Озиқ-овқат саноатидаги режалар бўйича ахборот берилди

10 Dek 2024

Давлатимиз раҳбарига озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2025 йилги режалар бўйича ахборот берилди.

Аҳоли сони изчил ўсаётган бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб бўлиб бормоқда. Бунинг устига, глобал иқлим ўзгаришлари, ер ва сув тақчиллиги қишлоқ хўжалигида қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Шундай шароитга қарамасдан, бу йил юртимизда 9 миллион тонна дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта, 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 15 миллион тоннадан кўп гўшт ва сут етиштирилди. Озиқ-овқат саноати бўйича 343 та лойиҳа ишга туширилди.

Шу билан бирга, маҳаллийлаштириш бўйича ҳали имкониятлар кўп. Айниқса, нон, сут, гўшт, ўсимлик ёғи, қандолат ва салқин ичимликлар ишлаб чиқаришни ошириш керак.

Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда қандолат маҳсулотлари экспорти 4 карра ошиб, 13 миллион долларга етган. Хомашё, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари тўғридан-тўғри олиб келиниб, таннарх 20 фоизга камайгани туфайли рақобатдошлик анча ошган. Бу имтиёзлар муддати 2025 йил 1 январда тугайди. Ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур муддатни яна 2 йилга узайтириш таклифи кўриб чиқилмоқда.

Ёғ-мой саноатида 408 та корхона очилган. Лекин юртимизда хомашё камлиги учун улар ҳар доим ҳам тўла қувватда ишламаяпти. Ёғ-мой экспортига рухсат берилса, ишлаб чиқариш 120 минг тоннага ошиб, 240 минг тонна озуқа ем тайёрланиши ҳисоб-китоб қилинган.

Бош вазир ўринбосарига бозор талабларидан келиб чиқиб, бу борада таклиф киритиш топширилди.

Мамлакатимизда “ҳалол” сертификатига эга миллий бренд корхоналари кўпайиб, минтақа ва араб давлатларига гўшт маҳсулотлари экспорт қилаяпти. Лекин бизда колбаса маҳсулотларини сақлашнинг стандарт муддати 3 ой этиб белгиланган. Хориждаги истеъмолчига етиб боргунча 2 ой кетаяпти. Гўшт маҳсулотини сақлаш муддати Европа стандарти каби 4-12 ойга оширилса, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини 2 карра кўпайтириш имконияти очилади. Шунинг учун бу борадаги стандартларни халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди.

Сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида уларни таҳлил қиладиган лабораториялар ташкил этиш зарурлиги айтилди. Шундан келиб чиқиб, ушбу маҳсулотларнинг табиий ёки қуруқ сутдан тайёрлангани тўғрисида белги қўйилади.

Юртимизда салқин ва алкоголсиз ичимликлар, мева-сабзавотдан табиий шарбат ишлаб чиқариш ҳам яхши йўлга қўйилган. Сўнгги 5 йилда уларнинг экспорти 9 баробар ошиб, 35 миллион долларга етди. Лекин ўзимизда йўқ тропик мевалар концентратига бож қўйилгани учун бошқа давлатлар маҳсулотлари билан рақобатда ютқазаяпти. Шу боис тропик мевалар концентратларини божхона божидан озод қилиш таклифи билдирилди.

Йиғилишда мутасаддилар «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури асосида соҳадаги тадбиркорлар билан олиб борилаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақида ахборот берди. Президентимиз келгуси йилда бу ишларнинг сифатини янада ошириш ва кўламини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Related