Ўзбекистон-Иордания: Ҳамкорликнинг янги уфқлари сари

25 Avg 2025

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25-26 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил февраль ойида ўрнатилган. Ўтган йиллар давомида икки давлат расмий алоқалардан сиёсат, иқтисодиёт ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган ҳар томонлама ҳамкорликка ўтди.

1994 йил июнь ойида Тошкентда Иордания элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирда қароргоҳи Ар-Риёзда бўлган Ўзбекистон элчиси бир вақтнинг ўзида Амманда аккредитациядан ўтган.

Бундан ташқари, 2007 йилнинг август ойидан буён подшоҳлик фуқароси Луай Абу Ғаззала раҳбарлик қилаётган Ўзбекистоннинг Иорданиядаги фахрий консули институти фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён олий даражадаги сиёсий мулоқотлар асосан халқаро майдонларда учрашувлар, телефон орқали мулоқотлар ва юқори даражадаги ташрифлар алмашиш форматида олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар янги суръатга эга бўлди. Томонлар ўзаро манфаатли муҳим салоҳиятга таянган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш истагини намоён этмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Амманга ташриф буюрди ва унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга  самимий тилаклари етказилди. Делегация Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн томонидан қабул қилинди, Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадий билан музокаралар, шунингдек, сармоя, олий таълим, вақфлар, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазирликлари раҳбарияти, йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Дипломатик паспорт эгалари учун виза режимини бекор қилиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳамкорлик дастури имзолангани эътиборли натижалардан бири бўлди. Бу қадамлар ўзаро муносабатларни тизимли қилиш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш истагини намоён этади.

Ўзбекистон, одатда, очиқлик ва кўп векторли ташқи сиёсат йўналишини намойиш этмоқда. Расмий Тошкентнинг сўнгги йилларда Яқин Шарқ мамлакатлари билан ўзаро алоқалари фаол ривожланмоқда, бу, хусусан, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига  аъзо мамлакатлар  билан 2020-2023 йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб беш бараварга ошганида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар каби кўп томонлама форматлардаги иштироки Ўзбекистон-Иордания муносабатларини чуқурлаштириш учун қўшимча платформа яратмоқда.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик нисбатан камтарона даражада қолмоқда, бироқ томонлар уни фаоллаштириш стратегиясини белгилаб олган. Жумладан, 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 4,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Иордания Ўзбекистонга фармацевтика маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, асбоб-ускуналар ва машиналар етказиб беряпти, Ўзбекистон эса мис, қуритилган мевалар, ёнғоқ ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилади.

Икки мамлакат инвестиция, саноат ва савдо вазирлари ўртасидаги 2025 йилдаги музокаралар ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлади. Товарларнинг икки мамлакат бозорларига чиқишини соддалаштирадиган имтиёзли савдо битимини имзолаш, тоғ-кон саноати, жумладан, фосфатлар, мис ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, фармацевтика, тўқимачилик, енгил саноат ва рақамли иқтисодиёт жабҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим йўналишлар қаторига киради.

Тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, тармоқ кўргазмалари, бизнес-форумлар ва савдо миссияларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон-Иордания ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш нияти алоҳида аҳамиятга эга. Иордания, шунингдек, ўзининг қулай географик жойлашувидан Ўзбекистон товарларининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига чиқиши учун хаб сифатида фойдаланишни таклиф қилмоқда. Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги алоқалар чуқур тарихий асосга эга. Ҳар икки давлатни ислом маданияти, умумий тарихий мерос ва кўп асрлик диний ва маданий алмашинув анъаналари бирлаштиради. Бу ўзига хос ишонч ва ўзаро тушуниш муҳитини яратади ҳамда икки томонлама муносабатларнинг гуманитар жиҳати учун, айниқса муҳимдир.

Маданий-гуманитар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторига академик алмашинувларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва талабалар учун стипендиялар ажратиш, умумий тарихий-маданий меросга бағишланган фестиваллар, кўргазмалар ва конференциялар ўтказиш, исломшунослик, илоҳиётшунослик, тарих ва археология соҳасидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш, шу жумладан қўшма тиббий дастурлар ва телетиббиёт соҳасида тажриба алмашиш киради.

Маънавий қадриятларнинг яқинлиги узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда, бунда маданий алмашинувлар умумий ривожланишнинг ажралмас қисмига айланаётир.

Иордания вакиллари сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилган халқаро маданий тадбирларда, жумладан, Халқаро мақом санъати фестивали (2018 йил сентябрь, Шаҳрисабз) ва Халқаро ҳунармандчилик фестивали (2019 йил сентябрь, Қўқон)да фаол иштирок этди.

Албатта, Ўзбекистон ва Иордания ўзаро ишонч, умумий маданий қадриятлар ва бир-бирини тўлдирадиган иқтисодий салоҳиятга асосланган манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қодир. Режалаштирилган ташаббусларнинг амалга оширилиши нафақат ҳамкорликни чуқурлаштириш, балки уни Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим омилига айлантиради.

Шу нуқтаи назардан, Иордания етакчисининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки томонлама шерикликни кенгайтириш учун янги уфқларни очади. Аниқ келишувлар билан мустаҳкамланган томонларнинг сиёсий иродаси  эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун шароит яратади.

 

Related