Инсонга берилган энг буюк неъмат ҳаёт бўлса, инсоният ҳамиша интилиб келган энг улуғ мақсад, бу, шубҳасиз, тинчлик ва тотувликдир. Бир-биримизга доим тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик тилашимизнинг боиси шу.
Ўзбекистон азалдан бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва аҳил-иноқлик макони бўлган. Ери, суви, тўйи-ю маъракаси битта бўлган турли миллат ва элат вакиллари асрлар оша бирдамликда яшаб келган. “Бағрикенг Ўзбекистон!”, “Бағрикенг ўзбек халқи” каби иборалар бежиз пайдо бўлмаган.
Кўп миллатли ва кўп динли давлатда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик – барқарорлик ва тараққиётга мустаҳкам замин яратувчи, унинг истиқболини белгилаб берувчи муҳим омил саналади.
Бугун юртимиз жадал суръатларда ривожланаётгани, олиб борилаётган ислоҳотлар ўз мевасини бераётгани, эл-юрт фаровонлиги тобора ортаётганининг асосий сабабларидан бири ҳам бу юртда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари Ўзбекистоннинг ягона халқи сифатида аҳил-иноқ бўлиб яшаб келаётганидадир.
Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши мустаҳкамлаб қўйилгани эса бу борадаги ислоҳотларнинг қомусий асоси ҳисобланади.
Бугунги кунда мактабларда таълим 7 тилда олиб борилаётгани юртимизда турли миллат вакилларига мансуб ўқувчиларнинг ўз она тилида таълим олиши учун шароит яратмоқда. Миллий теле ва радиоканаллар 12 тилда эфир олиб бораётгани, газета ва журналлар 14 та тилда чоп этилаётгани барчага тенг шароитлар яратган ҳолда ахборотни она тилида олиш имконини бермоқда.
Мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари Ўзбекистоннинг ягона халқи сифатида ўзларининг фаол ва фидокорона меҳнатлари билан юртимиз тараққиёти ҳисса қўшмоқда, биргина давлат фуқаролик хизматида 5 мингга яқин 35 дан ортиқ миллат вакиллари меҳнат қилмоқда.
Айниқса, мамлакатнинг сиёсий институтлари ҳисобланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 12,7 фоиз, маҳаллий Кенгашларда 11,2 фоиз депутатларимиз турли миллат ва элатлар вакиллари ҳисобланади. Бундай ютуқларнинг чегараси йўқ, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўз аксини топганлигини кузатмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юртимиз заминида қадимги даврлардан буён давом этиб келаётган этник хилма-хилликни ноёб ижтимоий ҳодиса сифатида баҳолаб, миллатлар ва элатлар, конфессиялар ўртасидаги тотувликни асраш, уни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Юртбошимизнинг донишмандлик, инсонпарварлик ва адолатпарварлик тамойиллари асосида юритаётган оқилона сиёсати натижасида мамлакатимизда умуммиллий бирдамлик янада мустаҳкамланмоқда, барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган Ватанимиз инсон қадри ва бахти улуғланадиган тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат диёрига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 8 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувдаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек: “Бизнинг энг катта бойлигимиз – Ўзбекистонни ўзи учун ягона Ватан деб биладиган кўпмиллатли буюк халқимиздир. Жонажон юртимизда қарор топган миллатлараро дўстлик ва аҳилликни – мана шундай бебаҳо хазинамизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг олий бурчимиздир”.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда аждодлар маънавий меросига содиқлик асосида миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро бир-бирини тушуниш, ёш авлодни бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар йўналишида ҳам янги марралар, ташаббусларни белгилаб берди.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил март ойида қабул қилинган “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ташкил этилди.
Миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ягона фуқаровий ўзликни шакллантириш, барча миллат ва элатларнинг умуммиллий тараққиётга дахлдорлигини кучайтириш, хориждаги ватандошларнинг миллий ўзлигини сақлашга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини Ватанимиз ривожига сафарбар этиш, миллатлараро тотувликка салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга кўмаклашиш Қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Шунингдек, умуммиллий бирдамликни таъминлаш соҳасида ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш соҳасида давлат сиёсати концепциялари лойиҳаларини ишлаб чиқилиши белгиланганлиги ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттирилишидан далолат беради.
Аввало умуммиллий тотувликни таъминлашнинг муҳим элементи сифатида Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча миллатлар ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини сақлаш ҳамда ёш авлодга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, бу йўналишда ишларни тизимли амалга оширишда миллий маданий марказларнинг ўрни жуда муҳим. Бугунги кунда мамлакатимизда 157 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолияти давлатимиз томонидан доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Президентимизнинг ташаббуслари асосида 2021 йилдан бошлаб ушбу марказлар фаолият кўрсатиши, маданияти, тили, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини тарғиб қилишга қаратилган тадбирларини амалга ошириши учун давлат субсидиялари ажратиб келинмоқда.
Ҳудудларда фаолият кўрсатаётган “Дўстлик уйлари”дан жой ажратилган ва улар бу жойлардан мутлақо бепул асосда фойдаланиб келмоқдалар. Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган Миллатлараро муносабатлар қўмитасининг биносида ҳам республика ҳамда Тошкент шаҳри даражасидаги 27 та миллий маданий марказ тўлақонли фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилган.
Айниқса, жорий йил июль ойида Миллатлараро муносабатлар қўмитаси жойлашган бино яқинида умуммиллий тотувликнинг ўзига хос рамзи бўлган Миллий маданий марказлар павильонининг барпо этилиши, у ерда 22 та миллатга хос бўлган уйлар барпо этилгани миллий маданий марказларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг катта совғаси бўлди. Ушбу павильонни ҳеч иккиланмасдан умуммиллий тотувлик маскани дейишимиз мумкин.
