Ўтган олти йилда мамлакатимизда иқтисодиётни жадал ривожлантириш орқали барча аҳоли қатламининг турмуш даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида либераллаштириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш борасида тизимли чоралар кўрилди.
Катта ислоҳотлар учун 5-6 йил қисқа вақт ҳисобланади, лекин шу қисқа даврда иқтисодий соҳада солиқ сиёсати, бюджет тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда пул-кредит тизимини тартибга солиш борасида замонавий механизмлар жорий этилди. Иқтисодиётда тизимли муаммоларни ва таркибий номутаносибликларни бартараф этишда энг муҳим қадамлардан бири валюта бозорини либераллаштириш бўлди.
Иқтисодий ислоҳотларга мос солиқ-бюджет сиёсатини юритиш ва бюджет маблағларини самарали тақсимлаш мақсадида янги таҳрирдаги Солиқ ва Бюджет кодекслари қабул қилинди. Давлат бюджети қонун кўринишида қабул қилинмоқда. Қонунчилик даражасида таваккалчиликлар ва ташқи таъсирларни бошқариш учун етарлича мослашувчан шарт-шароитларни таъминловчи юридик нормалар миллий қонунчилигимизга сингдирилмоқда, фискал қоидалар такомиллаштирилмоқда.
Ўтган олти йил давомида солиқ, бюджет, пул-кредит сиёсати ва бошқа иқтисодий жараёнларни мувофиқлаштиришнинг ҳуқуқий асосларига оид 14 та янги қонунлар қабул қилинди. 9 та қонун ўз кучини йўқотган деб топилди. Шунингдек, амалдаги 50 та қонунларга 273 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Буларнинг барчаси кенг қамровли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ўзгаришлар натижадорлиги
Солиқ сиёсатини такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини соддалаштиришга оид нормаларнинг қонунларда акс эттирилиши ҳисобига солиқ юки сезиларли даражада камайтирилди. Солиқ ставкаларининг пасайтирилиши билан бир пайтда солиқ тизимини соддалаштириш тадбиркорларнинг рақобатбардошлигини ошишига имкон яратди.
Камроқ солиқлар тадбиркорларга ўз харажатларини камайтириш, инвестицияларни кўпайтириш ва бизнесни кенгайтириш имконини бераётганлигини статистик маълумотлардан ҳам кўришимиз мумкин. Сўнгги олти йилдаги асосий капиталга инвестициялар ҳажми деярли 4 маротабага кўпайиб, унинг таркибида марказлашмаган инвестициялар миқдори муттасил ошиб бормоқда. Айни пайтда уларнинг жами инвестициялардаги улуши 85 фоизга етиб қолди.
Солиқ юкини камайтириш тадбиркорларни янги тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга ундамоқда. Натижада 2018 — 2022 йиллар мобайнида мамлакатимизда 424 мингдан ортиқ кичик корхона ва микрофирмалар янгидан ташкил этилди. Бугунги кунда иқтисодий фаол аҳолининг 67,2 фоизи (10 миллион киши) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётгани ҳам тадбиркорлик иқтисодиётнинг етакловчи кучига айланганлигининг исботидир.
Солиқ тизимини соддалаштириш ва бюрократик жараёнларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик фаолияти осонлаштирилди ва солиқ мажбуриятларини бажариш харажатлари сезиларли камайтирилди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилди. Хорижий инвесторлар акцияларидан оладиган дивидендлар уч йил муддатга фойда солиғидан озод қилинди. Бу эса хориждан келиб фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун қулай фискал тизим яратилганлигини англатади.
Бизнесни давлат томонидан мувофиқлаштиришда ортиқча маъмуриятчиликдан эркин бозор тамойилларига асосланган билвосита бошқарув усулларига ўтиш жараёнлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Қонунчилик ҳужжатларида давлатнинг бизнесни тартибга солишга қаратилган 500 та функцияси бекор қилинди, 70 таси хусусий секторга давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосида ўтказилди. Ҳозирги кунга қадар 132 та лицензия ва рухсат беришга оид ҳужжатлар бекор қилинди, 33 таси бўйича хабардор қилиш тартиби киритилди.
Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин камайтириш, иқтисодиётда эркин рақобат муҳитини яратишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда. Хусусан, “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент палаталарининг муҳокамасидан ўтказилиб маъқулланди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва кучга кириши бозор иштирокчилари ўртасида тенгликни таъминлашга ҳамда товар ва молия бозорларида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Халқаро амалиётдан келиб чиқиб, илғор банк тизимини жорий этиш, соҳада рақобат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар олиб борилди. Бу борада банк тизимини ислоҳ қилишнинг миллий стратегияси қабул қилиниб, тижорат банкларини трансформация қилиш ишлари бошланган. Ушбу жараёнда банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларида тижорат банклари иштирокини кенгайтириш, банк тизими барқарорлигини таъминлаш ва хатарларни халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари талабларига мувофиқ бошқаришга асосланган банк назорати тизимида пруденциал чора-тадбирларни қўллашнинг қонунчилик асослари такомиллаштирилди.
Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Тадбиркорлар учун тенг шароит яратиш мақсадида бизнесни ривожлантириш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш, тадбиркорларнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва хусусий мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашга оид бир қанча қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар самараси ўлароқ кейинги беш йилда хўжалик юритувчи субъектлар сони 479 мингтага етди ёки қарийб икки баравар кўпайди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг жозибадорлигини ошириш борасида ташқи савдо-иқтисодий ҳамкорлар билан алоқалар янада эркинлаштирилмоқда. Хусусан, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди. Янги ташқи бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистоннинг халқаро молиявий ва савдо ташкилотига қўшилиш жараёни жадаллаштирилмоқда.
Қонун ҳужжатларида чет эллик ишбилармонлар ва инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилди. Уларга Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш, келиб-кетиш ва яшаш шартларини соддалаштиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Инвесторлар билан давлат идораси ўртасида юзага келган ҳар қандай ноаниқликлар бизнес субъекти фойдасига ҳал қилиниши қонунчиликда акс эттирилди.
Чет эллик тадбиркор ва инвесторларга берилаётган бундай имконият ва кафолатлар ўз натижасини кўрсатмоқда. Мамлакатимизда бир йилнинг ичида киритилган хорижий сармоялар ҳажми эса 10 миллиард долларга етди ёки 2017 йилдагига нисбатан 3 баробар ошди. Бу эса иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори қўшимча қийматга эга бўлган ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ҳажмини ошириш имконини беради.
Конституция ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга ундайди
Мамлакатимизда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, тадбиркорлар эркин фаолият олиб бориши учун соғлом рақобат муҳитини яратиб бериш, шахснинг мулк ҳуқуқи ҳимоя қилинишини кафолатлаш бўйича яқиндагина янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ҳуқуқий асослар кучайтирилди. Бир қанча янги нормалар қабул қилиниши иқтисодиётда бозор механизмларининг тўлиқ амал қилиши, товар ва молия бозорларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинликларини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Биргина мисол, Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида талқин этилиши қонунчилигимизда бир қанча янги ҳуқуқий мезонларнинг жорий қилинишини тақозо этади. Чунки “Ижтимоий давлат” тамойили инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин ривожланишини таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишга қаратилган давлат сиёсатини олиб боришни тақозо қилади.
Шу ўринда аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг иқтисодий механизмларини ишга солиш устувор аҳамият касб этади. Хусусан, мамлакатда ривожланган ижтимоий суғурта институтлари тизими самарали фаолият олиб бориши, адолатли солиқ сиёсати ўрнатилиши, ижтимоий хизматлар тизимини янада ривожлантирилиши, миллий даромад ва миллий бойликларнинг адолатли тақсимланиши ҳамда ушбу жараёнларни мувофиқлаштирувчи институтлар функцияларини тўғри йўлга қўйиш борасида ҳуқуқий базани такомиллаштириш тақозо этилади.
Дарҳақиқат, аҳоли барча қатламларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида сўнгги йилларда мамлакатимизда халқчил солиқ ва бюджет сиёсати йўлга қўйилди. Бу энг аввало, бюджет жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган бир қатор ишларда ўз аксини топмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 148-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Ушбу модданинг амал қилиши бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада кучайтиришга ундайди. Бюджет жараёнига оид тегишли маълумотларнинг эълон қилиб борилиши фуқароларнинг ахборот олишга доир ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш имконини беради.
