Ўзликни қадрлаш бирликни мустаҳкамлашдан бошланади

15 Mar 2023

Ўзбекистонда янги давр бошланганига ҳам олти йилдан ошди. Бу тарих нуқтаи назаридан жуда қисқа, инсон умри жиҳатидан эса сезиларли муддат ҳисобланади.Yangi O'zbekiston» majmuasi va Mustaqillik monumentining ...

Шу боис, Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайланган илк кунларданоқ қанчалик қийин бўлмасин, ўз олдига фуқароларимизнинг эркин ва фаровон яшаши учун зарур шароитларни яратишни асосий мақсад қилиб қўйди. Бу йўлда ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган туб ислоҳотларни бошлади.

Балки айримларга юртимизда шиддат билан кечаётган бундай ўта масъулиятли ислоҳотлар табиий жараёндек туюлар, лекин….

Келинг, яхшиси бу борадаги фикрларга сўнгги йилларда юртимизда кечган энг муҳим ўзгаришлар ­мисолида тўхталиб ўтсак.

Сўз эркинлиги бахти

Назаримда, сўнгги олти йил ичида мамлакатимизда эришилган энг катта ютуқлардан бири — жамиятимизда англаб бўлмас руҳий босим, қўрқув ҳисси йўқолгани бўлди. Танқид қилишдан, муаммоларни гапиришдан, бойиб кетганини билиб қолишларидан, камбағалликни тан олишдан қўрқиш. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бугун-чи? Бугун ўзимиз хоҳлаган мавзуда бемалол, ҳеч қўрқмасдан гапирмоқдамиз.

Баъзи ҳолларда тушуниб-тушунмай, билиб-билмай гапириб, чегарадан чиқиб кетаёганимиз ҳам бор ҳақиқат. Эркинлик деб оқибатини ўйламай, ёшларимизни турли зарарли ғоялар таъсирига тушириб қўяётганимиз сир эмас.

Лекин қанчалик қийин бўлмасин, давлатимиз раҳбари демократик тамойилларга содиқ қолишни афзал билмоқда. Биз эса масалага бундай ёндашувнинг қадрига ҳар доим ҳам етмаётгандекмиз.

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги қоғозда эмас, балки амалда таъминлангани оламшумул воқеа бўлди.

Оламшумуллиги шундаки, бизда сўз эркинлиги, фикр эркинлиги таъминланишига хорижликлар тугул ўзимиз ҳам ишонмасдик. Ўзбеклар демократияга тайёр эмас, уларни фақат қаттиққўллик билан бошқариш керак, деган гапларни кўп эшитардик. Кези келса, буни ўзимиз ҳам маъқуллардик.

Аммо халққа имконият берилмаса, жамиятда чин маънодаги демократик ўзгаришлар бошланмаса, ҳурфикрлилик қаерда қолади?

Биламиз, ҳар ким ҳам бундай ишни бошлашга журъат этолмасди. Сабаби, жамият бунга тайёр эмаслиги оқибатида кўплаб муаммолар келиб чиқиши, бундан эса турли кучлар ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин эди.

Шунга қарамай, жамиятда сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш ва бу орқали миллий руҳиятимизни қарамлик онги сарқитларидан халос этиш иштиёқи Шавкат Мирзиёевни бир зум ҳам тарк этмади.

Инсон ўз фикрини эркин билдиришидан ҳам юксакроқ бахт борми ­дунёда?! У ўз ҳақиқати, ўзини ўйлантираётган масалалар тўғрисида фикрини очиқ билдира олмас экан, том маънода эркинман, дея олмайди. Бундай ҳолат инсон онгу шуурини емиради, уни руҳий қарамлик ботқоғига етаклайди. Шунинг учун сўз ва фикр эркинлиги масаласига азалдан тараққиётнинг муҳим шарти сифатида қаралган.

Танқид керак, лекин…

Жамиятда фуқаролар холис фикр ва қарашларини қўрқмай ифода этиш имконига эга бўлсагина, муаммолар вақтида ҳал этилади, давлат ривожланади. Бу исботланган ҳақиқат. Асрлар давомида аждодларимиз орзу қилиб яшаган фозил одамлар шаҳри ва бутун дунё интилаётган фуқаролик жамиятини барпо этишдан асосий мақсад ҳам шу бўлса керак, аслида.

