ЮНЕСКО Бош конференциянинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданий-маърифий тараққиётига қўшган ҳиссасининг эътирофидир

03 Okt 2025

2023 йил ноябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессияси якунида унинг навбатдаги, 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича тарихий қарор қабул қилинган эди. Ушбу қарорни ташкилотга аъзо 194 давлатнинг барчаси қўллаб-қувватлади. Бу эса сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳодир.

Ушбу ташаббус,  шунингдек, Ўзбекистон учун катта дипломатик ютуқ бўлди, чунки ЮНЕСКО сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ўз сессиясини бошқа давлат ҳудудида ўтказилишини эълон қилди.

Самарқанднинг ушбу жаҳон миқёсидаги тадбирни ўтказиш жойи сифатида танланиши мамлакатимизнинг маданият, илм-фан, таълим коммуникация ва ахборот соҳаларидаги ютуқлари ҳамда бой тарихий ва маданий меросининг  яққол эътирофи  ҳамдир.

Марказий Осиёнинг энг қадимий ва буюк шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд ўзининг муҳташам меъморий обидалари, бой тарихи билан ном қозонган. Шаҳар Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси вазифасини ўтаган. Бугунги кунда Самарқанд Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси ва Шоҳи-Зинда мақбараси каби тарихий масканлари билан машҳур. Мазкур ёдгорликлар нафақат қадимий даврнинг меъморий юксаклиги ва илм-фан ютуқларини акс эттиради, балки маданий алмашинув ва Самарқанднинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган  ҳиссасидан ҳам далолат беради.

Шу  ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев  барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

“Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман, – деб ёзди давлатимиз раҳбари telegram каналида. – Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман. Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади”.

Шунингдек, 2024 йил 16 мартда Ўзбекистон Президентининг “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ташкилий қўмита томонидан сессия билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳлар тузилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сессия иштирокчиларининг  мамлакатимизга келиши ва кетиши, уларга виза расмийлаштириш, транспорт ва тиббий хизматлар кўрсатиш, асосий тадбирлар ва маданий дастурларда қатнашишлари масалалари ЮНЕСКО билан келишган ҳолда ҳал қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, 43-сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда 194 давлатдан 5 мингдан ортиқ иштирокчи келиши кутиляпти.  Бош конференция доирасида Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қатор қўшма тадбирлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Мазкур тадбирлар музейлар фаолиятида сунъий интеллект технологияларнинг ўрни, гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш ва шу каби бошқа долзарб масалаларга бағишланади.

Шунингдек, Бош конференция арафасида Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО 14-Ёшлар форуми ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияларнинг 12-минтақалараро анжуманлари ҳам ўтказилади.

Ўзбекистон-ЮНЕСКО ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланмоқда.  Мазкур халқаро тузилма кўмагида юртимизнинг бой тарихи ва қадимий анъаналарини, халқимиз қадриятларини  кенг тарғиб  қилиш орқали уларни келгуси  авлодга етказиш  бўйича бир қатор  ишлар  амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу жабҳадаги муҳим вазифалар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисоблади.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директори Одри Азулени бир  неча бор қабул қилди. Хусусан, сўнгги  учрашув  Ўзбекистон  Президенти Шавкат Мирзиёев  шу йил 12 март куни Францияга амалга оширган давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида БМТ тизимидаги ушбу нуфузли тузилма билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Бош директор Одри Азуле Ўзбекистон билан сермаҳсул ҳамкорликни юксак баҳолаб, бўлажак тадбирга кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Мулоқот чоғида амалий ҳамкорлик дастурларини янада кенгайтириш, шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасидаги форум ва тадбирларни ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Минтақамиз минглаб йиллар давомида тарихий Ипак йўли орқали Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаган кўприк вазифасини ўтаган ва бугун ҳам маданиятлараро тушуниш, билим алмашиш ва глобал ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Шу маънода Самарқанд ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси мезбони сифатида танланиши чуқур рамзий маънога эга.

