Бўстонлиқ туманида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилди

15 Avg 2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Коронавирус пандемияси туфайли халқаро қатновлар тўхтаб, транспортлар ҳаракати чеклангани бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам туризм соҳасига зарар келтирди. Мамлакатимизда 1 минг 500 дан ортиқ туроператор, 1 минг 200 та меҳмонхонанинг фаолияти тўхтаб қолди. Бу вазият соҳага алоқадор савдо, ҳунармандчилик, транспорт, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларида минглаб одамларнинг бандлиги ва даромадига салбий таъсир кўрсатди.

Шу боис давлатимиз томонидан бу соҳани қўллаб-қувватлаш, сайёҳлик масканлари фаолиятини босқичма-босқич тиклаш чоралари кўрилмоқда. Жорий йил 28 майда Президентнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 19 июнда “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда тармоққа пандемиянинг оқибатларини юмшатиш бўйича қатор енгилликлар берилди. Умуман, бугун Ўзбекистонда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг замонавий имкониятлари ишга солинмоқда.

Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорига мувофиқ, 15 августдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракати, маҳаллий авиа ва темир йўл қатновига рухсат берилди. Санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар ва бошқа дам олиш масканлари фаолияти тикланади. Булар юртимизда сайёҳлик яна ривожланишига шароит яратади.

Тақдимотда соҳада амалга оширилган ишлар ва навбатдаги режалар ҳақида ахборот берилди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг туризм салоҳияти жуда юқори. Лекин узоқ йиллар давомида бундан етарлича фойдаланилмади. Баҳаво табиат, қулай иқлим ва йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти бўлса-да, ҳудудда сайёҳларни жалб этадиган йирик ва замонавий лойиҳалар амалга оширилмади. Бугун Бўстонлиқ туманида туристик ҳудудларни ташкил этиш билан бир вақтнинг ўзида қатор муҳим масалаларни ҳал қилиш кўзда тутилган.

– Асосий мақсадимиз, энг аввало, туризм соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, одамларнинг манфаатини инобатга олиб, халқимиз учун баҳаво, арзон, хавфсиз ва 12 ой давомида қулай дам олиш шароитларини яратишдир. Бўстонлиқ каби масканларга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан юртдошларимиз келиб ҳордиқ чиқариши, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар бошқа ҳудудларимиз учун ҳам намуна бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумотларга кўра, ҳар йили юртдошларимиз чет элда дам олиш учун 1 миллиард 200 миллион доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири Ўзбекистонда барча талабларга жавоб берадиган замонавий туристик мажмуалар сони кам.

Шу мақсадда охирги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Бўстонлиқ туманида ҳам тўлиқ тадбиркорлар маблағи ҳисобига йирик лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, дунё сайёҳлари эътиборига тушган “Амирсой” мажмуаси қисқа бир ярим йил ичида қуриб фойдаланишга топширилди. Бу эса ҳудудда йирик ва жозибадор лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини исботлади.

Давлатимиз раҳбари тақдимот давомида Бўстонлиқ туманида яқин йилларда фойдаланишга топшириладиган лойиҳалар мажмуаси билан танишиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифларини берди.

“Билдирсой-Чимён-Нанай” халқаро курортини ташкил этиш лойиҳаси улардан бири. Унинг концепцияси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан FASEP фондининг 750 минг евро миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 480 миллион доллар. Шундан 280 миллион долларини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этади. Ундан кўзланган асосий мақсад ҳудуддаги ер майдонларининг қийматини ва инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали тадбиркорликни ривожлантиришдир.

Лойиҳа 3 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда Чимён ҳудудида умуммавсумий курорт ташкил этиш кўзда тутилган. Франциянинг 48 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредити эвазига туристик инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, осма йўлаклар, чанғи учиш ускуналари ва аттракционлар келтириб ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида тоғ-чанғи туризми оммалашади, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратилади, табдиркорлик ривожланади. Лойиҳанинг биринчи босқичини 2021 йил декабрда ишга тушириш режалаштирилган.