Лекин сўз эркинлиги деб фақат танқидга ўрганиб қолмаяпмизми? Баъзи ҳолларда эса асоссиз танқидларга берилиб, вазиятни чигаллаштирмаяпмизми? Тўғри, ривожланиш бор жойда муаммо ҳам, камчилик ҳам топилади, танқид ҳам бўлади. Гап фақат шу ­муаммо ва камчиликларни ўз вақтида анг­лаб, тўғри ечим топишда.

Афсуски, айрим танқидлар муаммо ечимига эмас, балки жамиятда беқарорлик, одамлар ўртасида норозилик кайфиятини келтириб чиқаришга қаратилаётгани кишини ўйлантиради.

Эркин ва танқидий фикр билдириш тақиқланмаган, аммо танқид муайян муаммо ечимига қаратилса, рационал таклифга таянса, уни давлат ва жамият, халқимиз жон деб қабул қилиши, тан олиши шубҳасиз.

Танқидий фикр ва ғоя юрт равнақига хизмат қилса-ку, майли. Лекин асоссиз, амалий ечимларсиз танқид ислоҳотларга ишончни сусайтиради, одамларда шубҳа уйғотади. Бу, ўз навбатида, жамиятда меҳр-оқибат ришталарини узади. Улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши мақсадлар йўлида бирлашиш ҳиссини йўққа чиқаради.

Танқид одатда икки хил бўлади. Биринчиси — жамият манфаатини кўзлаган ва мавжуд муаммони ҳал этиш бўйича амалий ечимларни ўз ичига олган холис ва ҳаққоний танқид, иккинчиси — жамиятни издан чиқаришни, эришилган ютуқларни тан олмасдан фақат ғаразли мақсадларни кўзлаган танқид.

Шу ўринда мени жамиятимизнинг аҳли уламолари, зиёлилари кечирсинлар-у, юртимизга отилаётган тошлар, маънавий бирлигимизни парчалашга қаратилган хуружларга қарамай, уларга қарши асосли жавоб қайтаришга негадир шошилмаяпмиз, бефарқмиз.

Мамлакатимизда амалга оширилган ўнта ишдан биттасида камчилик топилса бас, буни бутун дунё эшитмоқда, билмоқда. Ютуқларимизни эса тузукроқ кўрсатиб беролмаяпмиз. Айниқса, ривожланган давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар юртимиздаги ислоҳотлар самарасини эътироф этиб турган бир пайтда бу ғоят аянчлидир.

Ўтмишдан сабоқ

Англаб бўлмас қўрқув ҳиссидан қутулиб, сўз ва фикр эркинлиги имконига эга бўлганимиз ва унинг аҳамияти ҳақида юқорида тўхталдик. Лекин бундай ўзгаришларга оддий ҳол сифатида қарашга ўрганиб қолдик.

Ўтмишдан хулоса чиқариб яшаш келажакка теран назар билан қарашни, бугунги куннинг қадрига етишни ўргатади. Бу эса инсонларда шукроналик ҳиссини оширади, жамиятда бирликни мустаҳкамлайди.

Бундан бир неча йил олдин ўқитувчи, шифокор, талаба ва ўқувчиларнинг мажбуран пахта теримига олиб чиқилгани эшитмаган қулоққа ёлғондай ­туйилиши мумкин.

Ўз яқинларини, гарчи улар бир неча чақиримлик қўшни давлатда яшаса-да, йиллаб кўролмаган, кези келганда таъзиясига ҳам боролмаган юртдошларимиз ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг.

Қўшни юртда туғилиб, 25-30 йилдан буён Ўзбекистонда яшаб, лекин неваралик бўлганда ҳам мамлакатимиз фуқаролигини ололмай хуноб бўлган аёлларимизнинг сабру қаноати тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади.

Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятини бошлаган илк кунларданоқ тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий киришди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Тадбиркорни энди оёққа турганида текширишиб, “оғзи ошга тегиши билан бошини тошга теккизишган” кунларни кўпчилик яхши билса керак.

Илм аҳлининг кўп йиллар академикман, профессорман, дейишга уялиб юргани, уларга беэътиборлик охир-оқибат жамиятда зиёлилар қадри тушишига, ёшларнинг илмга иштиёқи сўнишига сабаб бўлгани ҳам бор гап.

Не-не машаққатлар билан докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, ишга қайтганидан сўнг оиласини боқишга қурби ҳам етмай қийналган олимларни яхши эслаймиз. Уларнинг кўпчилиги тирикчилик илинжида севган касбидан, илмдан кечиб, бозорга чиқиб кетгани ҳам ҳақиқат.

