Ўзбекистон Президенти «Citigroup» корпорацияси раҳбарини қабул қилди

22 Sen 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида АҚШнинг энг йирик молиявий корпорацияси – “Citigroup” раиси Жон Дуганни қабул қилди.

“Citigroup” банк, инвестиция ва молия хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Унинг бозор капиталлашуви 100 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади, компания умумий қиймати 2,3 триллион АҚШ долларидан зиёд бўлган активларни бошқаради.

Учрашувда корпорация билан ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

“Citigroup” кўмагида Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналарининг облигациялари халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилди. Тошкентда компаниянинг офиси очилди.

Йирик давлат корхоналари бўйича IPO битимларини тайёрлаш ва тузиш, еврооблигациялар чиқариш, мамлакат рейтингини оширишни таъминлаш учун маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, шунингдек, молиявий ечимларни ишлаб чиқиш ва савдони молиялаштиришнинг янги воситаларини ишга тушириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Корпорация билан ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Related