2023 йил 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала муҳокама қилинди.
Мажлисда хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Жамоатчилик таклифлари, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба
Муҳокамаларда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 715 та таклифлар келиб тушганлиги ва улар асосида лойиҳа такомиллаштириб, маромига етказилганлиги, хусусан, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги таъкидланди.
Депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлатлар конституциялари пухта таҳлил этилганлиги, халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этган ҳужжат сифатида юқори баҳоланганлигини қайд этдилар.
Шунингдек, мажлисда Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошгани, яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгилангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайгани ҳамда шулардан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирдаги Конституция сифатида қабул қилиш учун барча асослар етарли эканлиги таъкидланди.
Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги, бир сўз билан айтганда, лойиҳа том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокамада сўзга чиқувчилар томонидан Конституцияга киритилаётган асосий ўзгартиришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди. Хусусан, ҳар бир сиёсий партия фракцияси етакчиси ўз партиявий дастур ва мақсадларидан келиб чиқиб, Асосий қонунимиз лойиҳасида тегишли таклифлари акс этганини алоҳида таъкидлашди.
Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий
давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда
Мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу принципиал қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда.
Ушбу конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамланмоқда.
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.
Масалан, 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан моддий ёрдам олишини кафолатлайди. Бу жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади, уларга ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.
Депутатлар ўтган йили 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратилгани, бу йил 90 минг, яқин 2-3 йилда эса, 200 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилганлиги, шу боис, ҳар бир фуқаронинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ва уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилишининг Конституциямизда мустаҳкамланаётганлиги ушбу марраларга эришиш учун мустаҳкам замин ҳозирлашини қайд этдилар.
Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.
Депутатлар томонидан давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, мажбуриятини олаётганлиги ҳам ижтимоий давлат тамойилининг яққол ифодаси эканлиги таъкидланди.
Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.
Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.
Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.
Узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. Болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнатининг тақиқланиши Асосий қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилаётганлиги ушбу салбий иллатнинг тарихда қолиши учун кафолат бўлади.
“Инсон қадри учун” тамойили асосида
Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Хусусан, конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, Интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилмоқда.
Қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиш, шаҳарсозлик, бюджет соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради.
“Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шарт. Шу боис, Конституция лойиҳасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Ўқитувчилар мақоми юксалтирилмоқда
Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун имконият яратади.
Охирги олти йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 210 тага, уларга қабул эса, 5 бараварга ортиб, талабалар сони 1 миллионга, олий таълим қамрови – 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Давлат грантлари сони ҳам 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди, шундан, магистратура учун – 5 баравар кўпайди.
Алоҳида эҳтиёжларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг ташкил этилиши, уларни ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқишини йўлга қўйилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Конституцияда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Депутатлар томонидан сўнгги олти йилда болаларнинг боғча билан қамрови 27 фоиздан 70 фоизга ошгани ҳамда Конституцияга киритилаётган янги нормалар бу борада янги марраларга эришиш имконини бериши таъкидланди.
Депутатлар ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш тўғрисидаги норма миллат ва халқ ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини оширишда асосий ўрин тутувчи ўқитувчиларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.
Ёшлар сиёсати устуворлик касб этади
Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига яққол ишорадир.
Депутатлар аҳолимизнинг 18 миллиондан ортиғи ёшлар эканлиги, ушбу кўрсаткич 2040 йилга бориб, 25 миллионга етишини ҳисобга олиб, Конституцияга ёшлар масаласига алоҳида боб киритилаётгани муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидладилар.
Муҳокамалар давомида ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшлар ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини таъминлаши таъкидланди.
Рақобатбардош миллий иқтисодиёт
Янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда.
Тадбиркорликка кенг йўл очилгани ҳисобига, сўнгги олти йилда уларнинг сони 6 баравар ошиб, бугунги кунда 2 миллионга етди. Тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлар 26 мингтага, 100 миллион долларга етказганлар эса, 220 тага етди.
Лойиҳада мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда. Бу иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратиши қайд этилди.
Давлат атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш чораларини кўради
Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда.
Депутатлар томонидан сўнгги уч йилда қурилишлардан норози бўлиб, аҳолидан 15 мингта мурожаат келиб тушган, судлар томонидан биргина Тошкент шаҳрида 200 дан ортиқ қурилишлар тўхтатиб қўйилганлиги, автомобиллар сони 1,3 миллионга кўпайиб, 3,6 миллионга етганлиги, ҳар йили атмосфера ҳавосига 2,2 миллион тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётганлиги ҳам ушбу масала тобора долзарб аҳамият касб этаётганлигидан далолат бериши таъкидланди.
Шу муносабат билан, давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шу билан бирга Ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги масъулияти белгиланмоқда.
Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги ҳақидаги конституциявий қоида ҳозирги шароитда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқимиз билан бамаслаҳат ечиш имконини беради.
Депутатлар Конституцияга киритилаётган ушбу нормалар табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши йўлида
Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда.
