Экспорт режалари ва инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши танқидий таҳлил қилинди

14 Okt 2020

14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси ҳамда Корея Республикаси билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, янги ўсиш нуқталарини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Хитой ва Жанубий Корея Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидир. Икки давлат билан ҳам олий даражадаги ташрифлар доирасида кенг кўламли келишувларга эришилган, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, гуманитар ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни қамраб олган “йўл харитаси” қабул қилинган.

Лекин коронавирус пандемияси барча мамлакатлар иқтисодиёти учун кутилмаган синов бўлди. Карантин чекловлари ташқи савдо алоқаларининг қисқаришига, транспорт қатновлари камайишига, инвестиция лойиҳалари кечикишига олиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари 6 октябрь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин билан телефон орқали суҳбатлашди. Мулоқотда қўшма дастур ва лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда уларни амалга оширишда кўмаклашиш, керак бўлса, имтиёзли кредитларни ошириш юзасидан келишиб олинди. Йил охирига қадар давлат раҳбарлари иштирокида онлайн саммит ўтказилиши белгиланди.

Хитой билан ҳам алоқалар изчил ривожланмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 4 миллиард долларга, Жанубий Корея билан 1,4 миллиард долларга етди.

Йиғилишда Президентимиз бу давлатлар билан ҳамкорлик бўйича имкониятлар кўплиги, лекин ҳозирги натижалар етарли даражада эмаслигини таъкидлади. “Йўл хариталари” ижроси оқсаётгани, иш тизимли олиб борилмаётганини жиддий танқид қилди.

Бу йил айрим соҳаларда экспорт кўрсаткичлари пасайган. Жумладан, Хитойга ўтган саккиз ойда тўқимачилик соҳасида 42,3 фоизга, кимё ва нефть-кимё саноатида 33,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда 18,1 фоизга камайган.

Шу даврда Жанубий Кореяга экспорт бўйича Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари экспортнинг аҳамиятини ҳанузгача чуқур тушуниб етмаётгани, уларнинг бу борадаги иш услуби бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари ўз маҳсулотларининг рақобатдошлигини ошириш, таннархини тушириш ва уларни ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича янги, самарали таклифлар ишлаб чиқиб, бу масалалар билан доимий шуғулланиши шарт, – деди Президент.

Хитойнинг очиқ иқтисодий сиёсати ва мамлакатимизнинг қулай географик жойлашувидан самарали фойдаланиш, Жанубий Корея бозорига юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни авиатранспорт орқали ташиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

ХХР ва Корея Республикаси мамлакатимизнинг йирик инвесторлари ҳам ҳисобланади. Хусусан, охирги уч йилда Хитойдан 3,9 миллиард, Жанубий Кореядан 850 миллион доллар сармоялар ўзлаштирилган.

Лекин айрим инвестиция лойиҳалари ижроси кечикмоқда.

Йиғилишда шундай лойиҳалар тармоқ ва вилоятлар кесимида танқидий муҳокама қилинди. Муддатидан ортда қолаётган ёки тўхтаб қолган лойиҳаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларни жадаллаштириш ва ишга тушириш чоралари белгиланди. Шу билан бирга, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Хитой ҳамда Жанубий Кореядан тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилишни кўзда тутувчи янги лойиҳаларни шакллантириш зарурлиги қайд этилди.

Транспорт, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги лойиҳаларнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Хитой ва Жанубий Корея билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги йўналишлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Бугун замон ўзгаряпти, талаб ўзгаряпти. Ҳамма тармоқлар таҳлил қилинмоқда. Уларни ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қиляпмиз. Натижа ҳам шунга мос бўлиши керак. Иқтисодий барқарорликнинг кафолати – экспорт ва инвестиция кўрсаткичларини ошириш, – дея таъкидлади Президент.

Видеоанжуман кўринишида ўтган йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги элчилари иштирок этиб, экспорт ва инвестиция лойиҳаларидаги қолоқликни бартараф этиш чоралари юзасидан ҳисобот берди.

Мутасаддиларга барча қўшма лойиҳаларни танқидий кўриб чиққан ҳолда, уларни тезлаштириш ва белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш бўйича янгиланган “йўл хариталари” тайёрлаш ҳамда келгуси йил учун янги истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Related