2020 йил 15 май куни “Давлат бошқаруви ва иқтисодиётни рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида Республика илмий-амалий видеоконференция бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этди.
Онлайн видеоконференцияда Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев бюджет тизими ташкилотларининг бюджетларини тузиш ва ижро этиш жараёнини рақамлаштириш мавзусида маъруза қилди.
– Юқори тезликдаги интернетга уланган 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ташкилоти ва умумтаълим мактаблари сонини 2020-2021 йилларда 12 мингтага етказиш ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури қабул қилиниши белгиланган, – деди сенатор Э.Гадоев. – Бу эса бюджет жараёнларини рақамлаштириш, харажатларни манзилли ва мақсадли белгилаш, барча даражадаги бюджетларни шакллантириш ҳамда ижросини тезкор назорат қилиш, энг муҳими, бюджет жараёнларини тезкор бошқарилишига замин яратади. Натижада ушбу йўналишдаги ишларда шаффофлик таъминланиб, коррупция даражаси пасаяди, бюджет маблағлари тақсимланишида бюрократик тўсиқларнинг олди олинади.
Шунингдек, видеоконференцияда давлат бошқаруви ва иқтисодиётни рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари, “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини амалга оширишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, банк тизимида рақамли технологияларни қўллаш ва трансформация қилиш масалалари, иқтисодиётни рақамлаштиришда давлат молиясини бошқариш тизими каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати