Давримизнинг шиддати тез. Парвози баланд. Ялпи жамиятда сафарбарлик ҳисси тобора ошиб бормоқда. Одамлар эртанги кунга, буюк келажакка катта ишонч билан қарамоқда. Бундай кайфият ва умуммиллий жўшқинлик табиий равишда умумхалқ ташаббускорлигини, миллий уйғонишни юзага келтиради. Бу эса ҳақиқий тараққиётнинг, жадал ривожланишнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституция кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётган бир пайтда буюк тарихга, маҳобатли ўтмишга, бир неча цивилизацияларга гувоҳ бўлган Янги Ўзбекистоннинг фуқароси сифатида янгиланишлар жараёнига мен ҳам алоҳида қизиқиш билан қарайман. Унда ўзимнинг, фарзандларимнинг, невараларимнинг порлоқ истиқболини кўраман.
Кўп йиллик амалий ва ҳаётий тажрибам, турли даврлардаги сиёсий режимлар ва тузумларни кўрган бир фуқаро сифатида Конституциянинг биринчи моддасиёқ менинг қалбимни тўлқинлартириб юборади. Бот-бот, қайта-қайта Конституцияга назар ташлар эканман, унда шонли, шукуҳли, жаҳон ҳамжамиятида ўз сўзи, ўзининг қатъий сиёсий позицияси билан катта мавқега эга бўлган давлатимнинг, улкан тарих ва маданиятга ворислик қилаётган она халқимнинг қиёфасини кўраман.
Янги таҳрирдаги Конституция матнини ўқир эканман, анча катта меҳнат, илмий салоҳият, назарий-фундаментал асос, жаҳон конституциявий илғор тажрибалари билан миллий қадриятларимиз, бир неча минг йиллик давлатчилик тажрибаларимиз, халқимизнинг маънавий-руҳий қадриятлари уйғунлашган маҳобатли қадриятни кўраман.
Тўғри. Янги таҳрирдаги Конституция олдингисидан кўра 65 фоизга кенгайган. 128 моддадан 155 моддага оширилган. Киритилган янги таҳрирдаги моддаларнинг асосий қисми инсон, унинг шаъни, қадру қиммати, яшаш ҳуқуқи ва унинг ҳаёти кафолатларидан иборат. Бу Янги Ўзбекистоннинг янги Конституцияси тобора инсонийлашганидан, кенг кўламли инсопарвар давлат сиёсати тобора такомиллашиб бораётганидан далолат беради.
Турли даврларда, турли сиёсий режим шароитида турли Конституцияларни кўрдим. Уларни бир-бир кўздан кечирдим. Янги таҳрирдаги Конституцияга кўз югуртирар эканман, унинг биринчи моддасиёқ диққатимни тортди. Бундан қувониб кетдим, жуда катта ҳуқуқий, сиёсий, маънавий сакраш юз бераётганини чуқур англадим. Янги Ўзбекистонда бутунлай янги, дунё конституцияларидан фарқли, уларнинг биронтасида ўз аксини топмаган сиёсий-ҳуқуқий ғоя илгари сурилади. Зотан, унинг биринчи моддасида демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий қадриятлар ўз ифодасини топган. Маълумки, ижтимоиёт тушунчаси инсон, унинг қадру қиммати, шаъни мавжудлигини билдиради.
Ижтимоий давлат, бу – инсон қадру қиммати ҳамма нарсадан улуғ, инсон шаъни, ҳар нарсадан муқаддас, деган ғоят инсонпарвар ва адолатли концепцияга асосланади. Демак, Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган сиёсий концепцияси қонун билан кафолатланиб, Конституцияга асос қилиб олиниб, “Аввал – инсон, кейин жамият ва давлат” тамойили истиқболини ҳимоя қиладиган Асосий қонун дунёга келди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг биринчи моддасида давлат сиёсатининг ҳам, жамият қарашлари ва буюк мақсадларининг ҳам, ҳар бир фуқаро мавжудлиги, қадру қиммати, шаъни, шахсияти ва бахтли-саодатли келажаги ўз ифодасини топгани унинг бутун қадриятини белгилайди.