Таъкидлаш керакки, дунёда турли зиддиятлар юзага чиқаётган бир вақтда Марказий Осиё XXI асрнинг энг муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий маконларидан бирига айланди. Бу ҳудуд география, цивилизация, ресурс нуқтаи назаридан куч марказлари ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон сўнгги йилларда “юмшоқ куч”ни ўз ташқи сиёсатининг муҳим элементи сифатида самарали қўлламоқда. Бу дипломатия ўзаро ҳурмат, қадрият, санъат ва анъаналар алмашинувига асосланади.

Дарвоқе, Ўзбекистон ЮНЕСКОга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлиб кирган. 1996 йилдан бери Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ташкилотга аъзо давлатлар ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия тузиши ва шу комиссия орқали алоқаларини мувофиқлаштириб бориши лозим. Шу нуқтаи назардан 1994 йил 29 декабрда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ЮНЕСКО билан турли йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб келди. Мазкур тузилма билан икки томонлама муносабатларда ЮНЕСКОнинг халқаро рўйхатлари алоҳида ўрин тутади. Чунунчи, Ўзбекистон дипломатиясининг самарали фаолияти натижасида  юртимиздаги  қадимий тарихий ва маданий элементлар  ЮНЕСКО рўйхатларидан ўрин олиб келмоқда.   Бу борада бир қатор рўйхат ва регистрларни алоҳида санаб ўтиш мумкин.  Жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига шу пайтга қадар Ўзбекистондаги 7 та объект киритилган бўлиб, булар  – Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси, Бухоро шаҳрининг тарихий маркази, Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази, Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси, Ғарбий Тянь-Шань Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридори ва Турон чўллари.

ЮНЕСКОнинг яна бир рўйхати бу Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхати деб номланади. Ушбу рўйхатга ўзбек халқи номоддий маданий меросининг 16 та элементи , шундан 11 таси 2016 йилдан кейин киритилган. Булар – Шошмақом, Бойсун маданий анъаналар, Катта ашула, Аския зукколик санъати, Палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар, Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш, Лазги, Миниатюра санъати, Бахшичилик, Ипакчилик ва анъанавий ипак тайёрлаш санъати, Хўжа Насриддин ҳақидаги анъанавий ҳикоялар, Ўзбекистон кулолчилик санъати, Наққошлик санъати, Ифторлик ва унинг ижтимоий-маданий анъаналари ҳамда Рубоб ясаш ва ижро этиш санъати.

Ҳозирда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш учун “Каштачилик санъати”, “Қорақалпоқ ўтовларни тайёрлашдаги амалий билимлар ва кўникмалар”, “Қўбиз ясаш ва ижро этиш санъати” “Анъанавий кигиз тайёрлаш” ва “Ўзбек кураши” каби янги элементлар ЮНЕСКОга тақдим қилинган.

Бундан ташқари ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” реестри 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади ҳужжатли мерос – қоғоз, аудиовизуал, рақамли ёки бошқа ҳар қандай форматдаги муҳим ва доимий қийматга эга бўлган ҳужжатлар ёки ҳужжатлар тўпламининг қайтариб бўлмайдиган йўқотилишининг олдини олиш, авайлаб асраш ва кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

2023 йилга қадар ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига Ўзбекистондан Тошкент шаҳрида сақланаётган Муқаддас Усмон Қурони, Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари киритилган эди. 2023-2024 йилларда эса Ўзбекистон тарихига оид ҳужжатлар тўплами – Мавлоно куллиёти ва Бухоро амирлигининг Қушбеги маъмурияти архивлари, Худойберган Девонов фототўплами ва Туркистон альбоми ушбу реестрга киритилди.

Яна бир муҳим йўналиш ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғи бўлиб, унга Ўзбекистоннинг 2 та объекти киритилган. Булар — Чотқол давлат биосфера резервати (1978) ва Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (2021).

