Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан эътироф этилиши ва кафолатланиши қайд этилмоқда.
Жумладан, унга инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид қатор прогрессив кафолатлар киритилмоқдаки, улар замирида энг асосий ғоя, яъни инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг олий мақсади, деб эътироф этилиши ғояси ётади. Айнан мана шу ёндашув асосида Конституциянинг янги таҳририда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа ошмоқда.
“Миранда қоидаси” ва “Хабеас корпус” институти ана шундай янги кафолатлардандир. Уларнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат?
“Миранда қоидаси” деярли барча ривожланган давлатларда амал қиладиган, жиноят содир этишда гумон билан ушланган шахс ҳуқуқларининг асосий кафолати ҳисобланади.
Бу қоида АҚШда биринчи бор киритилган юридик талаб бўлиб, унга биноан, ҳар қандай полиция ходими ушлаш вақтида шахсга унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириши ва, албатта, ушланган шахсдан мазкур тушунтиришлар моҳиятини англагани борасида ижобий жавоб олиши талаб этилади.
Хусусан, шахс жиноят содир этишда гумонланиб, ушланган вақтида қуйидагилардан аниқ хабардор этилиши шарт:
– сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз, айтган ҳар қандай гапингиз судда сизга қарши ишлатилиши мумкин;
– адвокат билан маслаҳатлашингиз мумкин ва бу адвокат биринчи сўроқ давомида иштирок этиши мумкин;
– агар адвокат ёллаш учун имкониятингиз бўлмаса, сизга бепул равишда адвокат хизмати таъминланади.
Айтиш керакки, шахсни ушлаш вақти одатда жиноят иши юритувининг дастлабки нуқтаси ҳисобланади ва айнан мана шу вақтда шахс ноқонуний жиноий таъқиб ва ғайриқонуний ҳаракатларга дучор этилиши эҳтимоли катта.
Ушланган шахс ўз процессуал ҳуқуқларини яхши билмаган шароитда у тергов органлари томонидан айбига иқрорлик ёки ўзига қарши кўрсатмалар беришга мажбурланиши хавфи мавжуд. Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон руҳан стресс ҳолатида бўлади ва ҳуқуқий кўмакка айниқса муҳтождир, чунки у бундай мураккаб вазиятда жиноятда айби борлигини исботлаш мажбурияти унинг эмас, аксинча, бутунлай тергов органларига юклатилганини англай олмайди. Сукут сақлаш ҳуқуқи эса гумонланаётган шахсга ўзининг жиноят содир этишда айбини исботлаш жараёнида иштирок этмаслик имкониятини кафолатлайди.
Айтиш керакки, “Миранда қоидаси” қисман бўлса-да, миллий жиноят ишлари юритувида кўзда тутилган. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасига биноан, шахс ўзининг кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиши ва нимада айбланаётганини билиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, мазкур нормада шахсга ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмаслиги кафолатланган.
Бундан ташқари, айбланувчи ёки гумонланувчи ўзига қўйилган айблов ё гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар бериш ёхуд кўрсатмалар беришдан бош тортишга ҳақлидир. Шунингдек, у кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига ҳам эга.
Шу билан бирга, бугунги кунда жиноят процессида шахс ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоялаш билан боғлиқ халқаро стандартларни конституциявий мустаҳкамлаш зарурати катта. Хусусан, “Миранда қоидаси”нинг конституциявий равишда белгиланиши жиноий таъқиб остига олинган шахслар, гумон қилинувчи ва айбланувчилар ҳуқуқларини таъминловчи реал кафолат бўлиб хизмат қилади.
Одатда инсон ўз процессуал ҳуқуқларини жиноят содир этишда гумонланиб ушланганида, яъни мураккаб вазиятга тушганидан кейин билишга интилади, қачонки шундай конституциявий ҳуқуқи бор эканини айблов эълон қилиб бўлинганидан кейин эмас, аксинча, бундан аввал билиши ва уни таъминланишини талаб этиши зарур.
Инсон ҳуқуқларига оид принциплар ўтган асрнинг жиноят-процессуал кодексларида белгиланган. Лекин, шубҳасиз, ўша даврда улар декларатив равишда, фақат қоғозда бўлган. Инквизициявий жиноят процессида исботлашнинг энг самарали йўли айбига иқрорлик кўрсатмаларини олиш ҳисобланарди. Бу йўлда ҳар қандай усуллар ўзини оқлайди, деган репрессив қоида амал қиларди. Айнан ана шу оғир тарихий даврларни бошидан кечирган халқимизда жиноят тергови ҳақида сўз борганда ҳали-ҳануз қуйидаги стереотип фикрлаш сақланиб қолган: “тергов органларига кунинг тушмасин, тушса тамом, қутула олмайсан, тергов нима деса, шуни қилишга мажбур бўласан”. Шубҳасиз, бундай стереотиплардан батамом воз кечишимиз зарур, зеро, улар одил судлов принципларига мутлақо зиддир.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида таъкидлаганидек: “Президент Халқ қабулхоналарига келаётган кўплаб мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганида, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмайди. Натижада гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс эттирилган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим. Яъни шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди”.
“Миранда қоидаси”нинг конституциявий мустаҳкамланиши жиноят иши холис тергов қилиниши ва тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ва тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олади. Мазкур қоидага кўра, шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши талаб этилади. Бу айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши керак. Ушбу қоида ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари реал таъминланишини кафолатлайди ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усуллар қўлланилишига йўл қўймайди.
Шахснинг сукут сақлаш ҳуқуқи инсон ҳуқуқларига оид нуфузли халқаро ҳужжатларда ҳам акс этган. Мазкур кафолат Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддасидаги “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур килинмаслик” қоидасида янада ривожлантирилган.
Мазкур талаб қатор давлатлар конституцияларида (Нидерландия, Испания, Греция, Хорватия, Словения, Россия, Грузия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва бошқалар) мустаҳкамланган.
Масалан, АҚШ Конституцияси 5-қўшимчасида бирорта шахс ҳеч бир жиноят иши бўйича ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.
Буюк Британияда ушлаш ва ҳибсга олишга оид алоҳида қонунга биноан, полиция ходими шахсни ушлаган вақтда: “Сиз бирор нарса гапиришга мажбур эмассиз. Лекин кейинчалик судда айтишни кўзлаётган гапингизни сўроқ вақтида айтмасангиз, бу сизнинг ҳимояланишингизга зарар бериши эҳтимоли бор. Нимаики гапирсангиз, барчаси далил сифатида ишлатилиши мумкин”, дея шахсга ҳуқуқларини тушунтиради.
Европа Иттифоқи давлатларида эса универсал шакл – ушланган шахсларга ушланиши билан дарҳол қўлига процессуал ҳуқуқларига оид хабарнома топширилади, бу тартиб ИЕга аъзо деярли барча давлатларида амал қилади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб беришга мажбур эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Бу янги конституциявий қоида нимани англатади? Жиноят бўйича исботлаш мажбурияти алоҳида масъул мансабдор шахсларга юклатилган. Яъни дастлабки терговда шахсга нисбатан айблов терговчи томонидан эълон қилинади, суд муҳокамасида эса айбловни давлат айбловчиси қўллаб-қувватлайди. Айнан шунинг учун ҳам шахснинг айбли ёки айбсизлигини исботлаш фақат мазкур мансабдор шахслар зиммасида. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи исботлаш жараёнида иштирок этишга мажбур эмас. Агар истаса, шахс ушланган вақтидан то ҳукм чиқарилгунга қадар умуман сукут сақлаши мумкин – бу унинг ҳуқуқи.
Яъни жиноятда гумонланаётган ёки айбланаётган шахс терговчига “Айбдор ёки айбсизлигимни исботлашга мажбур эмасман, бу сизнинг мажбуриятингиз!” дейишга тўла ҳақлидир. Албатта, оддий турмушимизда бундай вазиятни тасаввур қилишимиз анча мушкул. Лекин аслида айбсизлик презумпциясининг мазкур қоидаси ҳар бир шахсга айнан шундай дадил позицияда бўлишни кафолатлайди.
Тергов амалиёти кўрсатадики, одатда шахс ушланганда ёки унга нисбатан жиноят иши очилганда у оғир руҳий ҳолатга тушади, ўзини йўқотиб қўяди ва ўз ҳуқуқларини тўлиқ англай олмайди. Бундай мураккаб руҳий ҳолатда жиноятда айби борлигини исботлаш ўзининг эмас, тергов органларининг вазифаси эканини тушунмаган фуқароларимиз ўзига қарши кўрсатмалар бериши, афсуски, ҳаётимизда кўплаб учрайдиган ҳолатдир.
Айнан шунинг учун ҳам шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қоидасининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши тергов органлари томонидан шахсни мажбурлаш ёки унга ҳар қандай босим ўтказиш каби салбий ҳолатлардан ҳимоя қилади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланаётган яна бир муҳим кафолат – ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга эканини алоҳида эътироф этиш зарур.
Мазкур ажралмас ҳуқуқлар борасида сўз кетганда, албатта, халқаро даражада умумэътироф этилган ҳужжат – шахс эркинлигини таъминлаш йўлида ўзига хос янги даврга асос солган “Хабеас корпус акт” институти аҳамиятини таъкидлаш жоиз.
“Хабеас корпус” (лот. habeas corpus) – “танани судга келтириш”, яъни жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқининг тарихан энг қадимий () эътирофларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда “Хабеас корпус” институти 2008 йилдан татбиқ этилган бўлиб, унинг қўллаш доираси йиллар давомида изчил кенгайтирилиб бормоқда, тергов жараёни устидан суд назорати қатъий равишда кучайтирилмоқда.
