Ўзбекистон Президенти ва Венгрия Бош вазири иқтисодий лойиҳаларнинг янги портфелини шакллантириш муҳимлигини қайд этдилар

06 Noy 2024

6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва саноат кооперацияси кўлами ортиб бормоқда, Тошкент вилоятида индустриал парк ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Октябрь ойида Қўқон шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилди. Бу ойда Будапешт шаҳрида муҳим қўшма маданий тадбирлар бўлиб ўтади.

Давлат раҳбарлари икки томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар. Етакчи компанияларнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича янги лойиҳалар портфелини шакллантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Related