Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли ижодкор Салим Ашур “Дунё” АА учун буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ўз
фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий асарларининг бош мавзуси комил инсон ғоясидир. Унинг ижодида миллий ва умуминсоний қадриятлар улуғланади. Мутафаккир шоирнинг бутун ижоди инсоният маънавияти ва маърифатини, сўз санъатини юксалтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Алишер Навоийнинг ҳақида: “Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади”, – деган эди.
Ҳозирги шиддат билан ўзгараётган глобал дунёда, қуролли тўқнашувлар, кескин зиддиятлар кучаяётган шароитда беназир Алишер Навоий ижодининг тинчлик ва тараққиётни асраб-авайлаш, фаровон ҳаётни барпо этиш борасидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
XIV асрда Соҳибқирон Амир Темур туркий халқлар ва қавмларни бир салтанат туғи остида бирлаштирган даврда ягона миллатни руҳан юксалтирадиган бадиий сўзга эҳтиёж кучли эди. Шу даврнинг яловбардор шоири сифатида майдонга чиққан Алишер Навоий асарларида қардош халқларнинг бирлиги қаламга олинган.
Шу боисдан буюк шоир ижоди, бетакрор асарлари жаҳоннинг барча мамлакатларида меҳр билан ўқиб-ўрганилмоқда. Дунёнинг кўпгина пойтахтлари ва кўркам шаҳарларида шоирга муҳташам ҳайкаллар қўйилган.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотлар Алишер Навоийнинг эзгу ғояларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Ўзбекистонда 1991 йил – давлат мустақиллигининг биринчи йили Алишер Навоий йили деб эълон қилинган ва пойтахт Тошкент шаҳри марказидаги Миллий боғда улуғ шоирга музайян ва муҳташам ҳайкал-мажмуа ўрнатилган эди. Мажмуа гумбазининг ички томонида ҳазратдан бир байт – икки мисра нақш этилган:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас, душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.
Инсонпарвар шоир: “Эй, олам аҳли, қабоҳат, разолат – душманлик, дўстлик, ёрлик – эзгу иш эканини, фақат хайрихоҳлик ва муроса билан дунё тинч бўлишини, халқлар фаровон яшашини билинглар”, деб огоҳ этади.
Олам аҳлининг асрий орзу-армонларини ифода этгани учун Алишер Навоийнинг бетакрор ижоди жаҳонда юксак эътибор ва эъзоз топди, барча туркий халқларнинг ўлмас адабий меросига айланди. Юртимизда улуғ шоирнинг номи, хотирасига ҳар куни, ҳар соатда иззат, эҳтиром кўрсатилади. Асарлари китоб ҳолида қайта-қайта нашр этилади, мактабларда ўқувчилар, олий ўқув юртларида талабалар бу китобларни ўқиб ўрганадилар. Илмий доираларда ижоди ва ҳаёти юзасидан энг кўп илмий тадқиқотлар олиб борилаётган адиб ҳам, шубҳасиз, Алишер Навоийдир. Миллий ва жаҳон адабиётида Алишер Навоий сиймоси акс этган янги-янги асарлар ёзилмоқда.
2021 йилда бу борада амалга оширилаётган амалий ишлар кўлами янада кенгайди, Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди.
Ушбу мукофот Туркий давлатлар кенгаши, шунингдек, Турксой ташкилотининг илмий, маданий, маънавий-маърифий соҳалардаги фаолиятини янада кучайтириш, хусусан, туркий тилли мамлакатлар ўртасида адабий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Зеро, туркий халқлар бир ота-онанинг фарзандлари, дилбандлари бўлиб, неча-неча асрлар давомида қондошлик, жондошлик ва меҳр ришталари билан боғланганлар.
Мукофот жаҳонда туркий маданиятни тарғиб қилиш, тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, туркий халқлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қўшилган алоҳида ҳиссаси учун ҳар икки йилда бир марта топширилади.
Мукофот биринчи марта 2022 йилда буюк қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбоби марҳум Чингиз Айтматовга берилган эди. Мукофотни Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтган тўққизинчи кенгашида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровга тантанали вазиятда топширган эди. Ҳақиқатан ҳам, Чингиз Айтматов туркий халқларнинг дунёга танилган адибларидан бири, унинг асарлари 176 дан ортиқ тилга таржима қилинган, 128 мамлакатда 100 миллиондан ортиқ нусхада босилган.
Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот иккинчи бор Венгрия пойтахти Будапештда ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида “Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун” таниқли турк биокимёгари, Нобель мукофоти совриндори, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори Азиз Санжарга топширилди.
Кейинги йилларда туркий тилли давлатлар ҳамкорлигини кучайтириш, туркий халқларни янада яқинлаштириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, адабий ҳаётимизнинг муҳим воқеаси бўлган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуаси нашр этилди. Мажмуага Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Венгрия, яъни ТУРКСОЙга аъзо 8 давлат адабиёти намуналари киритилди. Мажмуада жами 133 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилган.
2025 йилда Самарқандда ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Бутунжаҳон туркий тиллар кунини таъсис этиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюцияга кўра 2025 йилнинг 15 декабр куни биринчи марта туркий тиллар куни байрам сифатида нишонланди. Айнан 15 декабрь санаси туркий тиллар куни сифатида белгиланганининг рамзий маънога бор. Маълумотларга кўра, 1893 йилнинг айнан шу куни даниялик олим Вилгелм Томсен Ўрхун битиклари алифбосини ўқиб чиққанини эълон қилган. Бу ёзма ёдгорликлар туркий тиллар оиласининг қадимий илдизларини тасдиқловчи энг муҳим манбалардан бири саналади.
Бутунжаҳон туркий тиллар куни доирасида турли маданий тақдимотлар ва тадбирлар – кўргазмалар, маърузалар, адабий кечалар, бадиий чиқишлар ташкил этилди. Уларнинг мақсади туркий тиллар оиласининг маданий ва ижтимоий аҳамиятини намойиш этиш, туркий тилли давлатларнинг маданий хилма-хиллигини ёритиш ҳамда бу тилларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида хабардорликни оширишдир.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, туркий тиллар дунё бўйлаб 12 миллион квадрат километрга яқин ҳудудда яшовчи 200 миллиондан ортиқ инсоннинг она тили ҳисобланади.
Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан кўпроқ вақт ўтди. Бу даврда шоир ижодининг қиммати, аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Туркий халқларнинг ҳар бир авлоди Алишер Навоий асарларидан ўзи учун муҳим бўлган маънавий озуқа топиб бораверади.
Шу улуғ зот номи билан аталган халқаро мукофот туркий тилли давлатлар ва халқлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилган буюк шоирнинг бугунги муносиб издошларига берилади, албатта.
Салим Ашур