МАРКАЗИЙ ВА ЖАНУБИЙ ОСИЁ: МУШТАРАК САВДО-ИҚТИСОДИЙ, ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ВА ЦИВИЛИЗАЦИОН МАКОН

16 May 2025

2025 йилнинг 19-21 май кунлари “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлиги бўйича Термиз мулоқоти ўтказилиши режалаштирилган. Термиз мулоқотининг асосий мақсади – Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашдан иборат. Ушбу формат хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақалараро алоқаларни чуқурлаштириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молия институтларининг ролини кенгайтириш каби долзарб масалаларни муҳокама қилишга қаратилган. Тинчлик ва хавфсизликка нисбатан анъанавий ва ноанъанавий хатарлар кучайиб бориши, минтақалараро алоқаларни чуқурлашуви билан тавсифланган замонавий залқаро тизимда кузатилаётган инқирозлар шароитида, давлатлараро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро алоқадор ва умумий таҳдидларга қарши муштарак ҳамкорликни ривожлантириш вазифалари икки минтақанинг барча давлатларига бирдек дахлдор масалалардир. Шу боисдан, Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари учун фавқулодда долзарб ва аҳамиятлидир. Зеро, “география – бу тақдирдир”, деган эди таниқли файласуф ва тарихчи Ибн Ҳалдун. Неча замонлар ўтса ҳамки, ушбу фикрлар ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда. Тақдирнинг изми ва тарих тақозоси билан Ўзбекистон жаҳонаро денгиз йўлларидан мосуво бўлиб қолишига тўғри келди. Аёнки, энг яқин денгиз йўлаклари жанубий қўшнимиз, узоқ йиллардан буён уруш ва зиддиятлар исканжасида қолган Афғонистон ўлкаси ҳудуди орқали ўтади. Машҳур саркарда, буюк аждодимиз Заҳириддин Бобур ва унинг ворислари замонида жанубий йўлаклардан жами 13 та савдо карвонлари ўтган экан. “Ҳинд сори юзланган” Бобурийнинг тарихий ришталарини, савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини, умуман янги транспорт йўлакларни барпо этиш бугунги Ўзбекистон ташқи сиёсий стратегиясининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда. Ўйлайманки, халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ўзининг қудратли таъсир кучини намоён этади. Биз ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва энг асосийси, ишонч изчил ва барқарор ривожланиш, минтақаларимиз аҳолисининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини оширишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланишига аминмиз. Бундай ёндашув – давр талабидир”.

Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиё, Яқин Шарқни Узоқ Шарқ минтақалари билан боғлайдиган мин­тақалараро транспорт кўпригидир. Марказий Осиё минтақа­сига энг яқин денгиз портлари айнан Афғонистон ҳудуди орқали ўтади. Шу мақсадда Трансафғон транспорт йўлагини ишга тушириш Ўзбекистон учун стратегик даражада аҳамиятга эга. Ўзбекис­тоннинг Афғонистон орқали денгиз портларига чиқиши Қора ва Болтиқ денгизига чиқиш портларидан 2-3 марта, Тинч океани портлари йўналишидан 5 марта қисқароқдир. Таҳлилий маълумотларга кўра, Ўзбекистон умумий халқаро транспортининг 60 фоизи Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон транзит йўлларидан ўтади. Ушбу транзит йўлларининг улуши қуйидагича: 69 фоиз Қозоғистон ва Туркманистон, 21 фоиз Тожикистон, 6 фоиз Қирғизистон ва 4 фоиз Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. Истиқболда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларини Афғонистон орқали халқаро бозорларга олиб чиқиш учун қулай имкониятлар ва шароитлар яратиши мумкин. Шу сабабдан, хал­қаро трансафғон коридорининг очилиши минтақала­раро савдо мулоқотига замин яратади, жумладан, Ўзбекистон Эрон, Покистон ва Ҳиндистон портлари орқали дунё бозорларига чиқади ҳамда бутун минтақанинг улкан транзит салоҳиятини кенг рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар очилади. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши учун катта кўмак кўрсатилмоқда. Масалан, Ўзбекистон 2010 йил Афғонис­тонда фойдаланишга топши­рилган ва поездлар қатнови йўлга қўйилган илк темир йўл – “Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўлини бунёд этган давлат сифатида тарих саҳифасидан жой олган. Бу лойиҳа муддатидан олдин, яъни 11 ойда фойда­ланишга топширилди. Ушбу транспорт йўналиши ишга тушганидан буён у ор­қали 20 миллион тоннадан ортиқ юк ташилди. Шунинг 5,5 мил­лион тоннага яқини Ўзбуистоннинг экспорт товарлари бўлди. Осиё тараққиёт банкининг маълумотларига кўра, мазкур темир йўл қурилиши нати­жасида 1200 та афғонлар доимий иш билан таъминланди, лойиҳа ҳудудларида бандлик даражаси 10 фоиздан ошиб, 7 млндан ортиқ аҳоли темир йўл хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, юкларни ташиш вақти икки баробар қисқариб, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртаси­даги савдо ҳажми 2008 йилдаги 520 млн доллардан 2012 йилга келиб 1 млрд доллардан ошди. Ушбу давр мобайнида Афғонистоннинг умумий савдо ҳажми 2008 йилдаги 3,5 млрд долларга нисбатан 6,8 млрд долларга юқорилади. Мутахассисларининг баҳолашича, Ҳайратон Афғонистоннинг асосий қуруқлик ва дарё бандаргоҳи бўлиб, у мамлакат умумий импортининг 50 фоизга яқин улушини ўзида жамлайди. Бугунги кунда ҳам ушбу темир йўл Ўзбекистон ва Афғонистонни ўзаро боғловчи ҳамда Афғонистонга гуманитар кўмак юкларини етказиб берувчи асосий йўл бўлиб қолмоқда. Бу борада айнан Термиз шаҳрининг ўрнини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

Термиз мулоқоти давомида муҳокама қилинадиган масалалардан бири “Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўлини узайтирадиган ва Трансафғон транспорт йўлагининг бугунги муҳим лойиҳаларидан ҳисобланган “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўли (Кобул коридори) ташаббусини амалга ошириш учун ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Ҳозирда Кобул коридорининг “Термиз-Ноибобод-Лоғар-Харлачи” темир йўли йўналиши шакллантирилиб, лойиҳани мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида йўл харитаси тузиб чиқилган. Мутахассислар ушбу темир йўлни “Аср лойиҳаси” ва Жанубий Осиё денгиз йўлакларига чиқиш дарвозаси сифатида баҳолашмоқда. Дарҳақиқат, лойиҳанинг амалга ошиши асрга татигулик имкониятларни тақдим этади. Аммо, сир эмаски, лойиҳага тўсқинлик қилувчи омиллар ҳам йўқ эмас. 2024 йилдаги кўрсаткичларга кўра, икки минтақа ўртасидаги савдо айланмаси атиги 5 млрд доллардан ҳам ошмайди. Табиийки, бу рақам икки минтақанинг бутун салоҳияти ва имкониятларини тўлиқ кўрсатиб бера олмайди. Шу сабабдан, Кобул коридорининг аҳамияти хусусида қуйидагиларни санаб ўтиш лозим:

биринчидан, коридор Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, жумладан терроризм ва гиёҳванд моддалар савдоси каби бузғунчи ҳодисаларанинг ижтимоий асосларини бартараф этишга ёрдам беради. Лойиҳага диққат билан эътибор қаратганда, у Афғонистоннинг марказий шаҳарлари ва вилоятларини бир-бири билан боғлабгина қолмасдан, бутун аҳолининг ишсизлик (500 минг аҳолига иш ўрни), қашшоқлик, электр энергияси танқислиги, умуман, ушбу ўлканинг издан чиққан ишлаб чиқариш ва саноат инфратузилмаси ривожланишига катта туртки бўлади. Қолаверса, “Мозори Шариф-Торхам” автомобиль йўли “Кобул ҳалқа йўли”ни ҳам тезкор равишда якунланишига амалий ҳисса қўшади;

иккинчидан, ушбу темир йўл нафақат минтақавий, балки ҳалқаро иқтисодий-сиёсий муносабатлар ривожланишида самарали ўрин эгаллайди. Мутахассисларнинг баҳолашича, “Кобул коридори” Европа, Марказий Осиё, Покистон, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ўртасида савдо-сотиқнинг кенгайиши, экспорт ва импорт ўсишига хизмат қилади. Замонавий жаҳон иқтисодиёти суст ривожланаётган шароитда ушбу лойиҳанинг амалга ошиши минтақавий тараққиётни таъминлаш баробарида глобал иқтисодий ўсиш суръатларига янги туртки бўлиш имконини беради;

учинчидан, лойиҳа ШҲТнинг барча аъзо давлатларини Афғонистон орқали ўзаро боғлайди. Бу географик жиҳатдан Россия ва Марказий Осиёни Ҳиндистон ва Покистон бозорларига, ўз навбатида, Ҳиндистон ва Покистонни Марказий Осиё, Россия ва Европа бозорларига олиб чиқади;

тўртинчидан, коридор Ўзбекистон учун энг яқин денгиз бандаргоҳларига чиқиш имкониятларини очиб беради. Ушбу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши савдо-иқтисодий, транспорт-логистика алоқаларини диверсификация қилишга хизмат қилади ва транспорт изоляциясидан чиқиш имконини беради.

Табиийки, айнан Термиз мулоқоти Трансафғон транспорт йўлагининг Жанубий Осиёга қаратилган лойиҳаларини амалга ошириш йўлида турган бир қатор муаммоларни ҳал этишда зарур мулоқот ва музокара майдони бўлиб хизмат қилади. Зеро, Термиз мулоқоти турли савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва энергетика лойиҳаларини кенг ва атрофлича муҳокама қилишга, уларни молиялаштиришга ёрдам беради.

Ўтмишга назар солсак, Термиз шаҳри турли халқлар, элатлар, турфа тиллар ва динларни ўзаро бирлаштирган маданиятлар чорраҳаси бўлиб келган. Жумладан, ушбу шаҳар зардуштийлик, насронийлик, ислом, буддизм ва бошқа динлар маркази сифатида танилган. Термизга яқин ҳудудлардан топилган қадимий археологик ёдгорликлар, жумладан Далварзинтепа шаҳри турли халқлар ва маданиятлар бешиги ҳисобланган. Олимларнинг фаразига кўра, Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти Далварзинтепа ўрнида бўлган. Шаҳар ёдгорликлари, айниқса, Далварзинтепа хазинасидан топилган тақинчоқлар қадимий Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ҳудудларида яшаган халқларнинг маданий ва иқтисодий алоқалари қанчалик юқори бўлганидан дарак беради. Шунингдек, Термиз шаҳри жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк ислом уламолари Ҳаким ат-Термизий, Исо Термизий, Собир Термизий ва бошқа шу каби қомусий мутафаккирларнинг ватани ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, энди Термизни турли тарихий цивилизацияларни бирлаштирадиган заминга айлантириш имконияти вужудга келмоқда, деб айтсак, муболаға бўлмайди.

Марказий Осиё давлатларининг бугунги ҳамкорлиги, аҳил қўшничилик сиёсати ва энг муҳими, ўзаро ишонч муҳити бошқа минтақалар учун ўзига хос ўрнак бўлмоқда, деб айтсак, асло муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, Жанубий Осиё минтақаси билан боғланиш, ушбу минтақа билан тарих давомида гуркираб ривожланган сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ришталарни қайта тиклаш мақсадида ташкил этилаётган Термиз мулоқоти нафақат икки муштарак тарихий-маданий ва цивилизацивий маконни бир-бири билан яқинлаштиришга, балки Афғонистонда барқарорлик ва тинч тараққиётни таъминлашнинг янгича ёндашувларини амалга оширишга катта туртки вазифасини ўтайди. Қолаверса, дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган геосиёсий рақобат ва қуролли низолар шароитида Термиз мулоқотининг ташкил этилиши том маънода олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфсизлик билан боғлиқ таҳликалар, иқтисодий инқирозлар, экологик хатарлар, тамаддунлар тўқнашуви каби ўткир муаммоларига превентив дипломатия ва конструктив мулоқот орқали жавоб излашга сезиларли даражада имконият яратиб беради. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги стратегик ёндашувнинг моҳияти ҳам айнан икки минтақа халқлари ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё минтақасини янги бозорларга олиб чиқишдан иборат. Бу ташаббус минтақада яшайдиган барча халқларнинг манфаатларига тўлиқ мос келибгина қолмай, жаҳон ҳамжамиятининг, жумладан, БМТ томонидан қабул қилинган “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги махсус резолюция ижросини ҳам таъминлашга ҳар жиҳатдан ҳисса қўшади.

Умуман, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари тарихий бурилиш палласида турибди. Термиз мулоқоти минтақалараро ўзаро боғлиқликни кучайтиришга туртки берувчи майдон сифатида муштарак тарихий-маданий ва цивилизацион алоқаларни тиклаш билан биргаликда, Афғонистон орқали янги халқаро транспорт-логистика йўлаклари ривожланишига имконият эшикларини очиб беради. Дипломатия ва ишонч инқирози кучайиб бораётган ҳозирги давр учун Термиз мулоқоти каби ташаббуслар фавқулодда муҳим ва аҳамиятли ҳисобланади. Зероки, минтақалар низо ва рақобат билан эмас, балки бир-бирини тушуниш, ўзаро мулоқот ва яқин ҳамкорлик асосида ривожланиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

 

Суҳроб Бўронов

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти,

cиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

 

 

Related