Президентлар келгуси уч йилга Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлигини таъкидладилар

14 Iyun 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

— Кенг делегациянгиз билан Ўзбекистонга амалга ошираётган давлат ташрифингизни юртимиз ва минтақамиз билан кўп қиррали ҳамкорлик ривожига катта эътиборнинг яна бир тасдиғи сифатида қабул қиламиз, — деди Президентимиз.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг жадал ва инновацион ривожланишида асосий шериклардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда энергетика, кимё, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда 726 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Корея инвестицияларининг ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди, ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларга етди.

Музокаралар чоғида келгуси 3 йил учун Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари буни “Икки мамлакатнинг юқори технологияли ва инновацион ҳамкорлигининг янги даври” деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.

Шу муносабат билан ҳукуматларга Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хаб яратиш бўйича стратегик дастурни тайёрлаш топширилди.

Айни пайтда стратегиянинг туб йўналишлари сифатида бир қатор устувор соҳаларда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.

Биринчидан, ўта муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик. Бу ресурс базасини чуқур қайта ишлаган ҳолда қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини яратишни назарда тутади.

Иккинчи. Корея Республикаси анъанавий равишда глобал етакчилардан бири ҳисобланган яримўтказгичлар соҳасида стратегик ҳамкорлик. Бу борада мамлакатимизда минтақада биринчи яхлит илмий-ишлаб чиқариш кластерини барпо этиш режалаштирилган.

Учинчи. Кимё саноатида кенг кўламли ҳамкорлик. “Яшил” водород ва аммиак ишлаб чиқариш, шунингдек, тайёр резин-техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган.

Тўртинчи. Машинасозликда кооперацияни чуқурлаштириш. Жорий йил баҳорида Жиззах вилоятида KIA автомобилларини йиғиш линиясини ишга туширилди. Келгуси йилда йилига 60 мингдан ортиқ седан ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган.

Бешинчи. “Ақлли” қишлоқ хўжалигини яратишга технологияларни жалб қилиш, шу жумладан, аграр тармоқни рақамлаштириш, «ақлли» ва «яшил» технологияларни жорий этиш.

Мамлакатимиз ҳудудларида қайта тикланадиган энергия манбалари асосида замонавий иссиқхона хўжаликлари ва боғдорчилик мажмуаларини барпо этиш юзасидан келишувларга эришилган.

Олтинчи. Инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарсозлик дастури. Корея банклари ва компанияларининг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида турар-жой ва тижорат объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга қизиқиши юқори экани таъкидланди.

Еттинчи. Замонавий ва хавфсиз энергетика. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун томонлар энергетика вазирлари даражасида стратегик мулоқотни қайта тиклашга ва унинг навбатдаги йиғилишини яқин орада Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олдилар.

Корея Эксимбанки ва EDCF жамғармаси билан шериклик муваффақиятли бўлаётгани мамнуният билан қайд этилди, улар билан қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошган.

EDCF жамғармаси доирасида 2 миллиард долларлик янги лойиҳалар, жумладан, юқори тезликдаги электр поездларни етказиб бериш, «Тошкент Фарма Парк» лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва таълим муассасаларини жиҳозлаш бўйича келишувга эришилган.

Ҳозирги саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида юқоридаги йўналишлар бўйича 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилгани мамнуният билан қайд этилди.

Президентлар маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Самарали шерикликнинг яққол мисоли Корея томони билан ҳамкорликда қурилган замонавий кўп тармоқли болалар клиникаси ҳисобланади.

Музокаралар чоғида катталар учун шифохона ва онкологик клиникани ўз ичига олган тиббий кластер лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, Кореянинг ихтисослаштирилган марказларида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича узоқ муддатли дастур ишга туширилади.

Таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланган. Ўтган йилнинг мартида биринчи Ўзбекистон-Корея ректорлари форуми бўлиб ўтди. Келгуси йили навбатдаги учрашув ўтказилади.

Ўзбекистонда Корея фан ва технологиялари институти (KAIST) модели асосида институт ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, Корея Давлат бошқаруви институти ва Миллий инсон ресурслари институти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Давлат бошқаруви академияси қошида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ўқув марказини очиш режалаштирилган.

Кореялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда корейс тилини ўрганиш дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

KOICA кўмагида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз, Фарғона ва Урганчда очилган профессионал таълим марказларида ўзбекистонлик фуқаролар муваффақиятли тайёрланаётгани қайд этилди.

Корея томони молиявий-техник кўмакни жалб қилган ҳолда бундай марказлар тармоғини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам очишга тайёрлигини билдирди.

Икки халқни янада яқинлаштириш мақсадида келгуси йилни “Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ва ўзаро маданий тадбирларни ўтказиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, 2027 йилда Ўзбекистонда корейс диаспораси истиқомат қилаётганининг 90 йиллиги кенг нишонланади.

Президентлар бу тарихий санага атаб Тошкент шаҳридаги Корейс маданияти ва санъати уйида музей ва кутубхона очишга келишиб олдилар.

Давлатимиз раҳбари «Электрон ҳукумат»ни ривожлантиришда, «Рақамли Ўзбекистон» стратегиясини ишлаб чиқишда, IT-парк салоҳиятини мустаҳкамлашда ва «U-Enter» бизнес инкубаторларини яратишда Корея томонининг катта ҳиссасини қайд этди.

Бу борада томонлар сунъий интеллект, бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, экология, меҳнат миграцияси ва бошқа муҳим йўналишларда аниқ таклифлар кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари белгиланган «йўл хариталари»ни қабул қилишга топшириқ бердилар.

Related