Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчилари стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

12 Avg 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 август куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Бош вазир ва дўст Ҳиндистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – мамлакат Мустақиллиги куни билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Эришилган келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, турли даражаларда фаол ва сермаҳсул мулоқотлар давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 60 фоизга ошди, 40 га яқин янги қўшма корхона ва кооперация лойиҳалари ишга туширилди. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг жорий портфели икки миллиард долларга етди. Ўзбекистонда Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Етакчилар фармацевтика ва кимё саноати, рақамли иқтисодиёт, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдилар.

«Шимол-Жануб» йўлаги доирасида самарали транспорт-транзит йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. Маданият ва кино кунларини ўзаро ташкил этиш, ҳудудлар даражасида алмашинувларни фаоллаштириш таклиф қилинди.

Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар ҳамда бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Related