Ўзбекистон Президенти “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” халқаро саммитида иштирок этди

30 May 2021

30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити ишида иштирок этди.

Икки кунлик форум кун тартибидан иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган.

Тадбирда дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Хусусан, саммитда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши Раиси Шарль Мишель ва Европа Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляйен, Германия Канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, АҚШ Президентининг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Яшил ўсиш глобал институти раиси Пан Ги Мун ва ИҲТТ бош котиби Анхель Гуррия қатнашмоқда.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида “яшил” тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Давлатимиз раҳбари “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини енгиб ўтиш бу борадаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Шу муносабат билан Президентимиз яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси тўлиқ қўллаб-қувватлангани учун барча халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Мазкур йўналишдаги ишларни, шу жумладан махсус ташкил этилган БМТ Траст жамғармаси, Яшил ўсиш глобал институти, “P4G” шериклик платформаси ва бошқа халқаро институтлар доирасида биргаликда фаол давом эттириш таклиф этилди.

Минтақамизда иқлим ўзгаришлари, буғланиш даражасини оширувчи газлар ва атмосфера ифлосланиши муаммолари таъсирида трансчегаравий дарёлар оқими ва биологик хилма-хиллик қисқараётгани муносабати билан жиддий хавотир билдирилди.

Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ экани таъкидланди.

Шу муносабат билан “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини бериши қайд этилди.

Келгуси йили Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказиш, шунингдек, “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида “яшил» иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастурни амалга ошириш ташаббуслари илгари сурилди.

Президентимиз ушбу муҳим соҳада амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон «P4G» шериклигига қўшилиш ҳамда унинг тўлақонли иштирокчисига айланишга тайёр эканини билдирди.

Форум иши давом этмоқда. Унинг якунида “яшил” тикланиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича энг муҳим вазифаларни ўзида акс эттирадиган Сеул декларацияси қабул қилинади.

Related