Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) бош илмий ходими Арес Баязитов «Дунё» АА мухбирига берган интервьюси чоғида Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг ривожланиши ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, икки мамлакатни боғлаб турган ришталар хусусида тўхталди.
– Суҳбатимизни давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрлари билан бошламоқчиман: «Ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига қиёсдир. Бизнинг динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Бир мақсад йўлида бирлашган ҳолда қувончу шодлигимизда ҳам, қайғумизда ҳам доимо биргамиз. Аждодлар анъанасига содиқ қолган ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоғимиз даркор».
Дарҳақиқат, Тожикистон ва Ўзбекистон икки мустақил давлат сифатида турли чегара ҳудудига эга бўлишига қарамай, азалдан уларни бир-бирига чамбамрчас боғлаб турадиган умумий жиҳатлари кўп.
Минг йиллар мобайнида, яъни сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар давридан буён икки давлат вакиллари ёнма-ён, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечириб келишмоқда. Икки давлат аҳолиси Ислом динининг ханафия мазҳабига эътиқод қилиши ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Бугунги кунда, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан янги ўсиш суръатини намоён этмоқда. «Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик шартномаси», «Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома» каби ҳужжатларнинг имзолангани ўзбек-тожик ҳамкорлик йўналишини белгиловчи асосий ҳужжат саналади.
–Сизнингча, қандай омил ва сабаблар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг қайта тикланишига туртки бўлди?
-Шуни ишонч билан айта оламанки, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли яхши қўшничилик, қардошлик алоқаларини ривожлантиришда ижобий натижага эришилди.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Зиммамизга улкан масъулият юклатилган: биз нафақат қўлдан бой берилган имкониятлардан фойдаланишимиз, балки ўзаро яқин муносабатларимизни ҳам янги босқичга олиб чиқмоғимиз даркор».
-Минтақавий муаммолар ва ижобий ютуқларимиз деганда айнан нимани назарда тутаяпсиз?
-2017 йилда Тошкент ва Душанбе авиақатновларининг қайта йўлга қўйилиши, Ғалаба-Амузанг темир йўли барпо этилиши, Самарқанд-Панжикент А-377 халқаро йўлининг очилиши, икки давлат чегарасида 10 та назорат пунктлари иш бошлагани юқоридаги фикрларимизнинг тасдиғидир.
Айниқса, 2018 йилда Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи муҳим тарихий воқеа сифатида қайд этилиб, унда ўзбек-тожик халқлари ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро стратегик шериклик соҳаларидаги муносабатларда янги саҳифа очилди.
2018 йилда «Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро саёҳатлари тўғрисида»ги келишувнинг имзоланиши давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланишига асос яратиб, миллионлаб фуқаролар ҳаётини енгиллаштирувчи мисли кўрилмаган туб бурилишни ясади.
Бундан ташқари, ушбу келишув юртимизда сайёҳлар оқимининг кескин кўпайишига, қариндошлик алоқаларининг қайта тикланиши ва трансчегара савдо-сотиқни амалга оширишга улкан ҳисса қўшди. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистондан қўшни Тожикистонга газ етказиб бериш тизими қайта йўлга қўйилди. Сув ресурсларидан фойдаланишдаги ўзаро манфаатли алоқалар қайта ўрнатилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, Оролни қутқариш халқаро фонди, ЕХҲТ, ИҲТ каби қатор халқаро ва минтақавий тузилмаларда бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича, жумладан, қўшни Афғонистондаги вазият бўйича ҳам умумий ёндошувга эга давлатлар ҳисобланади.
2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон номзодини Тожикистон биринчилар қаторида қўллаб-қувватлагани ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир.
«Умумий уйимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муҳитини яратиш йўлидаги қатъий қадамларингизни илиқ қарши оламиз. Улар бизнинг мақсадларимизга ҳам тўла мос келади», деган эди Тожикистон раҳбари давлатимиз раҳбарига мурожаатида.