Хусусан, 2008-2016 йилларда қатор процессуал мажбурлов чораларини (қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, амнистия актини қўллашга оид илтимосномани кўриб чиқиш, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси) қўллаш ваколати судларга берилган.
Биргина қамоқ эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши амалиётидан мисол келтирсак, 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 минг 118 та илтимосномадан 23 минг 503 таси қаноатлантирилган, 485 таси эса рад этилган, яъни 485 шахсга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилишининг олди олинган.
2017-2021 йилларда суд назорати доираси янада кенгайтирилиб, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини чеклашга оид қатор тергов ва процессуал ҳаракатларга (паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилиш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш) санкция бериш судлар ваколатига ўтказилди.
Шунингдек, 2021 йилда ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган, яъни эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайтдан эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этиши белгиланиши “Хабеас корпус” институтининг миллий қонунчилигимизда янада мустаҳкам ифода топишини таъминлади.
Жиноят иши юритувида шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини чеклашга оид бундай ҳаракатлар устидан суд назорати ўрнатилгани жиноят процессида суднинг тергов органларига нисбатан мустақиллиги, холислиги ва беғаразлиги моҳияти билан изоҳланади ва жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришни назарда тутади.
“Хабеас корпус акт” институти доирасини кенгайтириш жараёнининг мантиқий давоми сифатида энди хусусий мулк дахлсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини чеклашга оид тергов ҳаракатларининг барчаси (телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни эшитиб туриш, тинтув, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, мол-мулкни хатлаш) фақат суднинг рухсати билан ўтказилиши тартиби конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда.
Янги таҳрирдаги конституциявий нормага биноан, мазкур ҳуқуқларнинг чекланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Конституциямизнинг янги таҳририга кўра, мазкур қоида билан фуқароларнинг шахсий ҳаёт, уй-жой ва хусусий мулк дахлсизлиги ҳуқуқлари янада мустаҳкамланмоқда.
Энди терговчи, суриштирувчи ва прокурор тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиш ва мулкни хатлаш заруратини судга асослантириши керак бўлади.
Шахснинг конституциявий дахлсизлик ҳуқуқини чеклашга оид бу ҳаракатлар суд рухсати билан амалга оширилиши натижасида тергов даврида фуқароларнинг мулк, турар жой ва шахсий ҳаётга оид маълумотлари дахлсизлиги асоссиз бузилишининг олди олинади. Зеро, суднинг жиноят иши юзасидан ҳеч бир идоравий ёки бошқа манфаати йўқдир, у бетарафдир.
Дахлсизлик ҳуқуқларига оид мазкур кафолатлар қатор халқаро хужжатларда ҳам мустаҳкамланган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида “ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас”лиги белгиланган.
Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 17-моддасида “ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз килинишига дучор этилиши мумкин эмаслиги ва ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовузлардан қонун орқали ҳимоя этилиш ҳуқуқига эга”лиги эътироф этилган.
Шунингдек, 1950 йил 4 ноябрдаги Европа инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциянинг 8-моддасига кўра, “ҳар ким ўз шахсий ва оилавий ҳаёти, уй-жойи ва ёзишмалари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгадир”.
Мазкур кафолатлар ривожланган давлатлар конституцияларида ҳам мустаҳкамланган. АҚШ Конституциясининг 6-қўшимчасида ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай, ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Янги таҳрирдаги Бош қонунимизда “Хабеас корпус” институтининг мантиқий изчилликда кенгайтирилиши орқали шахсий ҳаёт, хусусий мулк ва уй-жой дахлсизлиги ҳимояланиши ҳамда суднинг қарорисиз мазкур ҳуқуқлардан маҳрум этилишга йўл қўйилмаслигининг белгиланиши фуқароларимизнинг дахлсизлик кафолатлари қатъийлигини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, мазкур конституциявий кафолатлар суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туришга, улар томонидан фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигига оид ҳуқуқларининг ўзбошимчалик билан бузилишига йўл қўймасликка, шахснинг яшаш жойига асоссиз кириш, уй-жой дахлсизлигини бузиш, фуқароларни мулкидан асоссиз маҳрум этилиши ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу конституциявий янгиланишлар орқали терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида шахс ҳуқуқларига оид тергов хатоларига йўл қўйилмаслиги ҳамда фуқароларимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга эришилади.
Бош қонунимизга киритилаётган янги кафолатлар бутун жаҳон эътироф этган “олтин қоидалар” бўлиб, уларнинг конституциявий даражада мустаҳкамланиши фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишининг янги ва ишончли механизмини ишга солади. Шунингдек, бу прогрессив қоидалар янги таҳрирдаги Конституциямизда қатъийлаштирилиши фуқароларимизни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади, тергов органлари томонидан жиноятда айбланаётган шахслар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади.
Сурайё Раҳмонова,
юридик фанлар доктори, профессор