Лойиҳаларда кўзда тутилаётган энг муҳим вазифа бу давлат-хусусий шериклик асосида уддабурон тадбиркорларга кенг йўл беришдир. Шунингдек, сайёҳлик ҳудудида эчкичилик, туячилик, асаларичилик кенгайтирилиб, сайёҳларга қўшимча хизматлар таклиф этилади. Ҳудудда ёшлар учун алоҳида майдонлар ажратилиб, туризмни ривожлантиришда уларнинг имкониятларини ҳам тўлиқ рўёбга чиқариш муҳимлиги таъкидланди.

Бўстонлиқ тумани, хусусан, Чорвоқ сув омбори атрофидаги қишлоқларда янги дам олиш масканлари қурилади. Бу билан шу ерда яшаётган аҳолини иш билан таъминлаш мақсади ҳам кўзланган.

Бўстонлиқ туманида бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектларни сотиш орқали улар негизида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 80 га яқин давлат объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган. Бу орқали туризм соҳасида давлат иштироки қисқартирилади ва хусусий тадбиркорлик ривожланади. 15 мингтагача янги иш ўрни яратилади. Рақобат кучайиши ҳисобига мақбул нарх-наво шаклланади.

Тадбирда ноқонуний фаолият кўрсатаётган субъектларни аниқлаш ва уларни рўйхатдан ўтказиш борасидаги ишлар бўйича ҳам маълумот берилди.

Жумладан, Бўстонлиқ туманида солиқ солиш объектларини ҳисобга олишни соддалаштириш мақсадида “orom.uz” мобил иловаси ва ягона электрон платформаси ишлаб чиқилди. Бу платформа орқали 3 минг 700 дан ортиқ ижарачилар рўйхатга олинди. Бундан ташқари, қўшимча таянч пунктлари ташкил этилиб, 16 мингдан зиёд объект хатловдан ўтказилди. Булар натижасида солиқ тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3 бараварга ошган.

Бўстонлиқ туманида йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва таъмирлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  автомобиль йўллари таъмирланди, ерости сувларини қочириш мақсадида дренаж қувурлари ўрнатилди, 10 километрдан ортиқ пиёдалар йўлакчалари қурилди.

Президентимиз йўлларни пухта ўйланган, тежамкор лойиҳалар асосида қуриш ва таъмирлаш зарурлигини таъкидлади.

Сайёҳлар оқимининг кўпайиши чиқиндиларни оқилона бошқаришни ҳам талаб этади. Ҳисоб-китобларга кўра, Бўстонлиқ туманида кунига ўртача 102 тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Афсуски, дам олиш маданияти пастлиги туфайли кўпинча йиғиштирилмай, табиат қўйнида ташлаб кетилади.

Бу муаммони бартараф этиш, ҳудудни тозалаш тизимини такомиллаштириш мақсадида чиқинди йиғиш пунктлари ва ташувчи техникаларни кўпайтириб, Экоинспекция назоратини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида ҳудуд 100 фоиз санитария тозалаш хизматлари билан қамраб олинади. Ташриф буюрувчиларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси талабларига риоя этишлари устидан доимий назорат юритилади.

Шунингдек, Бўстонлиқ туманида ичимлик суви ва канализация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Йил бошидан буён 7,6 километр ичимлик суви қувури, насос ва сув миноралари қурилган. Келгуси икки йилда 36 километр ичимлик ва 3,5 километр оқава сув қувури, 10 га яқин сув ва канализация иншооти барпо этилиши режалаштирилган.

Туманда электр таъминотини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент мавжуд электр тармоқларини таъмирлаш билан бирга сув, шамол ва қуёш энергияси манбаларини бунёд этиш, туристик объектлар энергия эҳтиёжининг катта қисмини шулар ҳисобидан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Тоғ ёнбағирларида, ўрмон ва сув фонди ерларида енгил конструкцияли кўчма дам олиш масканларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудни тўлиқ туристик зона сифатида ривожлантириш ва режадаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига параллел равишда, янги тажриба тариқасида Бўстонлиқ туманига раҳбарлик вазифасини бажаришни юклатиш таклифини билдирди.

Тақдимотда кейинги икки йилда сайёҳлик ўринлари ва хизмат турларини кўпайтириш натижасида ҳудуднинг туризм салоҳиятини 2 баробар ортишини таъминлаш вазифаси қўйилди.


Related