Шавкат Мирзиёев бухоролик фаоллар билан суҳбатлашди

31 May 2024

Давлатимиз раҳбари Қоракўл туманида жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди.

Бухоролик нуронийлар ижтимоий давлат тамойили асосида жойларда инсон манфаатлари таъминланаётганини айтишди. Замонавий мактаб ва институтлар ташкил этилиб, болалар таълим-тарбиясига имкониятлар кенгаймоқда. Аҳолининг саломатлиги доимий назоратда.

Иқтисодий-ижтимоий дастурлар натижасида туманларга саноат кириб бораяпти, маҳаллалар обод бўлмоқда. Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишга кенг йўл очилган.

Сайхунобод тажрибаси асосида иқтисодий комплекс ташкилотлари камбағал оилалар билан манзилли ишлаб, уларнинг даромад топишига кўмаклашмоқда. Томорқалардан самарали фойдаланилаяпти.

Булар юртимиздаги тўкинлик ва фаровонлик, ижтимоий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаётгани таъкидланди. Нуронийлар Бухорода ишга туширилаётган ва қурилаётган корхоналарнинг аҳоли бандлигидаги аҳамиятини қайд этиб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Related