Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги «Голд Фиш агро» балиқчилик кластери фаолияти билан танишди.
Жиззах вилоятида 220 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда йил якуни билан жами 23 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда.
Бу йил уларнинг сафига «Голд Фиш агро» масъулияти чекланган жамияти ҳам қўшилди. Қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган.
Кластер майдони 43 гектар бўлиб, шундан 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача сазан боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланмоқда.
Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлатгичлар ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари балиқ етиштириш жараёнини кўздан кечирди. Бу тажрибани оммалаштириб, аҳолини ҳам жалб этиш зарурлиги таъкидланди.
– Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш деяпмиз, ҳар бир хонадонда даромад манбаи яратишни ўйлаяпмиз. Мана тайёр лойиҳа. Шундай ҳовузларни етказиб бериб, тартиб-қоидасини ўргатиб, уй шароитида балиқ боқишни кўпайтириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ишлаб чиқарувчиларни хомашё ва айланма маблағ билан таъминлаб, сунъий ҳовузларни кўпроқ тайёрлаш ва жойларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу ерда Жиззах вилоятида узумчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимот қилинди.
Ҳудуд табиати узумчилик учун жуда қулай. Бундан фойдаланиб, Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Шароф Рашидов, Зарбдор ва Янгиобод туманларида 42 та кластер ташкил қилиниб, 50 минг гектар майдонда токзор ва интенсив боғлар барпо этилиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов туманида узумчилик кластери ташкил этиб, маҳсулотни кўпайтириш, энотуризмни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. Аҳолига ҳосилдор навлар бериб, узумини сотиб олишни йўлга қўйиш орқали беш минг кишининг бандлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.