Элдор Арипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори
“Шу кунларда медиамаконда Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган мақолаларга кенг ўрин берилмоқда.
Ушбу мақолалар ва интервьюларни шартли равишда икки тоифага ажратиш мумкин. Бир томондан, бу мустақиллик йилларида эришилган натижалар тўғрисидаги расмий ҳисоботлар бўлса, бошқа томондан, мавжуд ютуқларга нисбатан танқидий қарашлардан иборатдир.
Биринчи тоифадаги мақолалар муайян сабабларга кўра (бизда кўплаб рақамлар билан тўлдирилган зерикарли матнларни ўқишни ёқтиришмайди), камдан-кам ҳолларда топ мақолалар сафига кирса, иккинчи тоифадагилар эса жуда фаол ўқилади.
Жарангдор сарлавҳа ва баёнотлар, аниқ факт ва далилларсиз (асосан тахмин ва уйдирмалар) енгил матнлар ўқувчилар эътиборини тортади, мунозаралар қўзғатади ва баъзида у ёки бу воқеалар, қабул қилинган қарорларни қандай англашимизга таъсир қилади. Бундай нохолис ахборотлар жамиятда замонавий Ўзбекистонга нисбатан бирёқлама қарашлар кенг тарқалишига сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас.
Бу каби мақолалар нималарни англатади? Ўзбекистоннинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини “доҳиёна баҳолаш”га асосланган бу турдаги афсоналарнинг моҳияти нимада?
Бундай нохолис ахборотлар, энг аввало, аҳолида ташқи сиёсатга нисбатан шубҳа уйғотмоқда. Яъни ташқи сиёсатнинг фаоллашуви ва унинг очиқлиги мамлакатнинг халқаро майдонда заифлигини кўрсатади ва мустақилликка таҳдид туғдиради, деган фикр ва қарашлар пайдо бўлаётгани сезилиб қолмоқда. Баъзилар биз Россия таъсирида, бошқалар Хитой, яна бирлари эса Америка таъсирида қолдик, деб ҳисоблашади. Фикрлар расмий Тошкентнинг муайян давлатлар билан олиб бораётган музокаралар жараёни ҳақидаги янгиликларнинг моҳиятига қараб ўзгариб турибди.
Халқаро молия тузилмалари ёки иқтисодий ташкилотлар, хусусан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳаракатларга ҳам катта шубҳа билан қарайдиганлар кам эмас.
Муайян эксперт доираларида бу йўналишдаги сиёсат иқтисодий мустақилликнинг заифлашуви ва “эркин ҳаракатланиш” йўқотилишига олиб келиши мумкинлиги, бу, айниқса, яқинлашиб келаётган глобал иқтисодий инқироз, жаҳон бозорларидаги юқори ўзгарувчанлик шароитида хавфлидир, деган фикрлар кенг тарқалмоқда. Аммо бундай баёнотларнинг барчаси ҳеч қандай далилга эга эмас ёки фактлар билан тасдиқланмайди.
Шу боис, бундай вазиятда “Бугунги Ўзбекистон қаерга қараб бормоқда?” деган саволга аниқ ва далиллар асосида жавоб бериш орқали жамиятда холис фикрни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Шубҳасиз, охирги тўрт йилда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар аввалгисидан фарқ қилади. Мақсад ва вазифалар ўзгаришсиз қолган бўлиб, уларга эришиш механизмлари ва йўллари аниқ белгиланган. Мамлакатнинг мустақиллиги ва равнақи, халқ фаровонлигининг ўсиши ўзгармас мақсад бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, очиқ тан олиш керакки, аввалги узоқ муддатли стратегия кўпроқ муайян “статус-кво”ни, иқтисодий ривожланишнинг эришилган даражасини сақлаб қолишга қаратилган эди. Ушбу стратегия яккаланиш ва автаркия туфайли ташқи хатарларни максимал даражада камайтириш, яъни ички бозорни ўрнатилган монополияларга боғлаб қўйган ҳолда миллий иқтисодиётни изоляциялашни назарда тутган эди.