Шунингдек, “очиқ бюджет” портали, шу жумладан, “ташаббусли бюджет”, “менинг йўлим”, “обод қишлоқ” ва “обод маҳалла” лойиҳаларини шакллантириш, бюджет маблағларини аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларга устувор равишда йўналтириш ва уларнинг натижадорлигини таъминлаш жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш механизмлари янада такомиллаштирилади.
Тадбиркорлик эркинликлари кафолатларига оид бир қанча нормаларнинг Конституцияда акс эттирилиши бу борадаги кенг қамровли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолиятига четдан аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, уларнинг мол-мулки ва маблағларидан эркин фойдаланишига ғайриқонуний чекловлар қўйишни бартараф этишнинг ҳуқуқий механизмларини жорий қилишга ҳуқуқий йўл очади.
Шу ўринда Конституциянинг 41-моддасида нафақат банкка қўйилган омонатларнинг, шунингдек, банк операцияларининг ва ҳисобварақларнинг ҳам сир тутилиши қонун билан кафолатланиши банк операцияларининг сири ва банк ҳисобварақлари махфийлигини таъминлашга оид тўғридан-тўғри амал қилувчи конституциявий норма сифатида қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга. Банк сири ва банк ҳисобварақлари махфийлигига конституциявий мақом берилиши банк мижозларининг шахсий маълумотларидан ноқонуний ёки жиноий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Тадбиркорлик эркинликларини таъминлаш борасида Конституциянинг 67-моддаси иккинчи қисмига киритилган янги норма тадбиркорлар учун қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга оид ҳақ-ҳуқуқларини белгилайди. Ушбу норманинг Конституциямизда акс эттирилиши тадбиркор учун қонун ҳужжатларида чеклов қўйилмаган иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида фаолият юритиш имкониятларини кенгайтиради.
Шундан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда тадбиркор ўз бизнес стратегиясини мустақил равишда белгилаши учун юридик асосларни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида Конституцияга эркин тадбиркорлик тамойилларининг киритилиши ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришнинг мамлакат равнақи учун муҳимлиги муҳрлаб қўйилганлиги тадбиркорнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга оид нормаларни киритишга асос бўлади.
Кейинги йилларда ислоҳотлар чуқурлашган сари қонунчиликда мулк ҳуқуқи ва унинг қонун билан ҳимояланиши борасида ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги кўзга ташланиб қолган эди. Тадбиркорлик эркинлигининг муҳим шартлари сифатида Конституциянинг 65-моддаси учинчи қисмида “Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас”, деб қатъий белгилаб қўйилиши бир қанча қонунларда, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўҚрисида”ги, “Интеллектуал мулк объектлари тўҚрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўҚрисида”ги ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида мулк дахлсизлигига оид тегишли нормаларни қайта кўриб чиқишни талаб этади.
Шу ўринда мулк дахлсизлиги нафақат мулкнинг кафолатлари ва ҳимоясини таъминлашда, шунингдек, иқтисодиётни ривожлантиришда инвестицияларни жалб этишнинг асосий талабларидан бири эканлигини ҳисобга олиб, қонунчиликда тадбиркорлик фаолияти учун бизнес муҳитининг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминловчи ҳуқуқий базанинг тўлақонли шакллантирилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эркин бозор тамойиллари асосида иқтисодиётни ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Конституциянинг 65-моддаси биринчи қисмида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиб беришига оид мажбурияти белгилаб қўйилган. Ушбу норманинг амал қилиши иқтисодиётнинг эркин ривожланиши тамойилига мос бўлиб, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини чеклаган ҳолда, тадбиркорларга эркин ривожланиш ва бозорда ҳалол рақобатлашиши учун барча шарт-шароитлар ва имкониятни яратиб беришини назарда тутади. Ушбу норма, ўз навбатида, қонунчиликда давлат томонидан бозорни тартибга солишнинг билвосита усулларини қўллаш борасидаги ҳуқуқий асосни яратишга йўл очади.
Шунингдек, ушбу моддада белгиланган ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги давлатнинг мажбуриятлари эса товар ва молия бозорларида нафақат рақобатга қарши ҳаракатларни тийиб туриш, шунингдек, бозорларга янги иштирокчиларнинг кириб келишини ҳам таъминлайдиган, рақобатчиларни кўпроқ инновациялар асосида ривожланишга ундовчи нормаларнинг тегишли қонун ҳужжатларида акс эттирилишига ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади. Шу жумладан, инсофсиз ва адолатсиз рақобатга қарши курашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга ундайди.
Товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини шакллантириш нуқтаи назаридан Конституциянинг 67-моддасига монопол фаолиятни тартибга солиш ва чеклашга оид норма киритилди. Бунинг ҳуқуқий аҳамияти нафақат монополлашган бозорларда корхона, компания ёки шахслар гуруҳи томонидан бозорнинг катта қисмини ёки тўлиқ назорат қилиниши билан боғлиқ қатор салбий оқибатларнинг олдини олиш, айни чоғда иқтисодиёт тармоқлари, энг аввало, саноатга инновациялар ва янги технологияларни олиб кириш ҳамда янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга сармоялар киритишни ҳам рағбатлантириш билан боғлиқ.
Қонун ижодкорлигида янги вазифалар
Иқтисодий ислоҳотларнинг конституциявий тамойиллари иқтисодиётда тадбиркорлик фаоллигини ошириш, мавжуд ресурс ва салоҳиятлардан самарали фойдаланган ҳолда жамиятни барқарор ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли. Шу ўринда давлатнинг жамиятни барқарор ривожлантиришга оид вазифалари, яъни иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини жорий этиш борасидаги мажбуриятлари қонунчиликни такомиллаштириш борасида бир қанча янги вазифаларни кун тартибига қўймоқда.
Улардан энг муҳимлари:
— ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва қашшоқликни қисқартириш;
— миллий иқтисодиётимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қиладиган нормаларни қонунчилигимизга сингдириш;
— миллий иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва замонавий технологияларни юқори қўшимча қийматга эга бўлган ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган соҳаларга йўналтириш имконини берадиган ҳуқуқий базани такомиллаштиришдан иборат.
Шунингдек, барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим шартларидан бири — макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда инфляция даражасини босқичма-босқич қисқартириб бориш, Давлат бюджети тақчиллиги ва давлат қарзи миқдорларини белгиланган меъёрлардан ошмаслигини таъминлашга қаратилган “фискал қоидалар”нинг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун доирасида сифатли ижросини таъминлашдан иборат. Шу ўринда глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнлардаги ўзгарувчан шароитлар бу борадаги қонунчилик асосларида ислоҳотларнинг мослашувчанлигини оширишга имкон яратувчи ҳуқуқий нормаларни ҳам ҳисобга олишни тақозо қилишини унутмаслик лозим.
Бундан ташқари, халқаро амалиётдан келиб чиқиб, илғор банк тизимини жорий этиш ва соҳада рақобат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳалари устида ҳам иш олиб борилади. Ушбу жараёнда банкларнинг мустақиллиги, капиталлашув даражасини ҳамда ликвидлик салоҳиятини ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларида тижорат банклари иштирокини кенгайтириш, исломий банк хизматларини жорий қилиш борасида ҳуқуқий асосларни шакллантиришни ва такомиллаштиришни талаб этади.
Хулоса ўрнида айтганда, Конституцияда тадбиркорлик эркинлиги кафолатланиши, соғлом рақобат муҳитининг яратиб берилишида давлатнинг мажбуриятлари аниқ белгиланиши, шахснинг мулк ва бошқа ҳақ-ҳуқуқлари қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилиниши халқимизнинг “Ижтимоий давлат” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган давлат сиёсати ва ислоҳотларга бўлган ишончини янада оширмоқда. Яъни Ўзбекистоннинг ривожланиб боришида “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришнинг концептуал жиҳатлари Конституциямизда ўз аксини топиши халқ ишончини муқаддас туйғу сифатида қадрлаб, уни оқлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Эндиги навбат Бош қомусимизда бу борада белгиланган ҳар бир ҳуқуқий мезон ва тамойилларни ҳаётимизга сингдиришдан иборат.
Иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ислоҳотларнинг натижадорлигини ва самарадорлигини таъминловчи ҳуқуқий асосларни маромига етказиш қонун ижодкорлигида муҳим ўрин тутади. Бу борада Қонунчилик палатаси ва унинг тегишли масъул қўмиталари ўзларига аниқ режаларни белгилаб олмоқда.
Шарофиддин Назаров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.