Бугун бу ҳолат бутунлай ўзгарди. Сўнгги 6 йилда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг маоши ўрта ҳисобда 4 баробар ошди. Профессор бир ставкада ишласа, устамаси билан ўртача 15 миллион сўм олади. Қўшимча 0,5 ставка ишлаб яна 5 миллион сўм олиши мумкин. Бир қатор ОТМларда инглиз тилида дарс ўтаётганлар 100 фоиз устама олмоқда. Бу профессорнинг ойлиги ўртача 30 миллион сўм, дегани.

Бунинг устига, дунёнинг ТОП-500 талигига кирган ОТМларда докторлик диссертациясини (PhD) ҳимоя қилган олимларга устамалар белгиланган: ТОП-100 таликка кирган ОТМда 22,5 миллион сўм, ТОП-100 дан 300 таликкача 18 миллион сўм, ТОП-500 таликкача 15 миллион сўм

Бундай мисолларни бошқа соҳалар бўйича ҳам келтириш мумкин.

Гапириш осон

Олдимизга қўйилган улкан марраларга эришиш учун иқтисодиётга, ижтимоий соҳага кўплаб инвестициялар зарур.

Бу масалани ҳал этишга бутунлай янгича ёндашилди. Аввало, халқаро тажриба ўрганилди. Ички имкониятларга қараб ўтирилмади. Натижада 2022 йилнинг ўзида иқтисодиётимизга 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, экспорт ҳажми эса 19 миллиард долларга етди. Кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, ўтган йили ялпи ички маҳсулот илк бор 80 миллиард доллардан ошди.

Юртимизда камбағаллар борлиги очиқ-ойдин тан олиниб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янгича тизими яратилди. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилага кўмак берилмоқда. Ажратилган маблағ эса 7 баробар кўпайиб, 11 триллион сўмга етди.

Янги Ўзбекистонда инсон қадри масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борада эришилаётган ютуқларни, ислоҳотларимиз самарасини нафақат қўшни давлатлар, балки дунёнинг етакчи мамлакатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам тан олмоқда, эътироф этмоқда.

Шу ўринда юртимизда инсон камолоти йўлида амалга оширилган ишларнинг айримларига тўхталиб ўтсак.

2022 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағ 2017 йилдагидан 3,5 баробар ортиб, 25,7 триллион сўмни ташкил этди. Дори-дармон ва тиббий буюмлар учун ажратилган маб­лағ эса 6,3 баробар ошди. Тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 3,3 баробар оширилиб, мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди.

2017-2021 йилларда инвестиция дас­турлари доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги жами 62 минг 644 ўринли 1370 та тиббиёт муассасасида 7,2 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

2017 йилдa мaктaбгaчa ёшдaги болаларнинг 27,7 фоизи (708 минг) мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлса, 2022 йилга келиб 71,8 фоизга (2,1 миллион) етди.

Бошқа тармоқ ва соҳалардан фарқли равишда, белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлмаган ҳолда, илк бора педагог ходимлар иш ҳақи 2 босқичда (2018 йил 1 сентябрь ва 2019 йил 1 январь) 1,5 баробар оширилди. Бугунга келиб педагоглар устамалар билан минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида иш ҳақи олиши учун имконият яратилди. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди.

Сўнгги беш йил давомида юртимизда 4635 та мактаб реконструкция қилинди ва таъмирланди. Шу даврда юртимизда нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони деярли 5 баробар кўпайди.

6 йил олдин олий ўқув юртлари сони 77 та бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич 200 дан ортди. Уларга қабул эса 3,5 баробар ошиб, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етди.

2021 йилдан имтиёзли таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилиб, бугунги кунгача 151 минг ёшга 1,7 триллион сўм имтиёзли таълим кредити берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизга 727 мил­лиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредитлари ажратилди.

2017-2022 йилларда 145 та янги спорт объекти қурилди, ҳамда 119 объектда реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Бунга жами 1,6 триллион сўм сарфланди.

2017 йилда 305 та болалар мусиқа ва санъат мактабида 72 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олган бўлса, бугунга келиб мактаблар сони 324 тани, ўқувчилар сони 93 мингни ташкил этмоқда.

