Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бутун дунё қатори юртимизда ҳам давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли бу йил ҳам Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаяпти. Лекин бу байрам қалбларимизга қувонч ва шукуҳ бағишлаб, оилаларимизда, меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.
Муҳтарам дўстлар!
Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Айнан Конституциямизга таяниб, биз бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.
Биз Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишларни амалга оширдик, катта билим ва тажриба тўпладик.
Аввало, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.
Муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.
Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.
Айниқса, давлат томонидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чет элларда ҳам таъминлаш бўйича бошлаган ишларимиз хорижда яшаётган юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган меҳри ва ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Бундай натижаларга эришишда Конституция ва қонунларимиз талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги муаммолар, мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупцияга қарши кураш масалалари кенг жамоатчилигимиз иштирокида ҳал этилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. Айниқса, муҳтарам фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳам жонланмоқда. Шу йилнинг ўзида ушбу тузилмалар орқали фуқароларнинг 29 мингдан зиёд муаммолари ижобий ҳал этилгани, ўз вазифасини масъулият билан адо этмаётган раҳбарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилаётгани ҳам шундан далолат беради.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.
Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат арбитражи фаолияти йўлга қўйилди.
Адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда, Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсман томонидан ташкил этилган жамоатчилик гуруҳлари ўз вазифасини самарали амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олижаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам қўлланмоқда. Шу борадаги ишларимизнинг давоми сифатида Конституция куни арафасида яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра, шу тоифага мансуб 182 нафар шахс муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилмоқда.
Мамлакатимизда сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Турли миллат ва диний конфессиялар вакилларининг ўз тили, урф-одат ва анъаналарини ривожлантиришлари учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз. Олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш учун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз.
Аввало, Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга жорий этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиб, демократик янгиланишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини янада кенгайтириш, ижро органлари устидан вакиллик назоратини кучайтириш, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Айниқса, ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллий кенгашлар ролини ошириш, фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолияти учун зарур шароитлар яратиш эътиборимиз марказида бўлади.
Маъмурий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш борасида давлат органларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, ихчам бошқарув аппаратини шакллантириш ва иш юритишни рақамлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилади.
Яна бир муҳим вазифа амалдаги жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқишдан иборат.
Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди. Ижтимоий адолат тамойилига тўғри келмайдиган бундай чекловнинг бекор қилиниши маҳкумлар томонидан молиявий муҳтожлик туфайли такроран жиноят содир этишнинг олдини олишга хизмат қилган бўлур эди. Шунингдек, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун “дастлабки ёрдам пакети” тизими жорий этилади. Хусусан, ўзининг аниқ тадбиркорлик лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган собиқ маҳкумларга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан 10 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам берилади.
Тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашиш, жамиятда унинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирамиз. Бу борада давлат идоралари билан бирга, кенг жамоатчилик, айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг куч ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратамиз.
Азиз дўстлар!
Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, янги конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлишини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Шу маънода, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда.
Шу йил Президент сайлови олдидан бўлиб ўтган учрашувларда фуқароларимиз, кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар вакиллари томонидан билдирилган таклифларда ана шу масала алоҳида қайд этилгани конституциявий ислоҳотларни объектив зарурат сифатида кун тартибига қўймоқда.
Бу, айниқса, қуйидаги ҳолатларда яққол намоён бўлмоқда.
Биринчидан, илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарур.
Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши керак. Бу – халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир.
Учинчидан, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам давр талабидир.
Тўртинчидан, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур.
Бешинчидан, фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак.
Олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди, деб ўйлайман.
Еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур.
Саккизинчидан, ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим.
Тўққизинчидан, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур.
Олий Мажлис палаталари, ҳурматли депутат ва сенаторларимиз, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимларимиз, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлиларимиз, бутун халқимиз бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонаман.
Атоқли давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг “Яхши бўлиш учун – ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”, деган сўзларида, ўйлайманки, теран ҳаётий маъно мужассам.
Дарҳақиқат, бугунги шиддатли давр биздан замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳасини тайёрлашимиз, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш, ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни 2022 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилиш, ўйлайманки, миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлади.
Азиз ва қадрли ватандошлар!
Мана шу улуғ айёмда халқимизнинг дилидаги бир фикрни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар энди ҳеч қачон ортга қайтмайди.
Янги Ўзбекистон ғояси эл-юртимизнинг улкан интилиш ва иродаси билан умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Барчамиз ана шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашиб, ғайрат-шижоат ва масъулият билан фидокорона меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта етамиз.
Ишончим комил, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят қийин ва мураккаб, оғир синовли йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар миннатдорлик билан эслайди.
Барчамизга ана шундай буюк бахт ва шараф ёр бўлсин!
Жонажон Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин!
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Сиз, азиз ватандошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти