Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев асарларининг “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деб номланган тўртинчи жилди ўзбек ва рус тилларида “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида нашрдан чиқди.
Ушбу китоб тўрт бўлимдан иборат бўлиб, унинг биринчи бўлими “Халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янги босқичга кўтариш – энг муҳим вазифамиз” деб номланган. Унга давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим воқеалар муносабати билан сўзлаган нутқ ва маърузалари киритилган.
“Эл-юртимизнинг мустаҳкам иродаси ва матонатига таяниб, синовлардан муносиб ўтамиз” деб номланган иккинчи бўлимдан эса коронавирусга қарши курашга бағишланган маъруза, нутқ ва мурожаатлар жой олган.
Китобнинг “Дўстона амалий ҳамкорлик – барқарор ривожланиш кафолати” деб номланган учинчи бўлимини хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлардаги нутқ ва маърузалар ташкил этади.
Китобнинг тўртинчи – “Табрик ва қутловлар” бўлимига эса юртимизда кенг нишонланиб келаётган умумхалқ байрамлари, тарихий саналар, турли халқаро анжуманлар, тадбир ва маросимлар муносабати билан йўлланган табрик ва қутловлар киритилган.