ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИНИНГ ЛОЙИҲАСИ

15 Mar 2023

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тЎҒрисида

 

1-модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 4-модда; 1994 йил, № 1, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 3–4, 27-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 162-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 100-модда, № 12/1, 343-модда; 2014 йил, № 4, 85-модда; 2017 йил, № 4, 134-модда, № 5, 200-модда, № 8, 383-модда; 2018 йил, № 10, 674-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 3, 162-модда, № 9, 588-модда; 2021 йил, № 2, 139, 140-моддалар) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг қуйидаги янги таҳрири тасдиқлансин:

 

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

 

МУҚАДДИМА

 

Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи,

инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб,

демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатимизни намоён қилиб,

инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда,

давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб,

мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб,

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда,

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб,

фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро
ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда,

ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз.

БИРИНЧИ БЎЛИМ. АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАР

 

I боб. Давлат суверенитети

 

1-модда.

Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади.

 

2-модда.

Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

 

3-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади.

Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир.

 

4-модда.

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

 

5-модда.

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

Давлат рамзлари давлат ҳимоясидадир.

 

6-модда.

Ўзбекистон Республикасининг пойтахти – Тошкент шаҳри.

 

II  боб.  Халқ ҳокимиятчилиги

 

7-модда.

Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир.

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади.

Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

 

8-модда.

Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади.

 

9-модда.

Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига – референдумга қўйилади.

Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.

 

10-модда.

Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин.

Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

 

11-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

 

12-модда.

Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.

Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.

 

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

 

14-модда.

Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади.

 

III  боб.  Конституция ва қонуннинг устунлиги

 

15-модда.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.

Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар.

 

16-модда.

Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принцип ва нормаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.

 

IV  боб.  Ташқи сиёсат

 

17-модда.

Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади.

 

18-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин.

 

ИККИНЧИ БЎЛИМ. ИНСОН ВА ФУҚАРОНИНГ АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ
ВА БУРЧЛАРИ

 

V  боб.  Умумий қоидалар

 

19-модда.

Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

 

20-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.

Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.

Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

 

21-модда.

Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас.

Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

 

VI  боб.  Фуқаролик

 

22-модда.

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир.

Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.

Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади.

 

23-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.

Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади.

 

24-модда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар.

 

VII  боб.  Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар

 

25-модда.

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.

 

26-модда.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

27-модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.

 

28-модда.

Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

 

29-модда.

Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.

 

30-модда.

Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

 

31-модда.

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

 

32-модда.

Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.

Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга.

 

33-модда.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

34-модда.

Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

 

35-модда.

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

 

VIII  боб. Сиёсий ҳуқуқлар

 

36-модда.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

 

37-модда.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар.

Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади.

 

38-модда.

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

 

39-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек давлат ҳокимияти вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

 

40-модда.

Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

 

IX  боб.  Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар

 

41-модда.

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.

 

42-модда.

Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

 

43-модда.

Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.

Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради.

 

44-модда.

Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.

 

45-модда.

Ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга.

Ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланади.

 

46-модда.

Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.

 

47-модда.

Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.

Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.

 

48-модда.

Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади.

 

49-модда.

Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.

 

50-модда.

Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.

Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.

Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади.

Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир.

Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.

 

51-модда.

Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли.

Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.

 

52-модда.

Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият
ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

 

53-модда.

Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади.

 

X  боб.  Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари

 

54-модда.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

 

55-модда.

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.

Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

56-модда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.

Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.

 

57-модда.

Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.

 

58-модда.

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

 

XI  боб.  Фуқароларнинг бурчлари

 

59-модда.

Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар.

 

60-модда.

Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.

 

61-модда.

Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт.

Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади.

 

62-модда.

Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.

 

63-модда.

Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт.

Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак.

 

64-модда.

Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

 

УЧИНЧИ БЎЛИМ.  ЖАМИЯТ ВА ШАХС

 

XII  боб.  Жамиятнинг иқтисодий негизлари

 

65-модда.

Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

 

66-модда.

Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

 

67-модда.

Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

 

68-модда.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

 

XIII  боб.  Фуқаролик жамияти институтлари

 

69-модда.

Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.

Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади.

 

70-модда.

Ўзбекистон Республикасида касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар ташкилотлари, фахрийлар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ҳамда фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади.

Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, уларнинг фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади.

 

71-модда.

Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа тажовуз қилувчи сиёсий партияларнинг, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек миллий ва диний белгиларига кўра сиёсий партияларнинг, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг ташкил этилиши ва фаолияти тақиқланади.

Махфий жамиятлар ва бирлашмалар ташкил этиш тақиқланади.

 

72-модда.

Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

 

73-модда.

Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.

 

74-модда.

Сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиши манбалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар тақдим этадилар.

 

75-модда.

Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди.

Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди.

 

XIV  боб.  Оила, болалар ва ёшлар

 

76-модда.

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.

 

77-модда.

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.

 

78-модда.

Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

 

79-модда.

Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

 

80-модда.

Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

 

XV  боб.  Оммавий ахборот воситалари

 

81-модда.

Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.

 

82-модда.

Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 

ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ.  МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ
ВА ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ

 

XVI  боб.  Ўзбекистон Республикасининг

маъмурий-ҳудудий тузилиши

 

83-модда.

Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.

 

84-модда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ташкил қилиш ва уларни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг розилиги билан амалга оширилади.

 

XVII  боб.  Қорақалпоғистон Республикаси

 

85-модда.

Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради.

Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади.

 

86-модда.

Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга.

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид бўлиши мумкин эмас.

 

87-модда.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам мажбурийдир.

 

88-модда.

Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудуди ва чегаралари унинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас. Қорақалпоғистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини мустақил ҳал қилади.

 

89-модда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга.

 

90-модда.

Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги низолар муросага келтирувчи воситалар ёрдамида ҳал этилади.

 

БЕШИНЧИ БЎЛИМ.  ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИНИНГ
ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ

 

XVIII  боб.  Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

 

91-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати – беш йил.

 

92-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – тўрт кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.

Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

 

93-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

3) халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш;

4) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

6) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш;

7) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;

8) божхона, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;

9) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

10) Ўзбекистон Республикаси давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш;

11) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;

12) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;

13) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;

14) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;

15) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини ва унинг ўринбосарини сайлаш;

17) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

19) Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш;

20) парламент текширувини ўтказиш;

21) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатида кўриб чиқилади.

 

94-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;

4) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш;

6) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича ҳар йилги маърузасини эшитиш;

7) давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш;

8) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

10) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

11) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

12) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.

 

95-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини, Олий судини, Судьялар олий кенгашини, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбарини ва республика монополияга қарши органининг раҳбарини сайлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш ҳамда маъқуллаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;

8) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;

9) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

10) давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш;

11) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш;

12) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорларини, улар қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, бекор қилиш;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

14) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

15) ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

16) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

17) Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, бундан Конституция ва конституциявий қонунлар мустасно;

18) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.

 

96-модда.

Ваколат муддати тугагач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тегишинча янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари тегишинча Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ва Сенат таркиб топганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мажлислари сессиялар даврида ўтказилади. Сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш кунига қадар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлислари, агар улар ишида барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Конституциявий қонунларни қабул қилишда барча депутатлар, сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши раислари, Бош прокурор, Марказий банк бошқарувининг раиси иштирок этишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва унинг органлари мажлисларида Қонунчилик палатаси Спикери иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати алоҳида-алоҳида мажлис ўтказадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

 

97-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарорлари Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, ушбу Конституцияда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 

98-модда.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эга. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгадир.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Қонун лойиҳаларини, қонунчилик таклифларини киритиш ва кўриб чиқиш тартиби қонун билан белгиланади.

 

99-модда.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий манбаларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кундан кечиктирмай юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни олтмиш кун ичида имзолайди ва эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.

Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

 

100-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўз таркибидан Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери:

1) Қонунчилик палатасининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

2) Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

3) Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Қонунчилик палатаси қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

5) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Қонунчилик палатаси гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Қонунчилик палатаси номидан иш кўради;

7) Қонунчилик палатаси қарорларини имзолайди;

8) ушбу Конституция ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери фармойишлар чиқаради.

 

101-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўз таркибидан Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлайди. Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси:

1) Сенат мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

2) Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

3) Сенат қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Сенат қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

5) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига
ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Сенат гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Сенат номидан иш кўради;

7) Сенат қарорларини имзолайди;

8) ушбу Конституция ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси фармойишлар чиқаради.

 

102-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишини олиб бориш, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан қўмиталарни сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига сенаторлар орасидан қўмиталарни сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, зарурат бўлган тақдирда, муайян вазифаларни бажариш учун депутатлар, сенаторлар орасидан комиссиялар тузади.

 

103-модда.

Мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ва воқеаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин.

Парламент текширувини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан тенглик асосида махсус комиссия тузилиб, у ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга оширади.

 

104-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларига ва Сенати аъзоларига уларнинг депутатлик ёки сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар. Улар тегишинча Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.

 

XIX  боб.  Ўзбекистон Республикасининг Президенти

 

105-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

 

106-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикасининг Президентини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади.

 

107-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз вазифасини бажариб турган даврда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши, вакиллик органининг депутати бўлиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахси дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза этилади.

