Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводининг очилиш маросими бўлди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
– Бугун, Янги йил арафасида ушбу қутлуғ воҳада мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган тарихий воқеага гувоҳ бўлиш барчамизга чексиз қувонч бағишлайди. Бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда саноат ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатимиз натижаси, десак, тўғри бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ушбу завод мамлакатимизда ва умуман минтақамизда нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади.
Натижадорлик жиҳатидан айтганда, бу ерда табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Хусусан, авиакеросин жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб бор. Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида Евро-6 стандартларига мос бўлади. Бу маҳсулотлар мамлакатимиздаги логистика марказларини ривожлантириш ва авиация хабларини ташкил қилишга мустаҳкам замин яратади.
Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади. Шу боис янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.
Президентимиз бугунги кунда бутун дунё “яшил иқтисодиёт”га ўтаётгани, савдо-сотиқда шу борада талаблар қўяётганини қайд этди. “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари эса жаҳондаги энг юқори экологик талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан, йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди.
– Завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади. Мени қувонтирадигани, завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, янгича ишлашга чанқоқ ёшлар. Бу тажриба келгусида мамлакатимизда янги саноат объектларини ўз кучимиз билан барпо этишда албатта жуда керак бўлади.
Бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, талабалар амалиётини шу заводда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маросимда “Uzbekistan GTL” заводининг техник директори Марсель Юрген Краузе, “Hyundai Engineering” компанияси президенти Ким Чанг Хаг, “Газпромбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Алексей Матвеев, “Air Products and Chemicals” компанияси президенти Сейфи Гасемий сўзга чиқиб, янги заводнинг аҳамиятини қайд этди.
Меҳнат фахрийлари, ишчиларнинг ота-оналари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойили шу лойиҳа мисолида намоён эканини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Маросим доирасида яна бир корхона – Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш бўйича лойиҳа қурилишига ҳам старт берилди.
Бу лойиҳанинг қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлиб, Uzbekistan GTL заводи ёнида қурилади. Унда 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобига йилига 280 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин иш ўрни очилади.
Шу тариқа, Шўртанда юртимиздаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Бу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилда 1,8 миллиард долларга етказилади. Яъни, 6 баробарга ошади.
Ушбу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хом ашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратади.
Икки янги мажмуа нафақат ўзининг маҳсулоти орқали, балки бошқа саноат соҳаларида 100 миллион долларлик бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун бозор шакллантиради.
– Бу лойиҳалар Ўзбекистонда янги саноат даврини яратиш йўлидаги илк йирик қадамларимиздан биридир. Ишончим комилки, сизлар билан бирга келгусида бу борада иқтисодиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшадиган, унинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган яна кўплаб йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширамиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари янги корхона қурилишига тамал тоши қўйди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафарини якунлаб, Тошкент шаҳрига қайтиб келди.