Давлат ва жамоат арбоби Раҳмонқулов Миракбар Ҳожиакбарович вафоти муносабати билан ҳамдардлик

12 Fev 2026

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Раҳмонқулов Миракбар Ҳожиакбарович шу йил 11 февраль куни 74 ёшида вафот этди.

Миракбар Раҳмонқулов 1952 йил 5 октябрда Тошкент шаҳрида туғилди. 1975 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаб, Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги иқтисодиёт илмий-текшириш институтида кичик илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Олий Совети Президиумида турли лавозимларда хизмат қилди.

1992 – 1994 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи проректори вазифасида ишлаб, ташқи сиёсат соҳасида замонавий билимга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига катта ҳисса қўшди.

Миракбар Раҳмонқулов 1995 – 1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори ўринбосари лавозимларида фаолият юритиб, юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим стратегик тадқиқотларга раҳбарлик қилди.

Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига оид давлат дастурлари, концептуал ҳужжатлар ва қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Айни вақтда салоҳиятли олим сифатида минтақавий хавфсизлик масалалари, хорижий давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган қатор монография ва илмий-услубий қўлланмалар яратди.

Тажрибали сиёсатчи, фаол ва ташаббускор давлат хизматчиси сифатида М.Раҳмонқулов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик Кенгашининг котиби вазифаларида хизмат қилди. 2022 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида масъул вазифаларда ишлаб, ўзининг бой тажрибаси, чуқур билим ва салоҳияти, фидойилик ва ватанпарварлик фазилатларини намоён этди.

Сўнгги йилларда у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтига раҳбарлик қилиш билан бирга, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Миракбар Раҳмонқуловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ва II даражали “Шон-шараф” орденлари билан мукофотланган эди.

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, йирик ҳуқуқшунос олим, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Миракбар Раҳмонқуловнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади.

 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, Ш.Аюпов

Related