Натижада кўп йиллар давомида фақат муайян бир кафолатланган “қулайлик зонаси”ни сақлаш асосий вазифага айланди. Муаммоларни ҳал қилиш ўрнига биз ўзимизни алдаб, уларни йўқ деб ҳисоблаб, улардан ўзимизни тўсиб қўйишни афзал кўрдик. Ташқаридан келган инновация ва янгиликлар ўз потенциалини амалга ошириш учун имконият эмас, балки хавф ва таҳдид сифатида қабул қилинди. Ташқаридаги ҳар нарсага ўзимизга босим сифатида қараб, уларга тўсиқ қўйиб, кўп соҳаларда турғунликка дуч келдик.
Ўз навбатида, жадал ривожланаётган дунё принципиал жиҳатдан янги иқтисодий сиёсатни, барча йўналишда — иқтисодиёт, таълим, илмий-техникавий, ижтимоий, гуманитар каби соҳаларда катта ўзгаришлар учун янги имкониятларни топишга қаратилган фаол ташқи иқтисодий стратегияни талаб қилди. Замоннинг ўзи давлат бошқарувини ташкил этишда, шу жумладан, ташқи сиёсат соҳасида янгича қараш ва фикрлашни талаб қилди.
Табиийки, бундай шароитда муқаррар ўзгариш зарурлигини англаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Бу одатий зарурат ёки бир жойда қолиб кетиш эмас, балки муносиб ривожланишни таъминлашнинг ягона йўли эканини англашдир.
Барча соҳаларда, давлат бошқаруви, жамият, оммавий ахборот воситалари, иқтисодиётда уйғониш бошланди.
Президент навбатдаги Уйғониш даври (ренессанс) учун шароит яратиш ҳақида гапирганда, бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, балки Ўзбекистон ривожланишини янги рельсларга қўядиган ҳақиқий ишлардир.
Ўз-ўзидан равшанки, кўпчилик қайта мослашиши ва одатдаги “қулайлик зонаси”дан чиқиб кетиши кераклиги аниқ, лекин ҳамма ҳам янги шароитларга муваффақиятли мослаша олмайди. Кимдир содир бўлаётган воқеалар жадаллиги ортидан шунчаки улгурмайди. Шундай шароитда шубҳалар муқаррар, ва натижада барча янгиликларни танқид қилиш юзага келади. Кўпчилик одатий турмуш тарзини ўзгартиришни истамаслиги натижасида амалга оширилаётган ўзгаришларни инкор этиб, қабул қилмасликни афзал кўради.
Бундай кайфиятлар барча давлатлар қатори бизни ҳам чеклаб ўтмаган инқироз пайтида янада кучаймоқда. Даромади ёки даромад манбаини йўқотган фуқароларнинг муаммолари, баъзи мансабдор шахсларнинг бепарволиги айрим скептик кишилар ва қўштирноқ ичидаги экспертлар учун мамлакатда амалга оширилаётган барча, жумладан, ташқи сиёсатдаги ислоҳотларни шубҳа остига қўйиш учун қулай сабаб бўлмоқда.
Бироқ амалдаги стратегия ташқи ва ички сиёсатда ривожланишнинг янги драйверларини фаол равишда ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишга қаратилган мутлақо прагматик йўлдир.
Янги йўналишнинг афзаллиги нимада, у мустақиллигимизни қай тарзда мустаҳкамлайди?
Аввало, ташқи сиёсат нуқтаи назаридан олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро жараёнларда янада фаол иштирок этиб, минтақавий ва глобал кун тартибини белгилашда дадиллик билан қатнашмоқда. Айни пайтда биз ўзимизнинг яккаланган дунёмизда яшаётганимиз йўқ, атрофимизда содир бўлаётган жараёнларни ҳисобга олишга мажбурмиз.
Пандемия туфайли юзага келган муаммоларни самарали ҳал этиш учун рақобат кучаяётган бир шароитда ресурслар ва савдо бозорларига кириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бундай вазиятда Тошкент ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, энг муҳим иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал қилишда халқаро майдонда ўз позициясини фаол равишда илгари сурмоқда. Замонавий Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва салоҳияти автаркия ва ўз-ўзини яккалаш орқали эмас, балки фаол халқаро ҳамкорлик орқали таъминланмоқда.
Масалан, биз кўп томонлама ташкилотларга аъзолик имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишни бошладик.
Илгари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш бўйича БМТ доирасидаги ташаббуси йиллар давомида таниқли ва муҳим ташаббус бўлиб келган.
