Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази жамоасига

18 Okt 2024

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни мамлакатимиздаги нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири – Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази ташкил этилганининг 50 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда Янги Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини ҳимоя қилиш орқали миллий генофондимизни асраш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашдек ғоят шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Марказнинг кўпмиллатли аҳил жамоаси – жонкуяр шифокорлар, олим ва мутахассислар, заҳматкаш ҳамшираларга фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдираман.

Сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлашга қаратилган дастурларимиз доирасида она ва бола саломатлигини  мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганимиз албатта бежиз эмас. Чунки бу юртимиздаги ҳар бир инсон ва оила, бутун жамиятнинг бахти ва келажаги билан боғлиқ ғоят муҳим масаладир.

Шу мақсадда тиббиётимизнинг ушбу етакчи тизими илғор хорижий тажриба ва замонавий ёндашувлар асосида ислоҳ қилиниб, унинг моддий-техник, илмий-методик базаси, кадрлар салоҳияти, таркибий тузилмаси тубдан такомиллаштирилди.

Айниқса, ўтган йили тарихий анъаналарга эга бўлган учта муассаса негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этганимиз бу йўлдаги катта қадам бўлди. Натижада мамлакатимизда 9 миллион 200 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда ҳомила саломатлигини назорат қилиб боришнинг яхлит ва вертикал бошқариш тизими яратилди, такомиллаштирилган тиббий профилактика ҳамда патронаж хизматлари йўлга қўйилди.

Бу ҳақда сўз юритганда, илк бор юртимиздаги ҳар бир оила патронаж ҳамширалар ва “Аёллар маслаҳатхонаси” бўлимлари орқали Марказ билан боғлангани, бирламчи бўғиндаги тиббий бригадалар таркибига 8 минг 500 нафар доя штати ажратилганини таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда Марказ ўз таркибида 14 та ҳудудий филиал, 46 та туманлараро перинатал марказ, 170 дан ортиқ туғруқ комплекси ва 209 та Аёллар маслаҳатхонасини бирлаштиргани унинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Бу эса ана шу муассасалар ишини самарали мувофиқлаштириб, бирламчи тизимда патронаж хизматини сифатли йўлга қўйиш, ҳомиладор аёлларни скринингдан ўтказиб, уларнинг саломатлигини мунтазам таҳлил қилиб бориш, бир сўз билан айтганда, хавфсиз оналикни таъминлаш имконини бермоқда.

Марказ дунёдаги етакчи тиббиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, тиббий диагностика ва даволашнинг илғор усулларини клиник амалиётга кенг жорий этаётгани ҳам диққатга сазовордир. Хусусан, гинекология йўналишида йилига 1300 дан ортиқ жарроҳлик операциялари муваффақиятли амалга оширилаётгани, 36 турдаги юқори технологик операциялар йўлга қўйилгани қанча-қанча юртдошларимизни ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, чет элга бориб даволаниш ташвишидан халос этмоқда.

Марказ юртимиздаги давлат даволаш муассасалари орасида биринчи бўлиб халқаро аккредитациядан ўтгани унинг нуфузи нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.

Инсон, жумладан, она ва бола саломатлигига нисбатан хавф-хатарлар тобора кўпайиб бораётган ҳозирги мураккаб замонда бу борада олдимизда янада долзарб вазифалар пайдо бўлмоқда. Бу эса барчамиздан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳнат, изланиш ва сафарбарликни талаб этмоқда.

Ушбу соҳанинг фидойи вакиллари бўлган сиз, азизлар буни чуқур англаган ҳолда, ўз билим ва тажрибангиз, малака ва маҳоратингиз билан эл-юртимизга янада фаол хизмат қиласизлар, деб ишонаман.

Ўз навбатида, соҳа ривожига алоҳида аҳамият бериш, сизларнинг шарафли меҳнатингизни муносиб рағбатлантириш бундан буён ҳам давлатимизнинг эътибор марказида бўлади.

Сизларни бугунги қувончли сана билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга тинчлик ва бахту саодат тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related