Ўзбекистон Президенти ICESCO билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди

30 May 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун юртимизга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.

Илм-фан, маданият, таълим ва туризм соҳаларида ушбу нуфузли минтақавий тузилма билан конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

ICESCO бош директори самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, мамлакатимизда бой илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш, ҳар томонлама ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган сиёсат натижаларини юқори баҳолади.

Ўзбекистон Президенти ташкилот билан ўзаро манфаатли ва жадал ҳамкорликнинг бугунги даражасини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

2007 йилда Тошкент шаҳри Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган, 2020 йилда Бухоро шаҳри, 2025 йил учун эса Самарқанд шаҳри ушбу мақомга эга бўлди.

Жорий йилда Хива Ислом дунёсининг туризм пойтахти ҳисобланади. Тошкент шаҳридаги Халқаро ислом академиясида ICESCOнинг Ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича махсус кафедраси фаолият юритмоқда.

Ҳамкорликнинг янги йўналишлари сифатида қўлёзмалар ва бошқа тарихий ёдгорликларни сақлаш, реставрация қилиш бўйича тажриба алмашиш, бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш, араб тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро илмий ва маданий тадбирларни ташкил этиш белгиланди.

Амалий шерикликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистонда ICESCOнинг минтақавий ваколатхонасини очиш масаласи ўрганилади.

Related