Ўтган йили 25 март куни давлатимиз раҳбари Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаб берган эди. Бугун улардан бири – Норин ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичи ишга тушди.
Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Охирги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда ўндан зиёд қуёш ва шамол электр станцияси ишга туширилди. Шу билан бирга, қатор ҳудудларда 450 мегаваттли гидроэлектр станциялар фойдаланишга топширилди.
Ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЭС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.
Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода, уни мамлакатимиздаги “биринчи миллий ГЭС” дейиш мумкин.
ГЭС-1 йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир. Шу жиҳатдан “Норин ГЭСлар каскади” нафақат энергетик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула шаклидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.
ГЭСда сув тўсиш иншооти ҳам қурилди. Шунингдек, ҳудудда маъмурий ва хизмат бинолари, диспетчерлик пункти барпо этилди. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудни обод қилиш мақсадида 6 минг туп манзарали дарахт экилди, келгуси баҳорда яна 7 минг туп мевали кўчат экиш режалаштирилган.
Шу жиҳатлари билан бу ер нафақат энергетика, балки экотуризм ва рекреация масканига ҳам айланади.
Умуман, Норин ГЭСлар каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026 йилда иккинчи ва учинчи, 2027 йилда қолган станциялар ҳам ишга туширилади. Ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, уларнинг фаолиятида қўшимча иш ўринлари яратилади.
Энергетика тизимидаги бундай йирик лойиҳалар аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, саноат тармоқларини узлуксиз ишлатиш ҳамда иқтисодий самарадорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.