Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни қурилиш, таълим, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Маълумки, жорий йил 3 апрель куни Янги Тошкент шаҳрида илк иншоотлар қурилиши бошланган эди. Давлатимиз раҳбари бу улкан лойиҳа илм-фан ва маънавият масканларидан бошланаётганига урғу бериб, “булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади”, деган эди.
Шулардан бири – Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуадир. У жаҳонга машҳур “Zaha Hadid architects” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Бўлажак мажмуа ўзига хос дизайни ва функционаллиги билан диққатга сазовор. Унда эстетика ва қулайлик моҳирона бирлаштирилиб, атроф-муҳит билан уйғунлик ҳосил қилади. Шу жиҳатлари билан мажмуа келгусида халқаро туризм масканларидан бирига айланади.
Янги Тошкент учун яна бир салоҳиятли гўша – Чирчиқ дарёси. Аҳоли ва меҳмонларга замонавий шароитлар яратиш мақсадида унинг 6 километрга яқин қисмида дам олиш ҳудуди барпо этиш мўлжалланган. Бунинг учун қирғоқлар тартибга келтирилиб, кўкаламзорлаштирилади. Меҳмонхона, соғломлаштириш ва кўнгилочар масканлар қурилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу нуфузли ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 мартдаги қарорига мувофиқ, бунга тайёргарлик бошлаб юборилган.
Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда режалар тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги маданий мерос объектларини асраш, улар бўйлаб саёҳатлар ва кўргазмалар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Меҳмонхоналар ва тадбирлар ўтказиладиган жойларда барча шароит яратилади. Сессия иштирокчиларининг келиб кетиши, маданий тадбирлар, транспорт ва тиббий хизматлар мувофиқлаштириб борилади.
Ижтимоий соҳадаги энг катта йўналишлардан бири бу таълим. Аҳолисининг кўпчилиги ёш бўлган мамлакатимизда унинг барча босқичлари изчил ривожлантирилмоқда. Хусусан, олий таълимда ҳам янги масканлар қурилиб, шароитлар яхшиланмоқда.
Бухоро давлат университетида 21 мингдан зиёд ёшлар ўқийди, 10 та факультет, 8 та ётоқхона бор. Лекин бинолар шаҳарнинг турли ҳудудларида тарқоқ жойлашган бўлиб, ўқитувчи ва талабаларга ноқулайликлар туғдирмоқда.
Шу боис Бухоро шаҳрининг чеккасида университет учун янги кампус қуриш режалаштирилмоқда. 43 гектарда лойиҳалаштирилаётган мажмуада барча факультетлар, маъмурият, ётоқхоналар, лабораториялар, кутубхона, стадион, спорт зали ва амфитеатр яхлит жойлашади. Дарс ва амалиёт учун замонавий шароитлар яратилади. Ётоқхона ўрни 3 мингтадан 6 мингтага ошади. Бўш майдонларга дарахтлар экилиб, боғ барпо этилади.
Хива шаҳри юртимизнинг туризм манзилларидан бири. Сўнгги йиллардаги бунёдкорлик ишлари натижасида унинг салоҳияти янада ошди. Бу ерга келувчиларга қулайлик яратиш мақсадида поезд вокзали ёнида йўл ўтказгич барпо этиш мўлжалланмоқда. Лойиҳага кўра, 450 метрлик бу йўл транспортлар қатновини алоҳида ташкил этиш имконини беради, вокзал ва Ичан қалъа ўртасида пиёдалар хавфсиз ҳаракатланади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни такомиллаштириш, амалдаги ишларнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда Тошкент шаҳрида инвестиция дастурларининг бажарилиши ҳақида ҳам ахборот берилди. Қайд этилгандек, жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард доллар қийматидаги инвестициялар ўзлаштирилган. 200 га яқин саноат лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, 25 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Жумладан, Янгиҳаёт туманидаги технопаркда 46 та корхона ташкил этилмоқда.
Президентимиз йил якунигача мўлжалланган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, энергия тежамкорликка алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.