Ўзбекистон Президенти Озарбайжон делегациясини қабул қилди

17 Okt 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Озарбайжон Республикаси Ташқи разведка хизмати раҳбари Орхон Султоновни қабул қилди.

Учрашув аввалида Озарбайжон идораси бошлиғи давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Озарбайжон иттифоқчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Турли даражаларда фаол мулоқотлар ва самарали алмашинувлар давом этаётгани, ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсаётгани, томонлар кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар кўраётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик ҳамда хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хавфларга қарши курашиш бўйича махсус хизматларнинг яқин идоралараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва самарали мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Related