Давлатимиз раҳбари Янги Тошкентдаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Бу шаҳар қурилишига 2023 йилда тамал тоши қўйилган эди. Бугунга келиб илк иншоотлар қад кўтариб қолди. Бунёдкорлик учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 700 гектар ер ажратилган. Лойиҳанинг концепцияси Буюк Британиянинг “Cross-works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда иншоотлар қурилиб, 600 минг аҳоли учун замонавий шароитлар яратилади. Лойиҳа тўлиқ якунланганида 2 миллион нафар одам яшайдиган маконга айланади.
Бу рақамлар ҳудуддаги бунёдкорлик кўлами нечоғлик катта эканини кўрсатади. Инфратузилма шунга яраша сифатли ва узоқ муддатли бўлиши лозим. Шу боис ҳозирги кунда шаҳарнинг “таги” – ерости муҳандислик тармоқлари қурилмоқда.
Хусусан, бир ва икки секцияли коллекторлар ётқизиляпти. Улар орқали марказлашган иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси, телекоммуникация каби барча муҳандислик тармоқлари ер остидан ўтказилади. Шунингдек, транспортларнинг эркин қатнови учун туннеллар ва ерости тураргоҳлари барпо этилади.
Ҳар бир лойиҳада замонавий ёндашув, мукаммал ечим ва яшиллик эътиборга олинмоқда. Хусусан, экологик тоза транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар ҳаракати мувофиқлаштирилади. Пиёдалар ҳамда велосипедчиларнинг тўсиқсиз ва хавфсиз ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратилади.
Ҳудудга 60 дан ортиқ давлат идоралари учун маъмурий бинолар барпо этилади. Бугунги кунда ўндан ортиқ вазирлик ва идоралар шу ердаги вақтинча ташкил этилган объектларда фаолият бошлаган.
Давлатимиз раҳбарига яқин истиқболда кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Шаҳарга кўплаб маҳаллий ва хорижий инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда аукционда сотилган 13 та тижорий лотлар бўйича 554 миллион долларлик инвестиция шартномалари тузилган.
Бу ерда қад ростлайдиган меҳмонхона ва ресторанлар, ўзига хос дизайндаги муҳташам бинолар ташриф буюрувчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиши билан бирга шаҳарни туризм марказига айлантириши шубҳасиз.
Ҳудуддаги қурилиш жараёнида 160 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Келажакда эса шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли юз минглаб доимий иш ўрни бўлади. Бунинг учун янги таълим ва тиббиёт кластерлари, ахборот технологиялари хизматлари ва технопарклар ташкил этилади.
Президент лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш, дам олиш жойлари ва хизматларни қулай йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берди.