2022 йилда Ўзбекистон тарихда илк бор 2022-2026 йиллар учун ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси аъзолигига сайланди.

2022 йил 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ҳамда дунёнинг 150 га яқин давлати вакиллари ва халқаро ташкилотлар мутасаддилари иштирокида ЮНЕСКОнинг мактабгача таълим ва тарбия масалалари бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди.

2023 йил сентябрида ЮНЕСКО бош қароргоҳида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланди. 2024 йилда Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Ипак йўлида барқарор тарихий туризм” кафедраси ташкил этилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО шафелигидаги 2-тоифадаги Мактабгача таълим бўйича марказ таъсис этилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги қарор Самарқанд Бош конференцияси доирасида расман тасдиқланиши ва сессия давомида мазкур Марказ тақдимотига бағишланган махсус тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

2025 йил 1 апрель куни ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ҳамда Самарқанд Бош конференциясига бағишлаб “Ўзбекистон Буюк ипак йўли чорраҳасида” мавзусида тадбирлар ўтказилди.

2024 йилда Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг маслаҳатлашув органи ҳисобланмиш Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказининг тўлақонли аъзосига айланди.

Ҳозирда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича ҳисобот ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКОнинг Олий таълим малакаларини тан олиш бўйича глобал конференциясини ратификация қилиш борасида иш олиб бориляпти. Мазкур ташаббуслар Самарқанд Бош конференцияси доирасида тўлиқ амалга оширилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда турли соҳаларда қатор техник кўмак ва грант лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш”, “Олий таълим соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли таълимдан фойдаланишни кенгайтириш”, “Ўзбекистонда таълим хизматлари ва сифатини яхшилаш”, “Ахборот олиш, институционал масъулият ва медиа саводхонликни кучайтириш”, “Музли кўллардаги тошқинларга нисбатан заифликни камайтириш” каби лойиҳалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон ҳозирга қадар ЮНЕСКОнинг 10 та халқаро конвенциясига қўшилган. Яна бир муҳим янгиликлардан бири 2023 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди. Мукофотнинг илк давраси ғолиблари Самарқанд Бош конференцияси доирасида ўтказиладиган махсус тадбирда тақдирланиши режалаштирилган.

“Бу йил 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКО Бош конференцияси Парижда эмас, балки Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда ўтказилади, – деди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги  ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади. – Бу Ўзбекистон учун кўплаб муҳим воқеалардан бири бўлиши мумкин, аммо ЮНЕСКО учун бу жуда долзарб тадбир ҳисоблади. Бугун бутун дунё бу ҳақда гапирмоқда, Ўзбекистон эса диққат марказида. Аввало, бундай имконият учун сизга раҳмат айтмоқчиман. ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукумати билан қарийб 30 йилдан бери яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ва, албатта, халқаро ташкилот сифатида биз 2016-2017 йилларда бошланган ислоҳотларга жуда сезгир бўлдик. Чунки фаолиятимиз маданият, таълим, алоқа ва ахборотлаштириш, шунингдек, ижтимоий ва табиий фанларни қамраб олади. Айниқса, таълим соҳаси, мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бу ўзгаришлар ЮНЕСКО томонидан ҳамиша олқишланиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан фаол қўллаб-қувватланади”.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ЮНЕСКО Бош конференциянинг Самарқандда ўтказилиши нафақат Ўзбекистоннинг жаҳон маданий-маърифий тараққиётига қўшган ҳиссасининг эътирофи, балки тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаш учун қулай имкониятдир. Ушбу анжуман халқаро даражадаги маданий алмашинув ва барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон яна бир бор жаҳон маданияти ва илм-фанининг муҳим маркази сифатидаги ролини тасдиқлайди. Шунингдек, Самарқанд конференцияси маданиятлараро мулоқот соҳасида тажриба алмашиш ва илғор усулларни кенг қўллаш учун кўприқ вазифасини ўтайди.

 

Related