Қалб даъвати

17 Mar 2023

Инсоният тарихининг турли даврларида дунё халқлари улкан тараққиёт, буюк силжишлар ва кескин кўтарилиш ҳодисаларига гувоҳ бўлган. Кишилик тараққиёти динамикасидаги ривожланиш ва таназзуллар моҳияти ҳар бир давр одамлари тафаккури маҳсули сифатида юзага келган, дейиш мумкин. Зотан, инсон ақл ва тафаккур, қалб ва ҳиссиёт олами орқали ўз ҳаётини ўзи йўлга қўяди.

Турмушнинг саодатли дамларининг ҳам, қайғули ва таназзул ҳолатларининг ҳам бош муаллифи унинг ўзи. Фақат бутун халқ ҳаётида, маълум бир жамиятда умумий сафарбарлик, тафаккурдаги кескин бурилишлар, ақлий салоҳиятнинг қудратли кучи намоён бўлган пайтда ҳаёт мазмуни бойийди, турмуш даражаси кўтарилади. Жамият тараққиётининг янги босқичига қадам қўйилади. Бундай юксалишлар ҳодисаси умумий манфаат атрофида бирлашган, ўз тақдирини жамият тақдири билан боғлиқ ҳолда ҳис қилган, “Шу юрт меники, шу макон менга аждодларимдан қолган буюк мерос. Унинг тақдирига мен жавобгарман”, деган туйғу қалб ҳайқириғига, виждон ва имон чақириғига айлансагина юз беради.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт босқичи халқ ва президент, жамият ва давлат ўртасидаги муштаракликдан, мақсадлар бирлигидан, истиқболга интилишнинг уйғунлигидан келиб чиқмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай умуммиллий тараққиёт мақсадлар муштараклигидан келиб чиқади. Улуғ мақсадлар эса келажакка қатъий ишонч, ўтаётган кунидан мамнуният, эртага бугунгидан кўра фаровонроқ яшашга имон келтирган жамиятдагина юзага келади. Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг соф инсоний сиёсати айни ана шу мақсадлар муштараклиги ва истиқболга интилишнинг узвийлигидан келиб чиқади.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, қачонки миллат ўзлигини англай бошласа, ҳар бир фуқаро ўзининг инсоний фазилатларини тўлиқроқ намоён этиб, ўзини ўзи қадриятга айлантира бошласа, миллий Уйғониш ҳодисаси юз беради, тараққиётнинг янги босқичи бошланади. Чунки одамлар қалби ва онгида ­маънавий-руҳий янгиланишлар, қадрият эврилишлари, ҳаёт моҳиятини чуқур ҳис қилиш туйғулари куртак отади. У янгича ҳаётга, саодатли келажакка, барқарор ва фаровон турмушни йўлга қўйишга ички иштиёқ сезади. Ана шу иштиёқ ҳисси ўз-ўзидан инсонда яратувчилик, бунёдкорлик, ижодкорлик қобилиятини ривожлантиради. Натижада жамиятда ялпи сакраш ҳодисаси юз беради.

Буюк тараққиёт эврилишларини кўрган, бир эмас, икки марта Ренессанс ҳодисасига гувоҳ бўлган, инсоният ҳаётига маданият олиб кирган Ўзбекистон халқи бугун янги тарихий шароитларда бутунлай янги тараққиёт йўлига чиқмоқда. Янги Ўзбекистоннинг бутун моҳияти, давлат ва жамият сифатидаги қадрияти, Ўзбекистон халқининг интеллектуал салоҳияти ва буюк келажакка бўлган қатъий ишончи бунга асос бўлмоқда. Зотан, буюк мақсад билан яшайдиган инсон буюк шахсга айланади. Олий мақомдаги мақсадлар ва эзгу истаклар билан яшаётган миллат эса буюк миллатга айланади. Ўзининг ақлий салоҳиятини, яратувчилик ва ижодкорлик қудратини умуммиллий тараққиётга сарфлаган халқ улуғ натижаларга эришади.

Янги Ўзбекистон ўз тарихий тараққиёти даврида янгича тафаккурга асосланган турмуш тарзини йўлга қўймоқда. Учинчи Ренессанс ғояси ана шу эврилишлар, янгиланишлар оқимида янги Уйғониш даврининг сарчашмаси бўлмоқда. Унинг умум­­планетар моҳияти, умумхалқ эътирофи ва Ўзбекистон фуқароларининг бутунлай янгиланаётган тафаккур тарзи янги тараққиётга асосдир. Демак, Ренессанс умуммиллий мақсадларни, интилишларни ўзида мужассам этган тизимга эга бўлмоқда.

Янги Ўзбекистон тушунчаси умумжамият ва умумдавлат мазмунини касб этмоқда. Миллатидан, элатидан, касбу коридан, диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқининг қалб даъватига, ғурурига ва ифтихорига айланиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон давлатининг жаҳон ҳамжамиятидаги миллий манфаатларини ўзида ифода этаётган қадриятга эга бўлмоқда. Янги Ўзбекистон фуқароси деган шонли, шарафли ва шукуҳли унвонга, унинг бутун мазмунию моҳиятига дахлдор бўлган ҳодисани англатмоқда. У ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини умумий сафарбарликка, ялпи бунёдкорликка, кенг кўламли ижодкорликка даъват этадиган қудратли ва саодатли эътиқодига айланди. Бу эса ўз-ўзидан халқимиз тарихидаги янги даврни бошлаб бериши шубҳасиз. Чунки ҳозирги шароитда Янги Ўзбекистон халқи ўз интилишлари ва қадрият мўлжалларини, барқарор ва саодатли келажагини жаҳон ҳамжамиятида ўзининг маҳобатини кўрсатиб келаётган давлати тимсолида кўради ва шундай тушунади. Бу ўз-ўзидан миллат истиқболини, буюк мақсади ва ёрқин тақдирини ўзида ифодалайдиган қадриятдир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг соф инсоний сиёсати ҳар бир фуқаронинг қалби, ҳис-туйғулари, шаъни, қадру қиммати, мавжудлиги ва эзгу мақсадларини ўзида ифода этган. У халқ қалбининг нидосига, виждонининг акс садосига, имонининг ҳайқириғига айланмоқда.

Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кенг миқёсли миллат ва давлат манфаати билан боғлиқ бўлган маҳобатли сакраш жараёнининг юзага келиши осон эмас. У ҳар биримиздан ўзимизни англашимизни, ўзимизни ўзимиз қадриятга айлантиришимизни тақозо этади. Нуқсонларимизни камайтириб, фазилатларимизни кўпайтириб, маънавий ва руҳий тозариш каби мураккаб жараёнга тайёрланишимиз зарур. Инсоннинг узлуксиз, доимий равишда ўзини ўзи назорат қилиб бориши, ўзини ўзи бошқариши, йўналтириши, даъваткорлик ва ташаббускорлик туйғуларини жонлантириши каби улкан маънавий, маърифий, ахлоқий ирода билан боғлиқ.

Тўғри. Кейинги етти йил жамиятда ижтимоий фикрни кескин ўзгартириб юборди. Давлатимиз раҳбари бутунлай янги тарихий шароитларда янги типдаги Ўзбекистон фуқароларининг вужудга келишига эришди. Одамларда дунёқараш, ҳаётга муносабат ўзгарди. Уларда яратиш, бунёд этиш, ўз бахтли-саодатли келажагини яратиш ҳисси кучайди. Бироқ бу етарли эмас. Кузатишларимга кўра, ҳамон мустамлакачилик даврида қон-қонимизга сингиб кетган, вужудимиздан, қалбимиз ва руҳиятимиздан мустаҳкам ўрин олган бефарқлик, лоқайдлик иллатларидан қутулолганимиз йўқ.

Тобелик, мутелик, қўрқув ва ҳадик синдромлари бизнинг тўла маънодаги фуқаролик масъулиятимизни англашимизда монелик қилмоқда. Тепса тебранмаслик, “Олма пиш, оғзимга туш” қабилидаги боқимандалик, маиший ҳаётимиздаги айрим етишмовчиликлар учун жамиятни айбдор қилиш сингари иллатлар жисму жонимизда ҳамон яшамоқда. Ваҳоланки, мустақил тараққиёт даврида, Янги Ўзбекистон шароитида “Жамият менга нима берди?” деб эмас, балки “Мен жамиятга нима бердим?” деган адолатли саволга жавоб бера олишимиз зарур.

Улуғ донишмандлардан бири “Душманингдан қўрқма. Зўр бўлса, сени ўлдиради. Дўстингдан қўрқма. Манфаат тўғри келганда сотқинлик қилади. Бефарқлардан, лоқайдлардан қўрқ. Бефарқлик ва лоқайдлик мавжуд экан, ўлим ва сотқинлик таҳдид қилаверади”, деган экан. Бу бир одам тақдири ва ҳаёти билан боғлиқ бўлган ҳикматли гап. Бефарқлик, лоқайдлик, боқимандалик иллатлари жамият ҳаёти билан боғлиқ бўлса-чи? Энди у яна ҳам хатарлироқ мазмун касб этади. Зотан, лоқайдлар, бефарқлар, боқимандалар тараққиёт душмани. Улар жамият қонини сўриб яшайдиган ҳашарот.