30 июль Халқлар дўстлиги куни муносабати билан жорий йил 25-31 июль кунлари юртимиз бўйлаб ўтказилган “Дўстлик” фестивали ушбу миллий маданий марказлар павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой каби давлатлардан меҳмонлар, шунингдек 30 та давлат ва халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбар ва ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари ушбу павильоннинг барпо этилишини ноёб ҳодиса сифатида баҳолашиб, у Ўзбекистонда яшаб келаётган миллатлар ва элатларнинг ўз маданияти ва урф-одатлари, анъаналарини сақлаб қолиш, уларни ривожлантириш учун яна бир улкан имконият эшикларини очишини, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва умуммиллий ҳамжиҳатлик борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни ўзида тўла ифодалашини, ўзаро маданий алмашинув майдони вазифасини бажаришини таъкидлашди.
Тадбирда иштирок этган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужи Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакилларига нисбатан бўлган ҳурмат ва эътиборни юксак қадрлашини, миллий маданий марказлар павильони очилиши ҳақиқий инсоний ва илғор ғоя деб ҳисоблашини айтиб ўтди.
Президентимизнинг қатъий сиёсий иродалари туфайли хорижда истиқомат қилаётган Ватандошлар билан яқиндан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай лойиҳалардан бири “Uz Global Think” форумидир. Ушбу лойиҳа тадбиркорлик платформаларини яратиш, жамият ҳаётини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экологик барқарорлик, сифатли таълим каби масалаларда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш мақсадида экспертлик ва илмий доиралар вакиллари ҳисобланган хориждаги ватандошларнинг доимий мулоқоти кўринишида амалга оширилади.
Шунингдек, хориждаги ватандошлар орасида академик доирадаги шахслар, уларнинг ҳаёт йўли, муваффақиятлари, Янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қиладиган тавсиялари тўғрисида фикр алмашувчи платформа йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари БМТ Тараққиёт дастурининг “Хориждаги ватандошлар орқали билимларни трансфер қилиш” дастури намунасида хориждаги ватандошларнинг Янги Ўзбекистон иқтисодий қудратига қўшаётган ҳиссасини янада ошириш мақсадида инновaцион ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган инсон капитали трансферини амалга ошириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Хорижий ўқув юртларини битириб, хорижий давлат ҳудудида яшаб, ишлаб келаётган ватандошларни бирлаштирувчи, уларни қўллаб қувватловчи “Ўзбекистонлик битирувчилар” дастури ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу вазифаларнинг барчаси хориждаги ватандошлар иштирокида Ўзбекистонни янада тараққий эттиришга хизмат қилади.
Инсоннинг энг муҳим эркинликларидан бири бу шак-шубҳасиз виждон эркинлигидир. 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши юртимизда виждон эркинлигини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун бағрикенглик тамойилларини, барча конфессиялар фаолияти учун барқарор ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2361 та диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Уларнинг 2164 таси исломий, 197 таси ноисломий, 180 та христиан, 8 та яҳудий, 7 та баҳоий, шунингдек, буддавийлик ибодатхонаси, кришнаитлар маркази ва конфессиялараро библия жамиятидир. Биргина 2017-2024 йилларда 108 та янги диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган. Янги масжид, христиан черкови ва ибодатхоналари қурилди, мавжудлари таъмирланди. Бу эса барча конфессияларга ҳурмат кўрсатишнинг амалдаги тасдиғидир.
Шу билан бирга, жорий йил 25 февралда “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” Қонун билан қабул қилиниши жамият ҳаётида катта воқеа бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Концепция кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистон халқига умумжамият манфаатларини рўёбга чиқаришга, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшашини таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йил 10-13 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми ўтказилди.
Биринчи “Декларациялар мулоқоти” форуми 2022 йил май ойида беш кун давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Форумда бир қатор хорижий давлатлардан етук олимлар, шунингдек соҳага оид маҳаллий давлат идоралари, диний ташкилотлар вакиллари қатнашган. ўша анжуман якуни бўйича қабул қилинган Бухоро декларацияси кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида расмий ҳужжат сифатида тан олинган. Бу эса турли миллат вакиллари, турфа дин ҳамда эътиқодга мансуб инсонлардан иборат бағри кенг жамиятни шакллантириш бўйича Ўзбекистон модели нақадар муҳимлиги тасдиқлайди.
“Декларациялар мулоқоти” форуми мунтазам ўтказилиши, унда хориждан ҳамда халқаро ташкилотлардан нуфузли иштирокчилар қатнашиши ўзбекистоннингш эътиқод эркинлиги ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга қаратилган сиёсати дунё бўйлаб юксак эътироф этилаётганидан далолатдир. Бундан ташқари, II Форум Ўзбекистоннинг динлараро мулоқотни юқори қадрият даражасига кўтариш мақсадида очиқлик тамойилига, диний бағрикенглик ва толерантлик муҳитини ривожлантиришга содиқлигини тасдиқлайди. Шунингдек, ушбу анжуман халқлар ва турли конфессиялар вакиллари ўзаро тинч-тотув яшашини таъминлаш бўйича илғор тажрибаларни алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтайди, деб ҳисоблаймиз.
Мақолани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табригидаги қуйидаги сўзлар билан якунламоқчиман:
“Дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ҳозирги ўта таҳликали шароитда ягона Ўзбекистон ғояси асосида энг катта бойлигимиз – юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, билим-маърифат, касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, инклюзивлик тамойилларини чуқурлаштириш борасидаги ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.
Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланадиган барча миллат ва конфессиялар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини Конституция ва қонунларимиз талаблари асосида ҳамма жойда қатъий ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”.
Қаҳрамон САРИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси