2020 йил 15 май куни “Хотин-қизларнинг фан, таълим, маданият ва инновацион технологияларни ривожлантириш соҳаларидаги ютуқлари” мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди.
Онлайн видеоконференция Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Жиззах политехника институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси гендер тенглик масалалари комиссияси Ишчи гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси докторантлари, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари иштирок этди.
Видеоконференцияда фан, таълим, маданият ва тадбиркорлик соҳаси ривожига инновацион технологияларни қўллашда хотин-қизлар ролини ошириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оила ва жамиятдаги ролини кучайтириш борасида сўз юритилди.
Шунингдек, архитектура ва қурилиш, саноат, энергетика, иқтисодиёт ва транспорт соҳаларида ахборот коммуникация технологияларини татбиқ қилиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати