Ўзбекистон Республикаси Президенти Франция элчисини қабул қилди

14 Avg 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франция Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Орелия Бушезни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, унинг кун тартибини аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди.

Турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилган. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли муваффақиятларга эришилди: кейинги йилларда товар айирбошлаш 4 баробар кўпайди, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди.

Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университети ўз ишини бошлайди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Франция Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Орелия Бушезга мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун «Дўстлик» орденини топширди.

Элчи хоним унинг дипломатик миссияси юксак баҳолангани ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.

Related