Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди

15 Okt 2024

Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти ва янги инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Иқтисодий ислоҳотлар барча тармоқларда ўз натижасини кўрсатмоқда. Сўнгги олти йилда Олмалиқ комбинатида саноат маҳсулоти 1,8 баравар, маҳаллийлаштириш 7,7 баравар, инвестиция 13 баравар ошган. “Рақамли ОКМК – 2030” стратегияси доирасида 70 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.

Айни пайтда янги мажмуалар қурилиб, мавжуд қувватлар оширилаётир. Комбинатнинг 75 йиллик тарихи давомида 2 та фабрика барпо этилган бўлса, энди бунга кўп кетмади. 2021 йилда “Ёшлик-1” кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланган эди. Энди бу лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида 4-мис бойитиш фабрикаси ҳаётга кўчмоқда.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, ушбу янги завод қурилишини бошлаб берди.

Қиймати 5,3 миллиард долларлик бу лойиҳа орқали йилига 146 минг тонна катодли мис, 13 тонна олтин ва 73 тонна кумуш олиш қувватлари яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 миллиард долларга етади. Фабрика ва унинг инфратузилмаларида 3 мингдан ортиқ киши ишлайди.

Лойиҳага Италиянинг “Wood” ҳамда Буюк Британиянинг “Worley Parsons” компаниялари жалб қилинган. Ишлаб чиқаришда юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланишини белгиланган.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 5-мис бойитиш фабрикаси ҳам лойиҳалаштирилмоқда.

Related