 

108-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

 

109-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

2) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

3) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;

4) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;

5) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналарининг раҳбарларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

6) Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

7) вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузади ҳамда тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

8) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

9) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади;

10) қўмиталар, агентликлар ва бошқа республика давлат органлари раҳбарларини қонунчиликка мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаганидан кейин лавозимга тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади;

12) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан маслаҳатлашувлардан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини лавозимга тайинлайди ва уни лавозимидан озод этади;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркибларига номзодларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбари ва республика монополияга қарши органининг раҳбари лавозимларига номзодларни тақдим этади;

14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларини ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

15) вилоятлар ҳокимларини ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ҳоким шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;

16) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва ҳокимларнинг ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;

17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунни ўз эътирозлари билан такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;

18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;

19) алоҳида ҳолларда (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;

20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, олий ҳарбий унвонлар беради;

21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;

22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;

23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимномалар киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади;

24) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини тузади ва унга бошчилик қилади, ўз ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантиради;

25) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини бажаришни давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.

 

110-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

 

111-модда.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов уч ой мобайнида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида тарқатиб юборилиши мумкин эмас.

 

112-модда.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади.

 

113-модда.

Ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти умрбод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси лавозимини эгаллайди.

 

XX боб. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси

 

114-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва вазирлардан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини ижро этувчи ҳокимият фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган асосий йўналишлари доирасида амалга оширади.

 

115-модда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

1) самарали иқтисодий, ижтимоий, солиқ ва бюджет сиёсати амалга оширилиши, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга доир дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда бажарилиши учун жавобгар бўлади;

2) барқарор иқтисодий ўсишни, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантириш бўйича чоралар кўради;

3) аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди;

4) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

5) ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича чоралар кўради;

6) фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди;

7) фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

8) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;

9) ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади;

10) ижро этувчи ҳокимият органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чоралар кўради;

11) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузаларни тақдим этади;

12) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

 

116-модда.

Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида жавобгардир.

Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.

 

117-модда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири:

1) Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;

2) Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;

3) халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

 

118-модда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдимнома киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади.

Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди унинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда маъқулланган ҳисобланади.

Бош вазир лавозимига тақдим этилган номзод уч марта рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари уларнинг номзодлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркибини ёки аъзосини истеъфога чиқаришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ўз фаолиятига оид масалалар юзасидан ҳисоботини эшитишга ҳақли. Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ҳисоботини эшитиш якунларига кўра Қонунчилик палатаси уни истеъфога чиқариш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари парламент сўровларига ва Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровларига қонунда белгиланган тартибда жавоб бериши шарт.

Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколат доираси қонун билан белгиланади.

 

119-модда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми, агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

 

XXI  боб.  Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

 

120-модда.

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимияти вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати – беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.

Халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайлови ва халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.

Янгидан ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда халқ депутатлари Кенгашларига сайлов халқ депутатлари Кенгашларига навбатдаги умумий сайловларга қадар қолган даврдан ошмайдиган муддатга ўтказилади.

 

121-модда.

Тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимиятга вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.

Ҳокимларнинг ваколатлари муддати – беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳарнинг ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас.

Ҳокимларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.

 

122-модда.

Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) тегишли маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

2) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлаш;

3) ҳокимни лавозимга тасдиқлаш, унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

4) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

 

123-модда.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини, Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш;

2) ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

3) маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;

4) ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

 

124-модда.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Туманга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.

 

125-модда.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўз ваколатларини яккабошчилик асосида амалга оширади ҳамда ўзи раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва ҳаракатлари учун шахсан жавобгар бўлади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоятни, туманни, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади, ушбу ҳисоботлар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади.

 

126-модда.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади.

 

127-модда.

Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни сайлайди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли.

Давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови тартиби, уларнинг фаолиятини ташкил этиш ва ваколатлари қонун билан белгиланади.

 

XXII  боб.  Сайлов тизими

 

128-модда.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади, бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.

 

129-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан комиссия аъзолари орасидан беш йиллик муддатга комиссия мажлисида сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.

 

XXIII  боб.  Cуд ҳокимияти

 

130-модда.

Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

 

131-модда.

Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

 

132-модда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.

 

133-модда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар – Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар – Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

3) референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

5) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

7) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;

8) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.

Конституциявий суднинг қарори расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий суднинг қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Конституциявий судни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

 

134-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

 

135-модда.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

 

136-модда.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди.

Судьялар дахлсиздир.

Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.

Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади. Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

137-модда.

Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.

 

138-модда.

Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир.

 

139-модда.

Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

 

140-модда.

Судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

 

ХХIV боб.  Адвокатура

 

141-модда.

Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.

Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.

Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

 

142-модда.

Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.

Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.

 

XXV  боб. Прокуратура

 

143-модда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

 

144-модда.

Прокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизимига Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори бошчилик қилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг прокурори Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг олий вакиллик органи томонидан тайинланади.

Вилоятларнинг прокурорлари, туман ва шаҳар прокурорлари Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, туман ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати – беш йил.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

145-модда.

Ўзбекистон Республикасининг прокуратура органлари ўз ваколатларини бошқа давлат органларидан, ўзга ташкилотлардан, мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига бўйсунган ҳолда амалга оширади.

Прокурорлар ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмаларига аъзоликни тўхтатиб турадилар.

Прокуратура органларини ташкил этиш, уларнинг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади.

 

146-модда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш бўйича тезкор-қидирув, тергов ва бошқа махсус вазифаларни мустақил равишда бажарувчи хусусий ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг бўлинмаларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши тақиқланади.

Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат ташкилотлари ва фуқаролар ёрдам кўрсатишлари мумкин.

 

ХХVI  боб.  Молия, пул ва банк тизими

 

147-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўзининг ягона молия, пул ва банк тизимига эга.

 

148-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади.

 

149-модда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилади. Солиқларни жорий қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига тегишлидир.

 

150-модда.

Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир.

Сўм Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний тўлов воситалари сифатида пул белгиларини муомалага киритишда ва уларни муомаладан чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эгадир.

 

151-модда.

Ўзбекистон Республикасининг банк тизими Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан ва банклардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит ва валюта сиёсатини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатда банклар фаолиятини тартибга солишни амалга оширади, банк ва тўлов тизимларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз вазифаларини бажаришда мустақилдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.

 

XXVII боб. Мудофаа ва хавфсизлик

 

152-модда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.

Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади.

 

153-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга.

 

ОЛТИНЧИ БЎЛИМ. КОНСТИТУЦИЯНИ

ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ

 

154-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади.

Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу модда иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонунда унинг нормаларини, шунингдек Конституциянинг нормаларини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилиши мумкин.

 

155-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда конституциявий қонун қабул қилиши мумкин. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конституцияни ўзгартириш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф бир йил ўтгандан кейингина қайта киритилиши мумкин.».

 

2-модда. Ушбу Конституциявий Қонун референдум якунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

3-модда. Ушбу Конституциявий Қонун кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлмаган қисмида қўлланилади.

 

4-модда. Ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар, ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилади.

 

5-модда. Амалдаги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан ўз фаолиятини ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ваколатларга мувофиқ амалга оширади.

Ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 92-моддаси учинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг сайланадиган (тайинланадиган) аъзолари сонини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Сенат шакллантирилиши бошланганидан амалга киритилади.

 

6-модда. Тегишли норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш, маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг изчиллиги ҳамда узлуксизлигини таъминлаш зарурлиги муносабати билан ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 120-моддаси учинчи қисмининг вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалари:

вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024 йилда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг навбатдаги сайловлари якунлари бўйича;

туман ҳамда шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан эса 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

 

7-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилади ҳамда мазкур шахслар ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари билан тенг равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг талабларига, шу жумладан ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги талабларига мувофиқ мазкур лавозимларга сайланишга (тайинланишга) ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ўзига нисбатан янги сайланиш шартлари ва ваколатлар муддати жорий этилаётган амалдаги судьялари ўз ваколатларини улар сайланган муддат тугагунига қадар давом эттиради. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг вакант судьялик лавозимлари ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган тартибда тўлдирилади.

 

8-модда. Ушбу Конституциявий Қонун ва ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилиши мумкин.

 

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

манфаатдор давлат органлари билан биргаликда қонунчиликни ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини икки ойлик муддатда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритсин;

давлатнинг ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларининг бажарилишини, шу жумладан мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари ва функциялари қайта кўриб чиқилишини инобатга олган ҳолда бажарилишини таъминлашга доир чора-тадбирлар дастурини уч ойлик муддатда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

ҳар йили навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашда давлатнинг ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларини бажариш учун зарур маблағлар йўналтирилишини назарда тутсин.

 

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари:

бир ойлик муддатда ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг матни қайта нашр этилишини ва кўп нусхада босилишини таъминласин;

ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш ва тушунтириш бўйича комплекс чораларни икки ойлик муддатда ишлаб чиқсин ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминласин;

қонунчиликни ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини ҳар чоракда кўриб борсин.

 

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди одил судловни амалга оширишда судлар томонидан конституциявий нормалар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судлари томонидан ишларни кўриб чиқишнинг ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллаш юзасидан ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарорини уч ойлик муддатда қабул қилсин.

 

Related