Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Бухоро халқаро аэропорти қурилишига оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда аэропортларни модернизация қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Қўқон ва Зомин аэропортлари ишга туширилди, Наманган ва Андижонда эса модернизация бошланди.
Аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилинаётгани ҳам ўз самарасини бераяпти. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилингач парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробарга ошган.
Шундай салоҳият Бухорода ҳам бор. Лекин у ердаги аэропорт аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу – талабга нисбатан жуда паст.
Парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари эскиргани қатновларни кўпайтириш имконини чеклаяпти. Аксарият сайёҳлар Бухорога бориш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлаяпти. Масалан, 9 ойда Бухорога ташриф буюрган 1 миллиондан зиёд хорижий туристларнинг 95 фоизи поезд ёки автомобилда борган.
Вилоятда меҳмонхоналар тармоғи, зиёрат туризми ривожланиб бормоқда. Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 8 миллионга етказиш режа қилинган.
Шу боис жорий йил 31 майда Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган эди. Давлат-хусусий шериклик асосидаги ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.
Тақдимотда лойиҳанинг техник-иқтисодий жиҳатлари тўғрисида ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари янги аэропортда ўтказувчанлик қобилиятини 2 баробар ошириб, соатига 8 та самолёт келиш-кетишига имконият яратиш зарурлигини таъкидлади. Терминалнинг қулайликлари, ички ва ташқи қиёфаси бўйича тавсиялар берилди.