Депутатлар халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги қоида Бош қомусимизда муҳрланаётганлиги юртимизда сўз ва ахборот эркинлигини янада юксалишини эътироф этдилар.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви
Янгиланаётган Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган.
Давлат ҳокимияти тизими ягона ва яхлит бўлиб, ҳокимиятнинг бир бўғинини модернизация қилиш унинг бошқа тармоқларда ҳам ислоҳотларни тақозо қилади. Шунга кўра, тармоқлар ўртасида бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.
Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпаймоқда.
Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатаси ваколатига ўтказилмоқда. Бу ўзгариш қуйи палатанинг вакиллик табиатига ва илғор хорижий тажрибага тўла мос келади.
Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда қайд этилганидек, марказда ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятида қатъий тартиб-интизом, масъулият, натижадорликни кучайтириш мақсадида шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, Бош вазир номзодини Президент Қонунчилик палатасига киритиб, халқ вакиллари маъқуллагандан сўнг лавозимга тайинлаш тартиби жорий этилмоқда. Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш назарда тутилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш фақат Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп овоз олган партия ёки партиялар иродасига боғланган эди. Янги таклиф этилаётган тартиб орқали эса барча сиёсий партиялар фракцияларининг нафақат Бош вазир номзодини кўриб чиқишда, балки бутун Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки таъминланади. Яъни, амалдаги тартиб янада демократик мазмун касб этади.
Фаолияти қониқарсиз деб топилган вазирни лавозимидан озод этиш бўйича Қонунчилик палатасининг Президентга таклиф киритиш ҳуқуқининг белгиланаётганлиги Ҳукумат аъзоларининг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Сенат олдига қўйилаётган янги вазифалардан келиб чиқиб, уни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш мақсадида унинг маҳаллий Кенгашларга кўмаклашиш бўйича ваколати ҳам Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Ушбу конституциявий нормалар Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва маъмурий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига ҳамоҳанг бўлиб, парламент палаталари ваколатларини аниқ чегаралаб беради, улар фаолиятидаги ўзаро такрорланишларни бартараф этади, параллел функцияларни мақбуллаштиради, Олий Мажлисни ягона яхлит орган сифатида самарали фаолият олиб боришини таъминлайди.
Шу билан бирга жойлардан тенг вакилликни сақлаб қолган ҳолда, сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга тушириш, бунда ҳар бир ҳудуддан 4 тадан сенатор сайланиши, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилаётганлиги ҳақида айтиб ўтилди. Бу Олий Мажлис Сенати фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар моҳиятига монанд тарзда модернизациялаш имконини беради.
Парламентнинг қуйи палатаси томонидан киритилган қонунлар Сенатда 60 кун ичида кўриб чиқилиши, муддат ўтиб кетса, ушбу қонун маъқулланган деб ҳисобланиши ва имзолаш учун Президентга юбориш амалиёти жорий қилинаётганлиги ҳам таъкидланди.
Парламентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан назорат функциялари кучайтирилмоқда
Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Олий Мажлиснинг жамият ҳаётидаги ўрни, роли ва таъсирини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ваколатлари парламентга ўтказилмоқда.
Хусусан, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиш, шунингдек монополияга ва коррупцияга қарши курашиш органлари раҳбарларини Сенат томонидан сайлаш амалиёти жорий этилмоқда.
Махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилмоқда.
Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтидан воз кечилади
Маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга ошириш, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш давлат бошқаруви тизими янгиланишининг мантиқий давоми бўлиши қайд этилди.
Йиғилишда сўзга чиқувчилар томонидан маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципи амалга оширилиб, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич, яъни вилоят Кенгашлари учун 2024 йилдан, туман Кенгашлари учун эса, 2026 йилдан эътиборан тугатилаётганлиги мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар, давлат бошқаруви тизими янгиланишининг мантиқий давоми бўлиши таъкидланди.
Маҳаллий давлат бошқаруви соҳасида киритилаётган мазкур ўзгаришлар бутун давлат ҳокимияти тизимини демократлаштиришга, ҳокимиятлар бўлиниши принципини изчиллик билан амалга оширишга ҳамда чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратишга хизмат қилади.
Масалалар ечими маҳалла даражасига туширилади
Конституцияда маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатлари бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланмоқда.
Буларнинг барчаси, давлат ҳокимиятида ҳисобдорлик, шаффофлик, самарали қарор қабул қилиш ва унинг натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўймча янги нормалар
Муҳокамаларда айтиб ўтилганидек, судлар фаолияти мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича киритилаётган ўзгаришлар одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш учун муҳим кафолат бўлади.
Депутатлар судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши ва у одил судловни тўлиқ, мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги тўғрисидаги конституциявий норма чинакам адолатли ва мустақил суд тизимини шакллантиришини, судларнинг холислигини таъминлашини қайд этдилар.
Фуқароларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун янги механизм ҳисобланади.
Муҳокамаларга бой бўлган мажлис ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Парламент ахборот маркази.