Маҳаллий корхона муҳим ижтимоий лойиҳага ҳисса қўшмоқда

14 Okt 2024

Давлатимиз раҳбари Янгийўл туманидаги “Mesal Water Technologies” корхонасини кўздан кечирди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий дастурларда ичимлик суви ва оқова тармоқлари таъминотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала тез ривожланаётган Тошкент вилояти шаҳаралари учун ҳам долзарб.

Хусусан, “Тошкент вилояти ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳасининг 3-босқичи доирасида Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен ва Бекободдаги иншоотлар реконструкция қилинмоқда.

“Mesal Water Technologies” корхонасида шу каби сув тозалаш иншоотлари учун ўттиздан ортиқ махсус қурилма ва ускуналар ишлаб чиқарилмоқда.

Лойиҳага 1,7 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, Хитой, Германия ва Туркиядан келтирилган энергия тежамкор технологиялар ўрнатилган. Корхона халқаро сертификатларга эга. 50 киши иш билан таъминланган.

Бундай корхоналар фаолиятининг кенгайиши аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига ҳисса қўшиши таъкидланди.

Related