Ўтган беш йил давомида 11 та янги музей, 2 та театр ташкил этилди, 12 ­театр, 4 музей ва 100 дан ортиқ маданият марказида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

2017-2022 йиллар давомида ёшларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, истеъдодларини рўёбга чиқариш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган 100 дан ортиқ имтиёз берилди. Жумладан, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган алоҳида дастур қабул қилинди. 2018-2020 йилларда 3460 та ёш оилага уй топширилиб, 156 миллиард сўм миқдоридаги бошланғич тўлов 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди. Биргина 2022 йилнинг ўзида “Ёшлар дафтари” тизими орқали 292 мингдан ортиқ йигит-қизга 580 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон 2022 йили Инсон камолоти индексида 0,727 балл билан 101-ўринни (2020 йилда — 106-ўрин) эгаллади. Мазкур йўналишдаги “Таълим индекси”да эса кўрсаткичлар 2020 йилдаги 0,729 дан 2022 йилга келиб 0,745 га ошди ҳамда Ўзбекистон 75-ўринга кўтарилди.

Глобал инновацион индексида 2020 йилда Ўзбекистон 122-ўриндан 93-ўринга, 2022 йилда 82-ўринга кўтарилиб, кескин ижобий ўзгаришларга эришаётган энг яхши 10 давлат қаторидан жой олди. Ушбу индекснинг инсон капитали йўналиши бўйича 2021 йилда Ўзбекистон 72-ўринда (30.4 балл) қайд этилган бўлса, 2022 йилга келиб 65-ўринни (30.8 балл) эгаллади.

Сўнгсўз ўрнида

Жамиятнинг ўзига хос қудрати бор. Унинг асосида эврилиш ҳодисалари ётади. Ҳодисалардан бири — ўзликни қадрлаш. Инсон ва у туғилган замин қачон қадрли бўлган? Қачонки, ўша заминда яшаётган одамлар шук­роналик ҳисси, ўз юртидан фахрланиш туйғуси билан яшаса.

Эркинлик сиёсати қачон тугаган, деган савол берилса, жавобни тарих ҳақиқатларидан излаймиз: бўлиниш ва бефарқлик кайфияти зоҳир бўлган замонларда.

Иккинчиси — давр ҳодисаси. Тафаккур чироғи ҳамиша ёниқ бўлиши керак. Яъни шундай қараш бор: тафаккур — дунёни англаш воситаси. Дунё эса инсон туғилган макон. Бу маконнинг яхши ва ёмони ҳам, аввало, уникидир. Шундай экан, инсон ўз ватанини ўзи ҳимоя қилишга, асраб-авайлашга мажбур.

Бугун шу жараённинг замонавий талқини шаклланди — ахборот хуружидан ҳимоя. Шундай экан, ҳар биримиз юртимиз шаънини ҳимоя қилишда иштирок этишимиз керак.

Ватанини севган инсон адолатли ва холис танқидни афзал билади, жамиятда ишончсизликни эмас, бирликни мус­таҳкамлайди. Бундай танқид гўёки бир чақириқ бўлиб, барчани мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаол қатнашишга, қийинчиликларни бирга енгиб ўтишга, давлатимиз раҳбари атрофида янада жипслашишга даъват этади. Зеро, ­“Ватанни севмоқ иймондандур”.

Эътибор берсангиз, халқимиз ҳар доим дуога қўл очганида Яратгандан аввало тинчликни, хотиржамликни, соғлик ва омонликни сўрайдиБундай мақсадларга эришишнинг муҳим омилини эса бирликда деб билади.

Аждодларимизнинг қадимги ­“Авесто” китобида ҳам эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал тўғрисида бежиз айтилмаган. Халқ бирлигига, яхши ниятлар, эзгу амаллар бирлигига эришган жамият доим гуллаб-яшнаган.

Бирлик бор юртда аҳиллик, ҳаловат ва осойишталик ҳукмрон. Шу боис, юртимизда азал-азалдан “Бирликда гап кўп”, “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”, деган ҳикматли сўзларга таяниб иш кўрилган.

Шундай экан, ушбу мураккаб, глобал таҳдидлар, ўтмишдан мерос кўп­лаб муаммоларни ҳал этиш зарурати кун сайин ортиб бораётган бугунги кунда жипс бўлайликбирлашайлик. Токи, бундай яшаш виждонимиз амрига, фаолиятимиз мезонига айлансин.

 

Муҳаммадилҳом Йўлдошев,

фалсафа фанлари доктори, профессор

 

Related