Сўнгги 3 йилнинг ўзида расмий Тошкентнинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 3 та резолюцияси қабул қилинди. Бу ҳужжатлар Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маърифий ва диний бағрикенглик, туризмни ривожлантириш каби соҳаларга дахлдордир. Барча резолюцияларда нафақат жорий масалалар, балки Ўзбекистон ва минтақа учун ҳақиқатда муҳим аҳамиятга эга жиҳатлар ёритилган. Орол муаммосини ҳал қилишга йўналтирилган ва расмий Тошкент учун муҳим амалий аҳамиятга эга бўлган яна бир ташаббус ҳозирги кунда самарали амалга оширилмоқда. Бунда сўз Оролбўйи ҳудуди аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш учун БМТ шафелигида кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузиш ҳақида бормоқда.
Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун донорларнинг 26,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари жалб қилинди. 2020 йилда қарийб 200 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ва грант маблағлари жалб этилиши кутилмоқда. Биринчи аризани қабул қилиш доирасида фонд томонидан 2 та лойиҳа молиялаштирилди.
Узоқ йиллардан бери илк марта Ўзбекистон номзодлиги БМТнинг махсус органларига илгари сурилмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига ўз номзодини тақдим этиши зарур. Мутахассисларнинг фикри ва прогнозларидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистонда кенгашнинг янги аъзоси бўлиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Энг муҳими, мана шундай ёндашув натижасида Ўзбекистоннинг обрўси ортиб бормоқда. Яна бир омил — мамлакатни модернизация қилиш жараёнига жалб этган ҳолда БМТ лойиҳалари, дастурлари ва унинг тузилмалари ресурсларидан фойдаланиш имкониятининг мавжудлигидир.
Юқорида айтиб ўтилганларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолиятидан айрим мисоллардир.
Бундан ташқари, бугунги кунда Тошкент минтақавий ривожланишнинг асосий масалалари ва динамикасини шакллантираётган муҳим иштирокчилардан бирига айланганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Жаҳон ҳамжамиятига юзланган ҳолда Ўзбекистон бошқа давлатларни Марказий Осиё минтақасига ўзгача назар билан қарашга ва унинг минтақавий ҳамкорлик имкониятларидан энг юқори даражада фойдаланишга ундамоқда.
Бунинг ёрқин мисоли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марказий Осиё раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш борасидаги ташаббусидир. Бу ноёб формат.
Яхши эслаймизки, олдинлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари фақатгина икки томонлама ташрифлар ёки МДҲ ва ШҲТ доирасидаги олий даражадаги тадбирларда, шунингдек, бошқа халқаро доираларда учрашган.
Айни пайтда бевосита учрашувлар учун имконият мавжуд. Маслаҳат учрашувлари — бу Марказий Осиё давлатлари мустақил равишда, бошқаларнинг аралашувисиз ва воситачилигисиз муҳим минтақавий масалаларни муҳокама қилиши ва ечимлар ишлаб чиқиши мумкин бўлган платформадир.
Яна бир мисол — 20 йилдан бери ҳал қилинмаган чегара масалалари кескинлик манбаи, таъсир ўтказиш воситаси ва ҳар қандай вақтда “савдолашиш” предметига айланиши мумкин эди. Бугунги кунда бундай сценарийларни амалга ошириш имкониятлари кескин камайди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон билан давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги муҳим ҳужжатларни имзолади.
Сўнгги йилларда виза тартиблари соддалаштирилди, қўшни давлатлар билан чегараларда ўнлаб назорат пунктлари очилди. Натижада ҳар куни ўзбек-қирғиз чегарасини кесиб ўтган фуқаролар сони 30 минг кишига, ўзбек-тожик чегарасида эса 20 минг кишига етди.
Чегара масаласидан ташқари, қўшнилар билан яна бир мураккаб масала кун тартибидан чиқарилди. Яъни сув-энергетика муаммоси бўйича ўзаро англашувга эришилди. Яқин келажакдаги режалар Марказий Осиё энергетик ҳалқасини тўлиқ форматда ишга туширишдан иборатдир. Ҳозир Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан мавсумий равишда, Тожикистон билан умумий энергетик ҳалқа доирасида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли ва саноат соҳаларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини, айниқса, қиш мавсумида талаб энг юқори бўлган пайтда тўлиқ қондириш имконини беради.
