Ўзбекистон Президенти «Franklin Templeton» компанияси билан шериклик кенгайиб бораётганини қайд этди

22 Sen 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида “Franklin Templeton” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Женни Жонсонни қабул қилди.

Мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимини тубдан ривожлантириш мақсадида компания билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

“Franklin Templeton” активларни бошқариш ва инвестиция хизматларини кўрсатиш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Дунёнинг 30 мамлакатида 100 дан ортиқ ваколатхоналари мавжуд. Компаниянинг бозор капиталлашуви 12 миллиард АҚШ долларидан ошади. Қиймати 1,6 триллион АҚШ долларидан зиёд активларни бошқаради.

«Franklin Templeton» билан қўшма инвестиция фонди ташкил этилиб, давлатнинг стратегик корхоналарини трансформация қилиш ва уларнинг акцияларини глобал фонд бозорларида жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент фонд биржаси салоҳиятини ривожлантириш бўйича унинг мустақиллиги ва шаффофлигини мустаҳкамлаш, фонд бозорида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини яратиш, йирик халқаро депозит банкларини жалб қилиш ва рақамли платформаларни жорий этишни назарда тутувчи экспертлик кўмагини кўрсатиш юзасидан келишувга эришилди.

Йирик давлат корхоналари самарадорлигини ошириш ва уларни IPOга чиқариш дастурларини амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

Шунингдек, кадрлар салоҳиятини ошириш, «яшил» иқтисодиёт стандартларини жорий этиш ва самарадорликни оширишга эътибор қаратган ҳолда давлат корхоналарини трансформация қилиш учун компаниянинг тажрибаси жалб этилади.

Жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Инвесторлар кунига биргаликда пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Related