Янги Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилиш жараёнида, умумхалқ референдумига катта тайёргарлик кўрилаётган ҳозирги шароитда жамиятнинг кўтаринки кайфияти, умумий мақсадлар атрофида бирлашиш руҳияти тобора чуқурлашиб бормоқда. Ҳар бир фуқаро Конституцияда ўз тақдирини, оиласи, фарзандлари истиқболини, уларнинг бахтли, саодатли, тинч ва фаровон келажагини кўрмоқда. Шунинг учун уни якдиллик билан қўллаб-қувватлаш тадоригидамиз.
Инсониятнинг кўп минг йиллик тараққиёти шундан далолат берадики, қачонки жамиятда руҳий кўтаринкилик, ташаббускорлик, келажакка интилиш ҳисси кучайган даврларда мисли кўрилмаган тараққиётга эришилган. Ҳозирги шароитда Янги Ўзбекистонда янгича тафаккур, қатъий ва узоқни кўзланган мақсад, жамият, халқ ва давлат ишига дахлдорлик ҳисси ошиб бораётгани тараққиётнинг янги давридан далолат беради. Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлгани ва Оролбўйи минтақасида амалга оширилган ишлар, буюк келажакка қаратилган залворли режалар ва улкан мақсадларни кўриб воҳада соғлом ижтимоий вазият, мустаҳкам маънавий ва руҳий кўтаринкилик мавжудлигига гувоҳ бўлди. Оролбўйи халқларининг айни ана шундай кайфияти ва ўз келажагига, тақдирига юксак ишончи воҳа тараққиётининг ғоятда катта миқёсдаги кўламидан далолат беради.
Қорақалпоғистон кейинги йилларда катта тараққиёт йўлига чиқиб олди. Саноат ишлаб чиқариши ва қишлоқ хўжалигида бутунлай янгича муносабат юзага келди. Бир қатор туманлар яқин йилларгача фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланар эди. Кейинги йилларда туманларга саноат кириб келди. Замонавий алоқа, транспорт, ижтимоий соҳа тармоқлари кенг ривожланди. Олис туманларда турмуш маданияти, аҳоли дунёқарашини бойитадиган замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилди.
Инсон тафаккури ҳамиша ўзига хос ижобий таъсирлар, замонавий цивилизация ютуқлари таъсирида шаклланади. Бир хил турмуш тарзи чуқур илдиз отган, ҳаётни фақат биқиқ ва доимий шуғулланадиган ишидан иборат деб билган микромаконда янги саноат корхонасининг кириб келиши ўша микроҳудуд учун микроцивилизациянинг ўзгинасидир. Фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга кўникиб қолган одамлар ҳаётига айни шу маҳсулотларни қайта ишлайдиган корхоналарнинг барпо этилиши туб аҳоли дунёқарашини ўзгартирди. Уларнинг турмуш маданияти, ақлий салоҳияти, интеллектуал имкониятлари кенгайди.
Тасаввурида бўлмаган, хаёлотига сиғмайдиган касблар, ҳунарлар, иш соҳалари пайдо бўлдики, бу уларнинг ҳаётга қизиқишини, ҳаётнинг гўзаллиги, мазмуни тобора ўзгариб бораётганини кўрсатади. Энг муҳими ана шу жиддий ўзгаришларнинг, янгиланишларнинг фаол иштирокчисига айланди. Аҳоли вужудидаги бунёдкорлик, яратувчилик имкониятлари кенгайди. У бошқа одамга, замонавий фикрлайдиган, ўз ҳаётини ўзи қуриб йўлга соладиган, ўзининг турмушига ўзи мазмун киритадиган цивилизациялашган даврнинг цивилизациялашган одамига айланмоқда. Қорақалпоғистон халқининг буюк қудрати, унинг инсоний сифати ана шу билан белгиланади.
