ДАВЛАТ — ҲАР БИР ФУҚАРО МАНФААТИ УЧУН ҚАЙҒУРАДИ

29 Apr 2021

Айтиш лозимки, бугун мамлакатимизда янги уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда. Шу маънода бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, Муҳтарам Президентимиз бошчилигида охирги йилларда маҳалла тизимини ислоҳ қилиш, уни халқчил тузилмага айлантириш, унда адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани барча маҳалла фаолларини бирдек қувонтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил
18 февралдаги Фармони асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши орқали тизим истиқболини юксалтиришда янги тарихий, том маънода маҳаллалар фаолиятида янги туб бурилиш даврини бошлаб берди.

Вазирлик орқали жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилди. Бу ташаббуслар замирида эса фақат бир мақсад – шу юртда яшаётган одамларни ҳаётдан, давлатдан рози қилиш, халқимизнинг бахтли яшашини таъминлаш мужассамдир.

Айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, қийин вазиятларда  фуқаролар ижтимоий ҳимоясини таъминлашда қатор чоралар олиб борилди.

Бу борадаги муҳим қадам ҳамда янги иш усули сифатида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудлар кесимида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳисобини юритиш ҳамда уларга ёрдам беришга қаратилган “Темир дафтар” тизими яратилди.

Мазкур рўйхат асосида 2020 йилда эҳтиёжманд оилаларга умумий ҳисобда 417 миллиард сўмлик, шунингдек, шу йилнинг сентябрь ойида шу тоифадаги оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларни мактаб формаси ва ўқув қуроллари,  қишки кийим-бош тўпламлари билан таъминлаш мақсадида 426 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб
1,5 баробарга оширилди. 2020 йил якунига қадар уларнинг сони ҳозирги 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилиб, бунинг учун давлат бюджетидан 12,5 триллион сўм маблағ ажратилди.

Пандемия даврида Вазирлик ҳудудий бўлинмалари қошида ташкил этилган Ҳомийлик  хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари орқали 2020 йил 2 апрелдан 20 май кунига қадар 413 072 та эҳтиёжманд оилаларга 49 млрд 910 млн сўмлик, 13 июлдан 14 августга қадар фаолият юритган Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали эса 317 282 та эҳтиёжманд оилаларга 35 млрд 24 млн сўмлик озиқ-овқат, 3 965 та оилага 427,3 млн сўмлик дори-дармон маҳсулотлари етказиб берилди.

Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашларининг қарори асосида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 479 минг 400 та оилага моддий ёрдамлар кўрсатилиши ташкиллаштирилди.

2020 йилдаги пандемия даврида аҳоли саломатлигини асраш, коронавирусга чалинган беморларга имкон қадар зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Уй шароитида карантинни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида услубий кўрсатма” ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида касалликни енгишнинг, тарқалишининг олди олинди. Ушбу тизим орқали ўтган давр мобайнида карантинга олинган хонадонлардан 84 435 маротаба хабар олиниб, улардан 6 897 тасига озиқ-овқат, 3051 тасига дори-дармон ва 4 105 тасига гигиеник воситалар бепул етказиб берилди.

2020 йил май ойида Сирдарё вилоятидаги Сардаба сув омборида рўй берган табиий техноген вазият натижасида талофат кўрган фуқароларга катта моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Давлат воқеанинг энг муҳим палласида у ўз инсонпарварлик қудратини кўрсата олди, фуқароларига келажакка умид, эртанги кунига дадил қадам ташлаши учун зарур мотивация бера олди. Халқимизнинг олийжаноблик, меҳмондўстлик ва бир бутунлилик хислатларини ҳамоҳанглигида ўз ижтимоий ғамхўрлигини кўрсатди.

Мамлакат раҳбари шу куннинг ўзидаёқ воқеа жойига етиб бориб одамларга кучли ишонч берди.

Сардоба воқеаси халқимизнинг олийжаноблик, меҳмондўстлик ва бир бутунлилик хислатлари ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди. Талофат оқибатларини бартараф этиш мақсадида жуда катта ҳажмда амалий ишлар олиб борилди. Таъмирталаб ҳолатга келиб қолган 1 830 та уй Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мутасаддилари томонидан таъмирланиб аҳолига топширилди. Тошқиндан жабр кўрган фуқароларнинг 4 543 нафарига 40 млн. сўмлик, 252 нафарига эса 20 млн. сўмлик пластик карталари очилиб, маблағлари тушириб берилди. Шунингдек, оилаларга 15 574 та маиший техника воситалари (музлатгич, телевизор, электр плита ва бошқалар) тарқатилди.