Маърифатли инсон ҳар қандай шароитда ўзини ўзи ҳимоя қила олади, асрай билади. Ҳозирги қалтис дунёда эса фақат маърифатли жамиятгина ўзининг барқарор тараққиётини таъминлайди. Ўзини ўзи асрай билади. Турли ташқи ғоявий тажовузкорларга, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий таҳдидларга муносиб жавоб беради. Демак, жадидчи аллома Абдулла Авлонийнинг “Маърифат – шижоатдур. Маърифатли киши шижоатли бўлур”, деганида кўп ҳикмат бор.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги жадал тараққиёт муаммолари ва уларни ҳал этиш концепцияларини ишлаб чиқар экан, жамиятнинг ялпи саводхонлик даражасини ошириш, маърифатли жамият қуриш ғоясини илгари сурмоқда. Дарҳақиқат, маърифатли жамиятгина ҳар қандай тараққиётга эриша олади. Маърифатли халқ тарихий ривожланиш йўналишларини бехато белгилайди.

Ана шу ғоят оғир ва изтиробли ҳолатдан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига қилган сафари чоғида кўнглини очди. Дунёда манфаатлар тўқнашуви авж олаётган, катта давлатларнинг дунёга эгалик қилиш истаги кучайиб бораётган бир шароитда уларнинг биронтасига ҳам ён бермай, ўзининг мустақил концепциясини аниқ, лўнда қилиб очиқ айтди: “Мен учун ҳамма нарсадан ортиқ Ўзбекистон манфаати. Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистоним манфаати учун жонимни беришга тайёрман”, деди. Бу Президентнинг давлат раҳбари сифатида ҳам, оддий фуқаро сифатида ҳам қалб даъвати эди. Дарҳақиқат, биз ана шундай мураккаб замонда ёшларимизнинг аниқ ҳаётий ва сиёсий позицияга, мустаҳкам ғоявий мақсадга эга қилиб тарбиялашимиз керак.

Зотан, давлат ва халқ манфаати ҳар нарсадан улуғ. Давлатга ва миллатга мансублик ҳар бир киши учун шараф! Бизнинг ҳар биримиз ўзимизнинг мавжудлигимизни, қадру қимматимизни, шаънимизни давлат ва миллат тимсолида кўрсак, уни қадриятга айлантира оламиз. Ана шундай феъл-атвор ва фуқаролик фазилатига эга бўлсагина, бу нотинч дунёда Янги Ўзбекистон деган мўътабар хонадонимизни, маҳобатли оиламизни асрай оламиз.

Фидойилик, ватанпарварлик, халқ ва давлат манфаати учун ҳар нарсага тайёр туриш фазилати ҳақида гап борар экан, улуғ давлат арбоби Амир Темурга мурожаат қилиш ва ундан ўрганиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Дарҳақиқат, Соҳибқирон “Азму жазм билан иш тутдим. Бирон ишни қилишга қасд қилган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим”, деган эди.

Мен катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга бўлган инсон сифатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ ва давлат манфаати учун ҳар нарсага тайёрлиги, бутун ақлу заковатини, куч-ғайратини ва бошқарув салоҳиятини ишга солиб, қатъий мақсад ва катта ирода билан ишлашида Амир Темур сабоғини кўраман. Бу, албатта, ҳавас қилгулик ҳодиса. Ундан ёшларимиз ибрат олиши, Президентимиз сабоғини мунтазам ўрганиши лозим, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбарининг одамлар орасида юриши, фуқаролар билан очиқ, юзма-юз мулоқот қилиши, уларнинг кундалик ташвишу севинчларига шерик бўлиши жамиятда соғлом ва ишончли ижтимоий-сиёсий вазиятнинг чуқурлашишига олиб келмоқда. Бундай фазилат ҳақида гап борар экан, Соҳибқирон Амир Темур “Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқ бўлишга интилдим”, деган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқчил сиёсатида, унинг феъл-атворидаги одамохунликда катта самимиятни, ўз халқига меҳр-муҳаббатни, унга чин қалбдан хизмат қилиш истагини кўраман. Бундай фазилат инсоннинг қалбида бўлмаса, қон-қонидан, минг бир ҳужайрасидан ситилиб чиқмаса, табиий бўлмайди. Шавкат Мирзиёевнинг инсон, фуқаро ва давлат арбоби сифатидаги фазилати унинг хатти-ҳаракатлари, муомаласининг ўта самимий ва соддалигида. Такрор айтаман, бу қалбнинг тозалигидан, руҳиятнинг софлигидан келиб чиқади.

