Ўзбек тилининг жозибаси ЮНЕСКО бош қароргоҳида тақдим этилди

20 Fev 2023

 Мамлакатимизнинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси Халқаро она тили куни муносабати билан жорий йил 20-21 февраль кунлари ЮНЕСКО бош қароргоҳида ташкил этилган қатор тадбирларда, яъни халқлар маданияти, тиллари ва миллий ошхоналари кўргазмаларида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё АА мухбири.

 

Ушбу тадбирларда барча минтақаларни намоён этган 24 давлат – Бангладеш, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея Республикаси, Малайзия, Индонезия, Шри Ланка, Фаластин, Саудия Арабистони, Россия, Украина, Молдова, Сербия, Словакия, Шотландия, Исландия, Бразилия, Куба, Парагвай, Никарагуа, Гватемала ва Танзания қатнашди.

Маданиятлар кўргазмасида дунё давлатлари ўзларининг она тилларини намоён қиладиган мумтоз қўшиқлар, миллий чолғу асбобларида ижро этилган мусиқалар ва анъанавий рақслари ҳамда саҳна кўринишлари билан иштирок этди.

Ўзбекистон унинг доирасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган тақдимот ўтказди. Жумладан, буюк бобокалонларимиз ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилгани баробарида “Навоий ва Гули” номли саҳна кўриниши намойиш этилди, Бобурнинг сара ғазалларидан намуналар ўқилди.

Тиллар кўргазмасида Ўзбекистон томони ўзбек тилида чоп этилган китобларнинг, жумладан, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” китоби тақдимотини ўтказди. Иштирокчиларга давлатларнинг миллий гастрономик салоҳиятлари ҳам тақдим этилди.

Иштирокчи давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг Халқаро она тили кунига бағишлаб ўтказилган тадбирлардаги иштироки юқори баҳоланди.

Related