Қисқа муддат давомида маҳаллий аҳоли учун Сирдарёнинг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида барча қулайликларга эга 2 640 та хонадонли 86 та кўп қаватли замонавий уй-жойлар бунёд этилди. Булар Сардоба туманида 1 480 хонадонли 37 та, Мирзаобод туманида 360 хонадонли 9 та, 800 хонадонли 40 та уйлардир. Мазкур уй-жойлар тошқиндан талофат кўрган оилаларга ўрнатилган тартибда тақсимланди.

Мамлакатдаги барча болаларнинг ҳудудий тиббиёт поликлиникалари орқали турли касалликларга қарши мутлақо бепул эмлаш ва шу орқали соғлом вояга етиши доимий назорат қилиб борилади.

Айниқса, олий ўқув юртларига ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалалар фарзандлари ва ногиронлиги бор фуқароларнинг маълум имтиёз асосида қабул қилинаётганлиги ҳам хориж жамоатчилиги ўртасида катта ижтимоий воқеа сифатида эътироф этиб келинмоқда.

2020 йил ўқув йилида ана шундай қизларимиз учун мазкур тизим асосида олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига қўшимча 940 та давлат гранти ажратилди.

Хотин қизларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамларнинг тури ва миқдори ҳам вақт ўтган сари ортиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 12 минг 186 нафар аёл тикувчилик, сартарошлик, пазандачилик, психолог, компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик кўникмалари каби йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилди. 13 минг 922 нафар аёл касбга ўқитиш марказларида касбга тайёрланди. 17 минг 448 нафар хотин-қизлар ҳунармандчилик, 12 минг 101 нафари касаначилик соҳаларига жалб этилди. 4 минг 873 нафар аёлларни маҳаллалардаги тажрибали уста-ҳунармандларга (зардўзлик, дўппидўзлик, каштачилик, гилам тўқиш, заргарлик, қуроқчилик) бириктирилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари доирасида 70 минг 145 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланиб, 30 минг 298 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Ижтимоий шароити оғир 14 мингдан зиёд хотин-қизлар доимий ишга, 179,9 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 4,4 минг нафари тадбиркорлик соҳаларига жалб этилди.

Бундан ташқари, 11 минг нафар хотин-қизларга банклар томонидан 1 трлн. сўмдан ортиқ кредитлар ажратилишига кўмаклашилди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан эса 1 558 нафар хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳалари учун жами 33 млрд. 521 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Мамлакатда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги тизими сифатида ташкил этилган “Аёллар дафтари”га 433 мингга яқин хотин-қизлар киритилди, 81 минга яқин хотин-қизларнинг муаммолари ўрнатилган тартибда ҳал этилди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қайта ташкил этилган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳар йили АТ “Халқ банки”га 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни 2021 йилда Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада, 2022 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасида йўналтириши мамлакатимиздаги эҳтиёжманд аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этиши аниқ. Шу билан бирга, ушбу қарорга кўра, махсус жарроҳлик амалиётлари ўтказиш орқали даволанишга муҳтож ҳамда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг даволаниши учун жамғармага 30 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши, шубҳасиз мамлакатимизда инсон манфаатлари, унинг қадр-қиммати нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканининг амалий тасдиғидир.

Бундан ташқари, жорий йил “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 80 миллиард сўм, шунингдек, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга турар жой ижараси компенсациясини тўлаш учун 11 миллиард сўм ажратилиши кўрсатиб ўтилгани эътиборга молик.

Айниқса, 2021 – 2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни маҳаллий бюджет ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилгани ўзбек қизларининг илм олиш, касб эгаллашга бўлган иштиёқини янада оширади, жамиятимизда зиёли аёллар сафининг кенгайишига хизмат қилади.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимиздаги кекса авлод вакилларининг ижтимоий таъминоти бўйича ҳам бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.

Биргина Вазирлик томонидан 121 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси, 126 нафарига эшитиш мосламаси, 206 нафарига ҳасса (қўлтиқ таёқ), 43 нафарига кўзойнак, 201 нафарига бошқа реабилитация воситалари берилди. 392 нафар нуроний эса “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бир сўз билан айтганда бу эзгу ишлар мамлакатимизда барча аҳоли қатлами, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим масалага айлангани, давлат ҳар бир фуқаро манфаати учун қайғураётганининг амалий тасдиғидир.

Зеро, инсон шаъни, қадр-қиммати эъзозланган юртда фаровонлик, хотиржамлик, энг асосийси, тинчлик барқарор бўлади.

Related