Ёшларнинг эстетик ва бадиий савиясини ошириш, санъат билан шуғулланишига кенг йўл очиб бериш, улар орасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, замонавий компьютер технологияларини чуқур ўргатиш орқали тараққиётни жадаллаштириш, ёш оналар ва аёлларга кенг шароит яратиб бериш орқали миллатнинг мустамлакачилик йилларида юзага келган геноцидга учраши хавфининг олдини олиш, унинг ­генофондини соғломлаштириш, ирсий асосларини тозалаш орқали Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагига замин яратиш сингари ғоят инсонпарвар сиёсат ётади.

Табиий ва ижтимоий-гуманитар фанларни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни фан асосида қайта қуроллантириш, янги инновацион технологияларни узлуксиз равишда жорий этиш тараққиётнинг асоси. Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқарувни ихчамлаштириш концепцияси ва махсус қарори ғоят кенг қамровли ҳамда ўта самарали ҳодиса. Бироқ биз суҳбатимиз мавзусига, инсон ва жамият тараққиётига дахлдор бўлган таълим ва фан соҳасидагина гапирамиз.

Дарҳақиқат, таълим ва фанни самарали бошқариш, бу соҳадаги ортиқча расмиятчилик, тўрачилик, сунъий тўсиқларга барҳам бериш мақсадида Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги сингари янги тизимнинг яратилгани, илмий даражалар берувчи Олий аттестация комиссиясининг унинг таркибига қўшиб юборилгани катта сиёсий, маънавий, маърифий ва ижтимоий аҳамиятга эга.

Олий таълим, инновация, фан ва илмий даражалар бериш масалаларини битта муассасада, бир жавобгар шахс назоратида ҳал этилиши соҳа самарадорлигини оширади, соғлом, ишончли илмий муҳитни вужудга келтиради. Бу истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, олий таълимдан кейинги таълим самарадорлигини ва сифатини ошириш, илмий даражалар бериш тизимини соддалаштириш орқали тадқиқотчиларни маънавий ва руҳий рағбатлантириш имконини беради. Афсуски, ушбу қарор ҳали-ҳамон амалга оширилгани йўқ.

Замонавий мутахассисларнинг ўз соҳасини чуқур ўзлаштириши билан бирга, уларни том маънодаги Инсон, баркамол Шахс қилиб етиштириш зарур. Шарқ таълимотига кўра, олдин Одам, кейин мутахассис бўлиш лозим. Бунда, албатта, ижтимоий фанларнинг роли ва аҳамияти ниҳоятда катта. Буюк ўтмишимизга назар солайлик. Халқимиз тарихидаги иккита Уйғониш даври — Ренессанс ҳодисаси юз беришига беназир ҳисса қўшган Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва ўнлаб, балки юзлаб буюк аждодларимиз аниқ ва табиий фанларда қанчалик оламшумул кашфиётлар қилган бўлса, тарих, социология, демография, антропология, психология, ҳуқуқшунослик, тилшунослик, фалсафа, мантиқ ва ижтимоий фанларнинг бошқа йўналишларида ҳам худди шундай ихтиролар қилган. Шу билан бирга, ўз даврининг машҳур шайхулисломларидан кам бўлмаган даражада тасаввуф фалсафасининг янгидан-янги қирраларини очган. Айни ана шу Ренессанс ҳодисаси даврларида юксак ахлоқ, маърифат, адолат ва ҳақиқат юксак даражада тантана қилган.

Демак, ҳар қандай тор соҳанинг ноёб мутахассиси бўлишимиздан қатъи назар, энг аввало, инсон бўлишимиз зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунинг учун эса аниқ ва табиий фанлар билан параллел равишда ижтимоий-гуманитар фанларни мумкин қадар кўпроқ ўқитиш зарур. Ана шунда тўла квалификациядаги олий маълумотли тор мутахассислик соҳибининг фалсафий тафаккури кенгаяди, мантиқий фикрлайди, хулосаларини равон, жозибали қилиб тушунтира олади. Бугунги кенг миқёсли ислоҳотлар моҳиятини, ижтимоий-сиёсий жараёнлар мазмунини чуқур тушунадиган, уларни холис баҳолайдиган, ғоявий етук, жамиятнинг қатъиятли, бутунлай янги элита қатлами шаклланади. Миллатни кемирадиган, уни таназзулга олиб келадиган хурофот, бидъат, жаҳолат, барҳам топади.

Ўтмиши буюк халқнинг келажаги ҳам буюк бўлиши шубҳасиз. Зотан, оққан дарё оқаверади. Ўзбек халқи ўз ўтмиши билан, инсоният тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси билан фахрланади. У кишилик жамияти ривожланишининг бутунлай янги ўзанларини очиб берган улуғ халқ. Янги Ўзбекистонда ана шу маҳобатли тарихий тажрибани давом эттириш жараёни бошланди.

Оқил Салимов,

академик

 

Related