Тошкент вилоятидаги катта имкониятлар инвестиция ва иш ўринларига замин

10 Dek 2024

Президент Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Тошкент вилоятида қўшимча имкониятларни ишга солиш, иш ўрни ва инвестицияни кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Тошкент вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар, туризм, умуман, барча соҳаларда жуда катта имкониятлар бор. Сўнгги етти йилда ҳудуд иқтисодиёти 1,5 баробар ўсган. Саноат корхоналари 2 баробар кўпайиб, 12 мингтага етган.

Лекин имкониятлар бундан анча кўп, улар тўла ишга солинмаяпти. Масалан, вилоятдаги жами ерларнинг бор-йўғи 25 фоизидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Ҳар гектарга тўғри келадиган даромад ҳам бошқа жойларга нисбатан кам. Бекобод ва Оҳангарон шаҳарлари, Оққўрғон, Чиноз, Пискент туманларида қайта ишлаш даражаси жуда паст. Озиқ-овқат хавфсизлиги, мева-сабзавотлар экспорти ҳам имкониятга яраша эмас.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чоралари белгиланди. Унга кўра, ҳар бир кластер, фермер ва деҳқон хўжалиги майдонидаги экинлар, маҳсулот ҳажми, ишчилари сони, солиқ тушуми каби маълумотлар «Агроплатформа» ахборот тизимига киритилади. Келгуси йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 7 та туманда 52 минг гектарда 3 марта ҳосил олиш йўлга қўйилади. 5 минг гектарда саноатлашган боғ ва токзорлар ташкил қилинади.

Умуман, 22 та туман-шаҳардаги ерлар қайта ишловчи ва экспортчи корхонага боғланади. Бу орқали келаси йил 3,5 миллион тонна мева-сабзавот етиштириб, 500 миллион доллар экспорт қилиш мумкинлиги айтилди.

Тошкент вилоятининг инфратузилмаси, логистикаси тадбиркорлик учун жуда қулай. Лекин ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар умумий майдони уч йилда бор-йўғи 1,6 миллион квадрат метрга ошган, бу пойтахтдан 3,5 баробар кам. Инвестициявий лойиҳалар учун тоифаси ўзгартирилган 9 минг гектар ернинг 2 минг гектаридан фойдаланилмаяпти. Бўш турган давлат иншоотлари ҳам бор.

Ҳолбуки, инвесторлар бу ҳудудда “ақлли шаҳар”, тиббиёт кластери, яшил энергетика станцияси қуриш ташаббусини билдирган. Водийлик ва пойтахтлик минглаб тадбиркорлар ҳам бизнесини кенгайтириш, янги корхона, меҳмонхона, савдо ва туризм мажмуалари қуриш учун жой излаб юрибди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ва вилоят мутасаддиларига бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди. Бино ва ерларни тадбиркорларга қулай шартда аукционга чиқариш, уларнинг негизида инвестиция, иш ўрни ва экспортни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Тошкент вилояти ҳокими келгуси йил 5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш ҳамда экспортни 2 миллиард долларга етказиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Давлатимиз раҳбари унинг таркибига эътибор қаратиб, кутилаётган инвестициянинг ярми шундоғам ривожланган Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ шаҳарлари, Оҳангарон, Зангиота ва Қибрай туманларига тўғри келишини қайд этди. Шу боис саноат ва хизматлар нисбатан орқада бўлган Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Паркент, Пискент, Қуйи Чирчиқ ва Чинозда қўшимча лойиҳалар қилиб, иш ўринлари очиш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент вилоятидаги имкониятлар ҳисобига барча аҳолини даромадли қилиш мумкинлиги айтилди. Келгуси йилда вилоятда 700 минг одамнинг бандлигини таъминлаб, ишсизликни табиий даражасигача тушириш, 22 минг оилани даромадли қилиб, камбағалликни ҳозирги 7,2 фоиздан 4 фоизга камайтириш, меҳнат мигрантларини юртимизга қайтариб, ишга жойлаштириш вазифа қилиб олинди.

Президентимиз йиғилишда қатнашган вилоят тадбиркорлари билан ҳам мулоқот қилди. Уларнинг таклиф ва ташаббусларига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Related