиппин, Аргентина, Уругвай, Гватемала, Коста-Рика, Сент-Люсия, Сен Винсент ва Гренадин, Сенегал, Камерун ва Жибути доимий вакиллари эди.
Кўргазма билан танишув чоғида мамлакатимизда охирги йиллар давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий-гуманитар соҳаларда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёни ва уларнинг натижалари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди. Бой моддий ва номоддий маданий меросимизни асраш, кўпайтириш ва илгари суриш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Итальян археологи, кўргазма куратори Рокко Ранте томонидан намойиш қилинган тарихий-археологик экспонат ва артефактларни элчилар катта қизиқиш ва диққат билан томоша қилдилар. ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакиллар Ўзбекистоннинг ушбу кўргазма орқали чуқур, бой ва турфа хил меросини кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-харакатларини юқори баҳолашди.
Уларнинг айтишича, ушбу мафтункор кўргазма Ўзбекистоннинг минг йиллар давомида йирик маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлганлигидан яққол дарак беради. Кўргазма Ўзбекистон тарихига илмий-амалий жиҳатдан кенгроқ назар солиш учун ноёб имконият яратгани қайд этилди.
Хорижий давлатларнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги элчилари гуруҳининг ушбу кўргазма билан танишуви Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилди.