Президент Шавкат Мирзиёев 12 август куни сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сув танқис бўлган минтақамизда уни қадрлаш ва тежаш жуда долзарб масала. Ўзбекистонда бунга доимий эътибор қаратилиб, суғориш тармоқлари таъмирланмоқда, сув тежовчи технологиялар жорий қилинмоқда.
Хусусан, 2020-2024 йилларда шу мақсадларга 60 триллион сўм бюджет маблағлари ҳамда 622 миллион доллар хорижий инвестиция йўналтирилган. Натижада, 2020 йилда сув тежовчи технологиялар қўлланган майдонлар жами суғориладиган майдонларга нисбатан 4 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 50 фоизга етган.
Энди бу ишларнинг изчил давоми сифатида, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури ишлаб чиқилди.
Тақдимотда мутасаддилар унда назарда тутилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.
Дастурда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга устувор аҳамият қаратилган. Шу мақсадда 2 минг 551 километр ирригация тармоқлари реконструкция қилиниши белгиланган. Насос станцияларидаги эски ускуналарни тежамкорига алмаштириш орқали уларнинг йиллик электр энергияси истеъмолини 6,8 миллиард кВт/соатдан 6,2 миллиард кВт/соатгача камайтириш мўлжалланган.
Ерларнинг ҳолати ҳам сув сарфида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис дастурда сув таъминоти паст бўлган суғориладиган майдонларни 424 минг гектардан 276 минг гектаргача камайтириш кўзда тутилган. Турли даражада шўрланган ҳамда ерости сувининг сатҳи муаммоли бўлган майдонлар ҳам камайтирилади. Натижада фойдаланишдан чиқиб кетган 460 минг гектар ер экишга қайтарилади.
Яна 1 миллион 400 минг гектар ерда сув тежовчи, шу жумладан, 293 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади. 20 та йирик иншоотларда назорат-ўлчов ускуналари модернизация қилинади.
Сув ҳисобини юритишда инсон омилини камайтириш ҳам муҳим. Бу борада 12 мингта мелиоратив кузатув қудуғида ҳамда 1 минг 750 та насосда замонавий мониторинг йўлга қўйилади. 12 та йирик сув хўжалиги иншооти рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади.
Умуман, дастур натижасида бетон қопламали каналлар улуши ҳозирги 39 фоиздан 47 фоизга етади. Ирригация тармоқларининг сифати ошиб, йўқотишлар камаяди. Тежамкорлик ҳисобига бу йил 10 млрд куб метр, 2028 йилга бориб 14 млрд куб метр сув иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлади.
Тақдимотда, шунингдек, соҳада самарадорликни ошириш, рақамлаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш борасидаги ишлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Ҳозирги кунда вилоятлар, туманлар ва хўжаликлар миқёсидаги 18 минг 755 та гидропостни автоматлаштириш бошланган. Кейинги босқич далаларга сув тақсимловчи нуқталарда режалаштирилган.
Сув хўжалигини рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Соҳага дахлдор идоралардаги 11 та дастурни интеграция қилиб, ягона платформа ишлаб чиқиш, IT-марказ ва Вазиятлар маркази ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Бунда “Ўзбеккосмос” имкониятларидан кенг фойдаланилади.
5 минг 200 та насосни электр ва сув ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш, йирик насосларни муқобил энергияга ўтказиш вазифаси қўйилди. Бунда олинадиган маълумотлар рақамли платформада жамланади, сувнинг иқтисодий самарадорлиги таҳлил қилиб борилади.
Бугунги кунда 2 минг 612 та сув объекти давлат-хусусий шерикликка берилган. Энди йирик насослар ҳам хусусий секторга таклиф қилинади. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида жозибадор шартлар ишлаб чиқилади.
Ўтган йили туман ирригация бўлимлари негизида 159 та “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасаси ташкил қилинган эди. Ушбу қуйи бўғин фаолиятини яхшилаш мақсадида энди уларга ўз маблағини мустақил тақсимлаш ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.
Соҳада хизматларни яхшилаш ва самарадорликни таъминлаш мутахассислар тажрибасига ҳам боғлиқ. Шу мақсадда 200 ўринли малака ошириш маркази ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Президентимиз соҳага оид меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, жамиятда сувни тежаш маданиятини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.