Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Муқаддас ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган сиз, азизларни улуғ алломалар юрти – Ўзбекистон заминида буюк муҳаддис Имом Термизийнинг илмий меросини ўрганишга бағишлаб ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуманнинг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ҳеч шубҳасиз, исломшунослик илмининг билимдонлари бўлган сизлар каби таниқли олим ва уламолар, эксперт ва тадқиқотчиларнинг бугунги нуфузли тадбирда иштирок этаётгани бизга катта мамнуният бағишлайди.
Зеро, сизларнинг тимсолингизда мусулмон оламининг фахру ифтихори бўлган Имом Бухорий, Имом Термизий сингари буюк алломаларимизнинг эзгу анъаналари давомчиларини кўрамиз.
Қадамларингизга ҳасанот, ташрифингиз қутлуғ ва хайрли бўлсин!
Қадрли дўстлар!
Биз ўрта асрларда ислом дунёсида ёрқин юлдуз бўлиб порлаган мутафаккир боболаримиз ҳақида сўз юритар эканмиз, Имом Термизий ҳазратларининг муборак номларини албатта биринчилар қаторида тилга оламиз.
“Муҳаддислар султони” деган юксак мақомга эришган буюк аждодимиз – Имом Бухорийнинг суюкли шогирди бўлган бу беназир зотнинг ёрқин хотираси, ўлмас асарлари, юксак инсоний фазилатлари ўн икки асрдан буён юртимиз заминини шону шуҳратга буркаб келаётгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Имом Термизий бобомиз мусулмон дунёсида олти буюк муҳаддисдан бири сифатида эътироф этилгани, ул зотнинг ҳадислар тўплами энг мўътабар манбалар қаторида тилга олиниши, ислом уммати бу мумтоз сиймо олдида доимо таъзимда экани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Бугунги анжуман муҳокамасига Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадия” ва “Сунани Термизий” каби ноёб асарлари, термизий алломалар илмий мероси ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти каби ғоят долзарб масалалар қўйилгани ана шундай эҳтиромнинг яна бир амалий ифодасидир.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб алломаларимиз, жумладан, Имом Термизийнинг бебаҳо меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас хотирасини эъзозлаш, табаррук қадамжоларини обод этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда сўз юритганда, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида муаззам ёдгорлик мажмуаси барпо этилгани, Термиз шаҳрида ул зотнинг табаррук номи билан аталган халқаро илмий-тадқиқот маркази, ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда Ислом институти ташкил этилганини таъкидлаш лозим.
Ана шу муассасалар томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ва бошқа диний таълим ва илмий-тадқиқот масканлари билан биргаликда Имом Термизийнинг ҳаёти ва фаолияти, бой мероси чуқур ўрганилмоқда. Алломанинг асарлари кўп нусхаларда нашр қилинмоқда. У киши ҳақида кўплаб илмий тадқиқот ишлари, китоблар, бадиий асарлар яратилмоқда.
Сиз, азизлар анжуман кунларида бу борадаги ишлар билан яқиндан танишиб, шу йўналишда ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдирасиз, деб ишонаман.
Биз улуғ алломаларнинг ворислари сифатида ислом динимиз тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини таъкидлаб, бу тенгсиз бойликдан башариятнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш учун биргаликда фойдаланишни, уни келгуси авлодларга безавол етказишни ўзимизнинг асосий бурчимиз, деб биламиз.
Ана шундай олижаноб мақсад йўлида юртимиз олимлари, уламолари билан бирга жонбозлик кўрсатиб келаётган сиз, азизларга, барча илм-фан намояндаларига чуқур миннатдорлик билдираман.
Ўзбекистондаги етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари эшиклари сизлар учун ҳамиша очиқ.
Сизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, илмий ва ижодий фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, анжуман ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти