Шавкат Мирзиёев: Маҳалла – давлатнинг замини

18 Fev 2022

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳаёти билан танишди.

Бу ерда 11 та кўп қаватли уй бўлиб, 4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла ҳудудида касб-ҳунар коллежи, мактабгача таълим муассасаси, дорихоналар, дўкон ва маиший хизмат шохобчалари бор.

Илгари бу ер бироз эътибордан четда қолган эди. Ўтган йили “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудуд ободонлаштирилди. Болалар ўйингоҳи, спорт майдончаси, савдо ва касаначилик дўконлари барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси билан суҳбатлашди.

– Халқимиз мана шундай обод, чиройли жойларда яшашга муносиб. Ишларни маҳаллабай ташкил этаётганимиздан мақсад шу. Энди бу ерда муҳит, қўни-қўшничилик, аҳиллик ҳам мустаҳкам бўлиши керак. Миллий қадриятларимиздагидек тадбирлар уюштириш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Фуқаролар йиғинининг янги биносида маҳалла фаоллари, нуронийлар билан мулоқот бўлди.

– Бу – давлатнинг замини, – деди Президентимиз. – Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Кўраяпсизлар, замон таҳликали бўлиб турибди. Қийинчиликсиз оила бўлмаганидек, қийинчиликсиз давлатнинг ўзи йўқ. Биз ҳам сабр билан, илм билан, меҳнат ва ҳаракатимиз билан режаларимизни амалга ошираяпмиз.

Мамлакатимиздаги янги тизим асосида Янгиҳаёт туманидаги 30 та маҳаллага ҳам ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари тайинланган.

– Илгари одамлар муаммолар бўйича ҳокимиятга борарди, хатлар ёзарди. Энди ҳар бир маҳаллада Президентнинг вакиллари бор. Энди улар хонадонларни ўрганиб, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмаклашиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш бўйича ишларни йўлга қўйишлари зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Related