–Дарҳақиқат, сўнгги бир неча йиллар мобайнида кўплаб ижобий ўзгаришларга эришилди. Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг бугунги ҳолати тўғрисида қандай фикрдасиз?
-Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ижобий ўсиш суръатини қайд этмоқда, айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари, ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот диққатга сазовордир.
Марказий Осиёни хавфсиз ва барқарор минтақага айлантириш йўлида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик ва қатор бузғунчи унсурларга қарши кураш доимий равишда кучайиб бормоқда.
Мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва савдо ҳажмини ошириш юзасидан аниқ белгиланган чора-тадбирлар туфайли 2018 йилда 202,5 миллион АҚШ доллари ҳажмига тенг маҳсулот етказиб бериш бўйича 92 та шартнома ва келишувлар имзоланди. 2020 йилда Ўзбекистон-Тожикистон бизнес анжумани якунлари бўйича яна 711,5 миллион долларлик 306 та шартнома тасдиқланди.
Сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал ўсиш суръатлари янада кенгайиб, изчил давом этмоқда. Шу тариқа 2020 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасининг ҳажми 500 миллион доллардан ошгани қайд этилди.
Тожикистонда саноат ҳамкорлиги доирасида ўзбек маблағи ҳисобидан 51 та корхона ташкил этилган. Маҳаллий аҳоли ўртасида харидоргир маиший техника ишлаб чиқарадиган «Аrtel Avesto Electronics» қўшма корхонаси шулар жумласидандир.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон томонидан махсус қурилиш транспортини йиғиш ҳамда ишга тушириш билан шуғулланувчи «ТАЛКО-КРАНТАС» қўшма корхонаси фаолиятининг йўлга қўйилиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.
– Арес Марсович, суҳбатимиз бошида халқларимизнинг қон-қардошлик муносабатлари тўғрисида айтиб ўтдингиз. Шу маънода, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?
-Тўғри савол бердингиз. Дарҳақиқат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг асосий устувор йўналишларидан яна бири маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликдир.
Бу борада Тожикистон маданият кунларининг мамлакатимизда ўтказилгани, Душанбе шаҳрида атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг таваллудига бағишланган маданий тадбирларнинг ташкил этилганини эслаб ўтиш жоиз.
2020 йилда Суғд вилоятидаги қадимий Саразм шаҳрининг 5500 йиллиги, тожик шоири ва мутафаккири Камол Хўжандий таваллудининг 700 йиллиги, «Камолиддин Беҳзоднинг Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти мазмунидаги асари» мавзуига бағишланган халқаро симпозиумлар ва кўплаб маданий тадбирлар кенг миқёсда нишонланди.
Ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистон томонидан Тожикистоннинг Спитамен туманида янги мактаб биноси қуриб, фойдаланишга топширилган бўлса, Душанбеда коронавирус инфекциясига қарши курашда тиббиёт жиҳозлари ва тиббий воситалар беғараз ёрдам сифатида қўшни мамлакатга тақдим этилди.
– Саволларимизга батафсил жавобларингиз учун раҳмат. Сўнгги савол: бугунги кунда ўзбек-тожик ҳамкорлигининг янада ривожланиши учун тўсиқлар борми?
-Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларда муаммоли ва мунозарали масалалар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, мамлакатларимиз иқтисодиётида ўзаро ҳамкорликнинг айрим соҳаларида салоҳиятимиз етарли бўлишига қарамасдан амалга ошмай қолган ҳоллар талайгина. Хусусан, туризм, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун қўшма лойҳалар яратиш соҳалари шулар жумласига киради.
Менинг фикримча, Тошкент ва Душанбе ўзаро фаол сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни сақлаб қолиш, ривожлантириш орқали келгусида минтақавий ҳамкорликнинг етакчи аъзоларига айланиши учун етарлича салоҳиятга эга. Умумий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишида муҳим роль ўйнаши мумкин.