Ўзбекистон Президенти томонидан 2024 йил 21 июнь куни имзоланган “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор халқаро экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Александр Клишин, БМТнинг Қонун устуворлиги ва хавфсизлик институтлари бошқармаси маслаҳатчиси:
– Ушбу ташаббус нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонда коррупцияга қарши курашишнинг муҳим босқичидир. Коррупцияга қарши виртуал академия Президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини доимий равишда ошириш тизимини жорий этишга қаратилган қатъий қарорининг самарасидир.
Ташаббус иқтисодиётнинг барча тармоқларида ҳалоллик, ошкоралик ва ҳисобдорликни рағбатлантириш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга тўлиқ мос келади. Ўзбекистон коррупциядан холи жамият қуриш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Коррупцияга қарши виртуал академия мамлакатлар учун намуна сифатида хизмат қилади.
Анас Карман, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг коррупцияга қарши курашиш масалаларини ҳал қилиш учун Виртуал академия ташкил этишга оид янги қарорини Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, давлат секторида антикоррупцион экотизимни мустаҳкамлаш ва ҳалолликни кучайтиришда жуда катта аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз.
Менимча, ушбу академиянинг ноёблиги, ушбу платформа орқали нафақат давлат хизматчилари ва комплаенс мутахассислари ўзлари учун зарур бўлган тренинглардан фойдаланишлари мумкинлиги, балки оддий фуқаролар учун ҳам кириш имконияти мавжудлигидадир. БМТ Тараққиёт дастури жаҳон тажрибасидан фойдаланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан елкама-елка туриб, ҳукуматнинг ушбу саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда платформани зарур маълумотлар ва тренинг материаллари билан таъминлайди.
Антти Карттунен, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:
– Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши курашиш виртуал академиясини ишга тушириш ташаббуси бугунги куннинг ва вақтнинг талабидир. Қолаверса, у соҳага оид кўплар саволларга жавоб топишга катта ёрдам беради.
Мазкур қарор, шунингдек, яқинда давлат раҳбари томонидан имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун мамлакатингизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларнинг яна бир муҳим босқичи, деб ўйлайман.
Коррупцияга қарши курашишда қонунчиликни такомиллаштиришда, Виртуал академия орқали давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашишни давом эттиришга, умуман, Ўзбекистоннинг соҳадаги саъй-ҳаракатларини кенг кўламда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Туя Бракс, Хельсинки университети қошидаги Қонун устуворлиги маркази директори:
– Ўзбекистонда ташкил этилган янги Коррупцияга қарши курашиш Виртуал академияси ҳақида фикр билдириш мен учун катта шарафдир.
Бир неча йилдан буён Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ишлайман. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, аҳоли хабардорлигини ошириш борасида олиб бораётган ишлар менда катта таассурот қолдирди. Янги Виртуал академия хабардорликни ошириш, турли мақсадли гуруҳлар учун махсус курслар ишлаб чиқиш, шунингдек, ёшларни ушбу соҳани ўрганишга жалб қилиш учун яхши имкониятдир. Пировардида биз Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида гапиряпмиз. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш, қонун устуворлиги тамойилларига амал қилиш юртингизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Квентир Рид, Оксфорд университети профессори, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти эксперти (Буюк Британия):
– Президентнинг янги Aкадемия ташкил этиш тўғрисидаги қароридан жуда хурсанд бўлдим. Менимча, бу табиий жараён. Коррупцияга қарши курашишда иккита ўта муҳим йўналиш бор. Биринчиси, аҳолининг хабардорлигини ошириш, иккинчиси эса таълим, яъни ўқитишдир. Уларсиз коррупцияга қарши тўғри тизимни йўлга қўйиб бўлмайди. Янги Aкадемия эса бу борада жуда фойдали бўлади.
Ушбу соҳада хабардорликни оширишнинг йўли тадқиқот олиб бориш, изланиш ҳисоблади. Бу ўта муҳим. Тадқиқотсиз бизда ҳеч қандай далил йўқ, далилларсиз бизда яхши сиёсат бўлмайди. Шундай экан, Aкадемия фаолиятини йўлга қўйишга киришган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси илғор халқаро тажрибалар асосида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган маълумотларни тўплашда, ҳақиқатан ҳам, муҳим ишларни амалга ошириши мумкин, деб ўйлайман.
Нурипа Муканова, Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Коррупцияга қарши курашиш бўйича ишбилармонлар кенгаши бош котиби:
– Ўзбекистон халқи ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигини Виртуал академиянинг очилиши билан табриклайман. Ушбу академиянинг очилиши нафақат мамлакатингиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бу коррупцияга қарши курашиш бўйича ўта муҳим чора ва коррупцияга қарши курашиш билан бевосита шуғулланувчи барча шахсларнинг, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш соҳасида ўз салоҳияти, билим ва кўникмаларини ошириш истагида бўлган шахсларнинг салоҳиятини юксалтириш учун муҳим платформадир. Виртуал академия, шунингдек, ўқиб, кейин давлат хизматига кираётган ёшларга коррупцияга қарши курашиш бўйича кўникмаларини ошириш имкониятини беради.