Минтақанинг савдо-иқтисодий соҳадаги мавжуд имкониятлари очилмоқда. 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган муддатда минтақа ҳудудлари ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 2 баробар ошиб, 7 миллиард АҚШ долларидан ортди. Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатларида нафақат минтақадан ташқари савдо шерикларига интилиш, балки яқин бозорларни эгаллаш имконияти пайдо бўлмоқда.
Афғонистонга нисбатан янги сиёсат натижасида ҳам минтақа учун кенг имкониятлар очилмоқда. Биз аввалгидек ўзимизни Афғонистондан тўсиб қўймаяпмиз, балки ушбу давлатни ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларга жалб қилмоқдамиз. Афғонистонда барқарорликни таъминлаш, унинг транзит ва инфратузилма салоҳиятини ишга солиш минтақалараро савдони ривожлантиришга, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга оширишга кучли туртки бериши мумкин.
Прагматизмга асосланган сиёсат
Бугунги кунда кўпчилик Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида иштирок этиши юзасидан ёндашув ўзгарганидан ташвишда. Аммо биз бу вазиятни учинчи томон босими назариясисиз, холисона баҳоласак, аслида нима ўзгарган? Энг аввало, нафақат Евроосиё иқтисодий иттифоқига, балки кўп томонлама тузилмаларга нисбатан муносабат қайта кўриб чиқилганини айтиш лозим. Ҳозир Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокаралар фаол босқичда. Ўтган йили Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди. Бошқача қилиб айтганда, Тошкентнинг глобал ва минтақавий майдонлардаги фаол иштироки уларнинг амалий аҳамияти ва фойдалилигига боғлиқ.
Халқаро тузилмаларни кўпинча манфаатларимизга зиён қилган ҳолда кўр-кўрона инкор этиш позицияси ўз ўрнини давлат манфаатлари учун устувор бўлган ва амалий натижаларга қаратилган прагматик йўналишга бўшатди. Ушбу мантиқдан келиб чиқиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқига нисбатан ёндашув қайта кўриб чиқилди ва ҳамкорликнинг энг мақбул шакли — кузатувчи мақомида иштирок этиш танланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳарбий йўналишдаги турли ташкилотларда иштирок этиши ҳақидаги тахминлар мутлақо асоссиздир. Худди шу фикр мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштириш ғоясига ҳам тегишли.
Ушбу уюшмаларга ёндашувларнинг бундай ўзгариши яна нималардан далолат беради? Энг аввало, бу давлатнинг ўз-ўзини таъминлаш имкониятига эга экани, халқаро ташкилотларда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш қобилиятига ва ўз позицияларини муваффақиятли илгари суришга ишончидир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳарбий йўналишдаги турли ташкилотларда иштирок этиши ҳақидаги тахминлар мутлақо асоссиздир. Худди шу фикр мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштириш ғоясига ҳам тегишли.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси республиканинг ҳар қандай ҳарбий-сиёсий ташкилот ёки блокларда иштирок этишини, шунингдек, ўзининг ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштиришни тақиқлайди.
Иқтисодий мустақиллик амалда бўлиши керак
Сўнгги вақтларда республикамизнинг иқтисодий жиҳатдан заифлиги ҳақида баҳс-мунозаралар кўп бўлмоқда. Дарҳақиқат, иқтисодий жиҳатдан тўлиқ ўз-ўзини таъминламасдан туриб ҳақиқий мустақиллик ҳақида жиддий фикр юритиш мумкин эмас. Хўш, бу борада Ўзбекистонда асл ҳолат қандай?
Ҳозирги иқтисодий инқироз ва коронавирус пандемиясини Ўзбекистон минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан енгилроқ ўтказмоқда. Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатлари орасида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти нафақат қисқармайди, аксинча 1,5 фоиз ошади.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда бизнинг умумий экспорт таркибимиз ҳам маҳсулотлар ва бозорлар жиҳатидан кўпроқ диверсификациялашган. 2016 йилдан бошлаб экспорт товарлари таркиби муттасил ўсиб бормоқда. Агар олдинги давр билан таққосласак, масалан, 2010 йилдан бошлаб ташқи бозорларга етказиб бериладиган маҳсулотлар сони қарийб 1,5 баравар ошган.
Янги савдо бозорлари фаол ривожланмоқда. Натижада ўтган йилнинг охирида экспорт ҳажми пул кўринишида 2016 йилга нисбатан 56 фоиз ошди. Шундай қилиб, биз бир ёки иккита экспорт йўналишига қатъий қарам эмасмиз. Шунингдек, биз бир турдаги экспорт маҳсулотига бўлган кучли қарамликни ҳам сезмаймиз.