Кегейли туманида саноат корхонаси илгари бўлмаган. Кейинги йилларда ана шу туманда “Ақтуба текстиль” корхонаси барпо этилди. Битта саноат корхонасининг ишга туширилиши, шу туман аҳолиси дунёқарашини кескин ўзгартириб қўйди. Асосан аёллар ишлайдиган корхонанинг барпо этилиши оила муҳитини ҳам, оналик ва фуқаролик ҳиссини ҳам ўзгартириб юборди. Ушбу корхона йилига уч миллион донадан ортиқ трикотаж ишлаб чиқаради. Фабрикага Германия, Япония ва Туркиядан энг замонавий ускуналар олиб келиб, жойлаштирилди. 500 иш ўрни барпо этилди. Туман миқёсидаги бундай силжиш йилига олти миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имконини беради. Бу туман аҳли турмуш тарзида ҳам, унинг фаровон ва саодатли ҳаётида ҳам, маҳаллий бюджет самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Кегейли туманида ушбу корхонанинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши янги меҳнат соҳасини, олдин кўрмаган ва тасаввурига сиғмайдиган касбларни эгаллаш эҳтиёжини туғдирди. Натижада корхона қошида янги касб ва ҳунарга тайёрлайдиган ўқув маркази барпо этилди. Унда бир қатор маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, жамиятда ўз йўлини топди. Шу билан унинг жамиятга дахлдорлик, давлат олдидаги мажбурият, фуқаро сифатидаги ташаббускорлик ва ўз келажагига ишонч ҳисси кучайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалаларини республика фаоллари билан биргаликда кенг муҳокама қилди. Йиғилиш аввалида Оролбўйи воҳасида барпо этилган бир йўла олтита янги корхонани ишга тушириш маросимини ўтказди. Бу ўлка учун жуда катта ижтимоий, иқтисодий ходиса эди.
Беруний туманида “Беруний буғдой кластер”, “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманида “Қорақалпоқ цемент” заводининг учинчи босқичи, Қўнғирот туманида “ҚКРаси кемикал”, Нукус шағрида “Азимут ҳотел”, Тўрткўл туманида “Хозагро” вакиллари ўз корхоналари ва ташкилотларининг ишлаб чиқариш салоҳияти, уларнинг жамият тараққиётига қўшадиган ҳиссаси тўғрисида ҳисобот берди. Мазкур корхоналарда 1100 та доимий иш ўрни яратилгани, улар 300 миллиард сўмлик, экспортга 20 миллион доллар маҳсулот ишлаб чиқариши ва шу билан воҳа тараққиётига катта ҳисса қўшилиши таъкидланди.
Қорақалпоғистоннинг кейинги йиллардаги тараққиёти фақат шугина эмас. Бу ерда ўтган олти йил мобайнида 15 триллион сўм ҳажмдаги инвестиция ҳисобига беш минг уч юздан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Энг муҳими қорақалпоқ халқида ташаббускорлик ҳисси кучайди. Яратувчилик, бунёдкорлик кўникмаси ҳосил бўлди. Буни кейинги йилларда тадбиркорлар сонининг икки бараварга ошганида, жами 46 мингта доимий иш ўрни барпо этилганида кўриш мумкин. Яна бир нарса диққатга сазоворки саноат ишлаб чиқариши жуда паст бўлган олтита туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш икки-уч бараварга ошиб, халқ фаровонлиги бир мунча кўтарилди.
Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва ушбу фармон асосида кенг миқёсли дастур қабул қилинган эди. Ана шу фармонга мувофиқ 2023 йилда 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағ ажратилди. Воҳада тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, соғлом ва сифатли бизнес шароитини вужудга келтириш учун турли йўналишдаги солиқлар икки бараварга камайтирилди. Бу ўзининг самарасини берди.
Халқимизда “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган мақол бор. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ижтимоий соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча вилоятлари ўз ҳиссаларини қўшди. Ягона Ватан, ягона тақдир ва буюк келажак ҳаммамизники, деган умуммиллий сафарбарлик амалга оширилди.
Қорақалпоғистон фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашуви, айтиш мумкинки, воҳанинг кейинги йиллардаги тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Жумладан, Президент Қорақалпоғистон аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган учта янги ташаббусни ўртага ташлади.
