Таълим йўналишларидаги вазифалар бўйича ахборот берилди

24 Dek 2024

Давлатимиз раҳбарига мактабгача ва мактаб таълими тизимида 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар бўйича ахборот берилди.

Шахс тарбиясининг пойдевори бўлган бу бўғинларга давлатимиз томонидан доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳудудларда янги-янги таълим масканлари барпо этилиб, мутахассислар салоҳияти оширилмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмалари замон талабларига мослаб янгиланаяпти.

Мактабгача таълим тизими илғор хорижий тажрибалар асосида янгича ривожланиш босқичига қадам қўйди. Сўнгги йилларда болалар боғчалари сони 8 баробар ошиб, 38 мингтага, қамров эса 27 фоиздан 76 фоизга етди.

Мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, бу йил 608 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Ёшларга иккинчи хорижий тил ва касб ўргатиш кенгайтирилди. Илк бор 530 та мактабда инклюзив таълим йўлга қўйилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири навбатдаги режалар юзасидан ахборот берди.

Қайд этилганидек, келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаблар ташкил этилиб, 257 минг ўқувчи ўрни очилади. Давлат таълим дастури халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштирилади.

Иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар 420 тага, касб-ҳунар ўргатиладиганлари 400 тага етказилади.

Дунёдаги илғор тажрибалар, янги услублар амалиётга киритилмоқда. Жумладан, бу йил 1 минг 500 та умумтаълим мактабида янги баҳолаш тизими жорий қилинди. Натижалар таҳлилидан келиб чиқиб, бу тажриба яна кенгайтирилади.

Ўқитувчиларга малака тоифасини беришда ҳам рақамлаштирилган тизимга ўтилган. Энди тоифасини оширган педагоглар рағбатлантирилади, уларга тўплаган балига қараб 70 фоизгача устама берилади.

Давлатимиз раҳбари малака синовлари тартибини такомиллаштириш, соғлом рақобат муҳитини яратиб, барча педагогларга тенг имконият бериш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда кейинги йилдан ҳудудлардаги малака ошириш марказларида ўқув жараёнлари ўзгартирилади. Бунда ҳар бир ўқитувчининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, табақалашган малака ошириш тизими жорий қилинади. Малака синовидан ўта олмаганлар алоҳида дастур асосида қўшимча ўқитилади. Вилоятлардаги 5 та Педагогик маҳорат маркази замонавий шароитда иш бошлайди. Барча марказлар ситуацион ўқув техникалари ва виртуал лаборатория билан жиҳозланади.

Таълим ташкилотларига малакали раҳбарларни жалб этиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, қўшимча манбалар ҳисобидан, мактаб ва боғчалар директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарларини моддий рағбатлантириш таклифи билдирилди.

Таълим билан тарбия узвий олиб борилади.
Ўзбекистон Президентининг шу йил 15 ноябрдаги қарорига мувофиқ, ўқувчиларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимига эътибор кучайди.

Юқори синфларда ҳарбий ватанпарварлик дарслари бир соатга кўпайтирилди. Ушбу йўналиш ўқитувчилари нуфузини ошириш учун уларга ҳарбий унвон бериш тартиби белгиланди.

Келгуси ўқув йилигача бу фан бўйича янги дарсликлар ишлаб чиқилади, касбий салоҳияти юқори ўқитувчилар ишга жалб этилади. Мудофаа вазирлиги билан бирга 208 та таълим масканида “Жасорат мактаблари” ташкил этилади. Бу мактабларга тарбияси оғир ўқувчилар ҳам қамраб олинади.

Жорий йил 30 сентябрь куни соҳага доир яна бир муҳим ҳужжат – мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2025 йилдан бошлаб, мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади. “Методик маҳорат соати”, “Методик маҳорат куни” каби малака ошириш шакллари ташкил қилинади.

Кейинги йил 162 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 100 та хусусий ва мингта оилавий боғча очилади. Булар орқали мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилади. Мактабга тайёрлов гуруҳлари билан бошланғич синф ўқув дастурларининг узвийлиги оширилади.

Президентимиз соҳани барча ҳудудларда ривожлантириб, умумий таълим сифатини ошириш, бунда, айниқса, чекка туманларга алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Related