Мамлакатда мустаҳкам хавфсизликнинг “молиявий пойдевори” шаклланган. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг захира активлари 34,7 миллиард долларни ташкил этди. Иқтисодчилар фикрича, жорий захиралар 20 ойдан ортиқ муддатга импортни молиялаштириш учун етарли ҳисобланади. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткич — 3 ойдан анча кўпдир.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон етакчи учта халқаро рейтинг агентлиги — “Fitch”, “Standard&Poor’s” ва “Moody’s” томонидан суверен рейтингларни олди. Бу рейтинглар давлат ўз молиявий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажаришга тайёрлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, бутун иқтисодий тизим эркинлашмоқда, иқтисодиётнинг реал секторида инвестициялар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очилмоқда. Умуман, янгича ишбилармонлик муҳити шаклланмоқда, инвесторларда кафолат пайдо бўлмоқда, бу эса уларда мамлакатимизга инвестициялар киритиш истиқболларига бўлган ишончни янада орттиради.
Табиийки, бундай шароитда Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар, банклар ва бошқа молиявий институтлар билан ҳамкорлик қилиш учун устувор давлатга айланмоқда. Катта салоҳиятнинг мавжудлиги ва унинг ўзаро ҳамкорликка таъсирини инобатга олиб, улар сармоя киритишга тайёр. 2016 йилдан буён асосий капиталга жалб қилинган инвестициялар ва кредитлар ҳажми қарийб 3 баравар ошди. Уларнинг географияси 51 та сармоядор мамлакат сонидан 82 тага етди, шу жумладан, халқаро молиявий институтлар ҳисобига кенгайди.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон етакчи учта халқаро рейтинг агентликлари — “Fitch”, “Standard&Poor’s” ва “Moody’s” томонидан суверен рейтингларни олди. Бу рейтинглар давлат ўз молиявий мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажаришга тайёрлигини кўрсатади.
Умуман олганда, юқоридаги мисоллар идеалистик тасаввурни яратиш ёки ҳақиқатдан қочишга уриниш эмаслигини таъкидлаш керак. Холисона айтганда, амалга оширилаётган стратегияда муайян хавф ва харажатлар ҳам мавжуд. Масалан, экспорт ҳажмининг ўсиши билан бир қаторда импорт ҳамда ташқи қарзнинг ўсиши ҳам кузатилмоқда.
Бироқ бу хавфларнинг барчаси мақбул, объектив ва назорат қилинадиган даражада. Импортнинг ўсиши иқтисодиётни модернизация қилиш учун зарур бўлган техника ва технологиялар етказиб берилаётгани туфайли рўй бермоқда. Ташқи қарз ЯИМнинг тахминан 29 фоизини ташкил этади, бу эса ривожланаётган мамлакатлар учун иқтисодчилар ўлчови бўйича мос кўрсаткичдир. Биз қўшимча маблағларни инфратузилмани янгилаш дастурлари ва саноатни модернизация қилиш учун оляпмиз. Бошқача айтганда, иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини юксалтириш ва унинг экспорт салоҳиятини оширишга сармоя киритяпмиз. Демак, олинган кредитлар жорий харажатларни тўлаш учун эмас, балки келажакка сармоя қилинмоқда.
Шу билан бирга, барчамиз жамиятда ютуқларга эришиш ва тараққиётни юксалтириш ўз-ўзидан бўлмаслигини, бу йўлда ўзига хос мураккабликлар ҳам юзага келишини тўғри англашимиз лозим. Чунки, ҳаётда тез ва ҳеч қандай йўқотишларсиз ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар ҳам мавжуд. Барча ўзгаришлар учун, биринчи навбатда, вақт ва изчиллик керак. Шу сабабли амалга оширилаётган стратегиянинг пировард муваффақияти ва унинг тўлиқ амалга оширилиши учун биз жамият ҳаётидаги янгиланишларни қўллаб-қувватлашимиз ва бу йўлда бирлашишимиз, ҳамиша олдинга қараб барқарор ва оғишларсиз ҳаракат қилишимиз лозим”.
“Янги Ўзбекистон”, 2020 йил 8 сентябрь