Биринчи ташаббус. Президент Қорақалпоғистондаги 452 маҳалланинг ҳар бирига тўғридан тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратиш, Қорақалпоғистон маҳалларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш, унга шу йилнинг ўзида 250 миллиард сўм йўналтириш зарурлигини айтди.
Зотан, маҳалла – ҳаёт ўчоғи. Аҳоли турмуш тарзини яхшилашнинг энг реал, самарадор ва тез натижа берадиган маскани. Маҳаллани ривожлантириш ва уни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш маҳалла ҳудудида яшаётган ҳар бир фуқаронинг кундалик эҳтиёжлари, ташвишлари ва муаммоларини ҳал этишнинг ишончли механизмидир.
Иккинчи ташаббус. Кадастри йўқ бўлган 38 минг уй-жой ва кўчмас мулкларни кадастрдан ўтказиш, уларнинг мулкий мақомини тасдиқлаб бериш вазифаси маҳаллий бошқарув органлари зиммасига юклатилди. Бу жуда катта ижтимоий-иқтисодий имконият бўлиши билан бирга, фуқароларни катта кўтаринкилик ва хушкайфият муҳитига олиб келади. Демак, шунча оила қонуний мулк эгасига айланади!
Учинчи ташаббус. Воҳа аҳолиси ҳаётий эҳтиёжлари ва турмуш шароитини ҳисобга олиб, шу йилнинг ўзида 4 мингта уй-жой қурилиши, бунга қўшимча равишда энг замонавий лойиҳалар асосида 4 мингта якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши учун 4 сотикдан ер ажратилиши айтилди.
Айтиш мумкинки, бундай кенг кўламли ижтимоий сиёсат Қорақалпоғистон аҳли турмуш тарзининг бутунлай сифат ўзгаришига, ҳаёт мазмуни оширилишига, фуқаролар қалбида эса келажакка ишонч ҳисси кучайишига олиб келади.
Узлуксиз таълимнинг барча бўғинларини бутун чоралар билан яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, замонавий соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш ва соҳани кенг кўламда ривожлантириш, шу орқали ижтимоий ҳаёт сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади.
Қорақалпоқ санъати, адабиёти ва маданияти катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бироқ замон талаби, Янги Ўзбекистон шароитида унинг ҳозирги ҳолати соҳага бутунлай янгича муносабатни тақозо этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида бўлди. Ушбу санъат кошонасида кўп миллатли Ўзбекистон халқининг умумий бирлиги ва миллатлараро тотувлигига бағишланган маданий тадбирда иштирок этди.
Маълумки, ушбу театр қарийб юз йиллик тарихга эга. У турли замонларнинг, турли сиёсий қарашларнинг хилма-хил ҳолатларига бардош бериб яшади. Миллий санъатнинг ривожланишига муҳим таянч бўлиб хизмат қилди. Шу кунларда қорақалпоқ санъати ривожида, хусусан, ёшлар тарбияси ва аҳолининг маданий ҳаётида муносиб ўринга эга.
Уни ҳар томонлама ривожлантириш ва театр санъати орқали қорақалпоқ миллий маданиятини янги поғонага олиб чиқиш зарурлигини Президент алоҳида таъкидлади. 2017 йилда ушбу санъат жамоасига академик театр мақоми берилди. Бино жорий таъмирланиб, янги асбоб-ускуналар билан жиҳозлантирилди.
Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари икки тилда сўзлашувчи битта эл. Қардошу жондош, ўтмишию истиқболи бир бўлган, ягона тақдир ва ягона келажак ғояси билан яшаётган халқлар. Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон зиёлилари, санъат ва маданият арбоблари, бадиий ижод вакиллари билан ушбу масканда учрашиб, юқоридаги умумий бирлик, миллий яхлитлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тажрибаларимизни янада бойитиб, уни замон талаблари асосида ҳар томонлама ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Қорақалпоғистон тарихида янги тараққиёт даври бошланди. Ўлка ўзининг бутун ер ости ва ер усти бойликлари билан, аҳолисининг катта интеллектуал салоҳияти, ақлий имкониятлари, бунёдкорлик, яратувчилик иқтидори билан буюк келажагини қуришга қодирлигини намоён этмоқда.
Оқил Салимов,
академик.